Болалар билимини текшириш ва мустаҳкамлаш учун саволлар:
1. Менда 7 та қалам бор, Улуғбекда 8 та. Кимнинг қалами битта
ортиқ, кимники битта кам?
2. Сизда 10 та олма бор, ўртоғингизда 9 та. Кимники битта ортиқ?
3. Менда 15 та ёнғоқ бор, сизда 16 та. Кимнинг ёнғоғи битта ортиқ,
кимники битта кам?
4. Сизда 20 та қалам бор, ўртоғингизда 19 та. Кимники битта кам?
5. Дафтарлар 19 та, болалар 20 та. Болаларга биттадан дафтар берсак,
ҳамма болаларга дафтар етадими?
Фаолият якунида болаларни рағбатлантириш.
Мавзу: Турли геометрик шакллар йиғмасидан ҳар хил ўйинлар ўйнаш
Мақсад:
Болаларнинг геометрик шакллар ҳақидаги тасаввурларини ривожлантириш.
Кутилаётган натижалар:
Болаларда геометрик шакллар ва атрофдаги нарсалар орасидаги ўхшашликлар ҳақида тушунчалар мустаҳкамланади.
Бир тўплам геометрик шакллардан аниқ буюмларни, нарсаларни ва иморатларни ясай олишни ўрганадилар.
Болалар мустақил фикрлашга ва ҳар бир ишга ижодий ёндашишга ўрганадилар.
Керакли жиҳозлар:
Турли ўлчамдаги геометрик шакллар
Ромб, бешбурчак, доира, овал геометрик шаклларидан медальионлар
Геометрик шакллар атрибути
Ҳар бир болага саккизбурчак шакли
Фаолиятнинг бориши:
Тарбиячи: Болажонлар, сизлар геометрик шаклларни жуда яхши танийсизлар, тўғрими? Ҳозир мен сизларга турли геометрик шакларни кўрсатаман сизлар унинг номини айтасизлар?
Тарбиячи доира, овал, учбурчак, тўғри тўртбурчак, бешбурчак, олтибурчак, ромб, квадрат шаклларини кўрсатади, болалар уларнинг номларини тўғри айтиб беришлари керак.
Бугун болажонлар турли геометрик шакллар ёрдамида қизиқарли ўйинлар ўйнаймиз.
Бунинг учун кичик жамоаларга бўлиниб оламиз. Кичик жамоаларга бўлиниш учун ҳар бир бола “Ромб”, “Квадрат”, “Доира”, “Овал” шаклларидаги медальионидан биттасини танлаб олади ва шу шакл турган столга бориб ўтиради.
Мана “Ромб”, “Бешбурчак”, “Доира”, “Овал” номли жамоаларга бўлиниб олдик.
Ҳар бир жамоа турли геометрик шакллардан хоҳлаган нарсаларини ясайдилар. Бунинг учун ҳар бир столда турли геометрик шакллар тўплами, плакат ва елим қўйилган. Берилган вақтда ишни тугатгандан сўнг, ҳар бир жамоа ўз плакатларида геометрик шакллардан нималарни ясаганликларини изоҳлаб берадилар.
Энди болажонлар, ҳаммамиз биттадан саккиз бурчак шаклини оламиз.
Шаклларни олиб 4 тадан бўлиб қаторга туринг, ҳозир шакллар билан машқ бажарамиз. Ҳаммамиз шаклни кўкрагимиз ёнида ушлаймиз, қўлимизни баландга кўтарамиз, қўлимизни олдинга тўғрига узатамиз. (Бу ҳаракатлар 4 марта бажарилади).
Қўлимиздаги шаклни полга қўямиз ва устида турли машқлар бажарамиз. (Тарбиячи ва болалар ўзлари хоҳлаган ҳаракатларни бажаришлари мумкин).
Энди болажонлар, мана шу шаклларни бирлаштириб битта гиламча ясаймиз.
Do'stlaringiz bilan baham: |