6.Буйруқ мазмунли матнлар (Le texte injonctif – инжонктив матн). Буйруқ ҳамда маслаҳат оҳанги етакчилик қиладиган, буйруқ майлидаги гаплардан тузилган, бирор ишни бажартириш ёки турли таъқиқлашларни ифода этадиган матн типига буйруқ мазмунли матн дейилади. Асосан қаҳрамонлар нутқида кузатилади. Лекин муаллиф нутқида маслаҳат ёки тавсия маъносида қўлланилиши ҳам маълум. Масалан:
Одат. Ишдан нега кеч келганингизни суриштирса, хайрон бўлманг. Бўйинбоғингизни ечишга кўмаклашиш баҳонасида ёқангизни ҳидлаб кўрса, ҳайрон бўлманг. Мажлисда нима масала кўрилганини сўраса, ҳайрон бўлманг. Кимнинг ёнида ўтирганингизни сўраса, ҳайрон бўлманг. Телефонингиз ранги қанақалигини сўраса, ҳайрон бўлманг. Неча киши қўнғироқ қилганини сўраса ҳайрон бўлманг. Қаерда тушлик қилганингизни сўраса, ҳайрон бўлманг. Буфет нечанчи қаватдалигини сўраса, ҳайрон бўлманг. Нима овқат еганингизни сўраса, ҳайрон бўлманг. Сизга чойни қайси қўли билан узатганини сўраса, ҳайрон бўлманг! Борингки, офтоб қайси томондан чиққанини сўрасаям ҳайрон бўлманг. Қизиқувчанлик – аёлнинг табиий одати! (Ў.Ҳошимов)
***
Бузилган никоҳ. Уйни қонуний бўлашдингиз… Мол-мулкни қонуний бўлашдингиз… Муҳаббат бўлакланди… Садоқат бўлакланди… Бола-чи? Болани қайси қонун билан бўлашасиз? Онаси билан бўлса, отасиз қолса. Отаси билан бўлса, онасиз қолса… Яхшиси, униям иккига бўлинг! Бир нимтаси-эрига! Бир нимтаси-хотинга! Қани кўтаринг болтани, боланинг уволи тутгурлар! (Ў.Ҳошимов)
***
Тириклар ва ўликлар. Вақти-вақти билан қабристонга борасиз. Аждодларингиз бошида туриб ўтганлар руҳини хотирлайсиз… Кейин… ўз юмушингиз билан кетасиз.
Шошилманг. Дунё иши битганмас… Иложи бўлса, қабристонни осойишта айланинг. Шунда… ғалати ҳолат рўй беради. Марҳумлар сизга кў-ў-ўп нарсалар айтади…
Ишонинг, ўликлар тириклардан кўра теранроқ фикрлайди… (Ў.Ҳошимов)
7.Ҳиссий ифода мазмунли матнлар (Le texte expressif - экспрессив матнлар). Инсоннинг ички кечинмаларини, воқеликка муносабатини, ўзига хос пафос билан ифодалаш мақсадида тузилган матнлар ҳиссий ифода мазмунли матн дейилади.
Эрта баҳор – чексиз соғинчнинг уфқи. Музга айланишдан бош тортган исёнкор томчилар ёмғир бўлиб тўкилмоқда. Ёмғирнинг дарахтга, куртакнинг томчига айтадиган «шивири» йиғилганей-йиғилган. Хўнграб-хўнграб, бўзлаб-бўзлаб дил розини айтаётган эрта баҳор булути аслида осмон дардидан сўз очишга ботинган асов ғалаён. Ниш урмиш куртакка насиб этган ёмғир томчиси кўкнинг беқиёс эҳтироси парчаси. Ёмғир «шивири» умидларга тўла дарахт таъзимига кутилмаганда дуч келса, бу ажиб бир шоёнлик таваллуди. Аслида бу «шивир-шивирлар» ришта холос. Аслида улкан осмоннинг жажжи заминга айтадиган дарди кўп-ей... Замин эса дил изҳорини миннатдор тинглар экан, жажжи дарахтлари, энди унажак ўт-ўлани-ю, чамбар гуллари-ла таъзим этади.
Еру-осмон, дарахту ёмғир, ниш уриш орзусидаги куртагу, унга лаб тегизган томчи, кўкдаги булутдан барқини кутган майсалар, чечаклар ямоқчи соғинч дардида бутун бўладилар энди. Биламан, замин-у фалак висоли хаёлий уфқдагина намоён. Биламан... Аммо... Қалбим зулфларига урилган шивир-шивирларни сезмасликни эплай олмаяпман. Соғинч – умрим ямоғи... (Ё.Акрам)30
Бирор бир бадиий матнда санаб ўтилган матн типларининг ҳаммаси ёки айримлари иштирок этган бўлиши мумкин. Ёҳуд бутун бошли асар юқорида зикр этилган матн типларидан фақатгина биттаси асосида шаклланган бўлиши ҳам мумкин.
Назорат учун савол ва топшириқлар
1.Матн ҳажм ва мазмун белгисига кўра қандай типларга бўлинади?
2.Ҳажм белгисига кўра матн типлари ҳақида маълумот беринг.
3.Мазмуний ўқ тушунчасини изоҳланг.
4.Мотивацион яхлитлик ва композицион бутунлик тушунчаларини изоҳланг.
5.Микроматн ва макроматн ҳақида маълумот беринг.
6.Абзацнинг ташкилий қисмлари ва структурал кўринишлари ҳақида маълумот беринг.
7.Тема-рематик муносабат тушунчасини изоҳланг.
8.Ифода мақсадига кўра матннинг қандай типлари мавжуд?
9.Тасвирдаги бирламчи ва алоқадор хусусиятлар ҳақида маълумот беринг.
10.Ҳиссий ифода мазмунли матн деб нимага айтилади?
Do'stlaringiz bilan baham: |