ПМ пистолетининг жангини текшириш ва уни меъёрий жанговар ҳолатга келтириш
Пистолетларнинг уришини текшириш офицерлар ёки моҳир ўқчилар томонидан пистолетлар бириктирилган ҳарбий хизматчилар иштирокида амалга оширилади. Катта бошлиқлар, шу жумладан қисм командири пистолетларнинг уришини текшириш ва уларни нормал урадиган ҳолатга келтириш қоидаларига қатқий риоя қилинишини таъминлашлари шарт.
Текширишдан олдин пистолетлар синчиклаб кўздан кечирилади ва аниқланган камчиликлар бартараф этилади.
41-расмда 9 мм ли Макаров пистолетининг умумий кўриниши кўрсатилган.
41-расм. 9 мм ли Макаров пистолетининг умумий кўриниши
Текширишда қурол техниги (устаси) зарур асбоблари билан қатнашиши шарт.
Текшириш қулай шароитларда: шамолсиз очиқ об-ҳаво шароитларида ёки ёпиқ тирларда ёхуд шамолдан тўсилган отиш майдончаларида ўтказилади.
Пистолетнинг уришини текшириш бир тўпдан (партиядан) олинган ўқлар билан 25 м га ўқ узиш йўли билан амалга оширилади.
Пистолетдан бўйи 1 м, эни 0,5 м тахтага маҳкамланган 25 см диаметрли қора доирага қарата ўқ узилади.
42-расм. Синов нишони ёрдамида пистолетни нормал урадиган ҳолатга келтиришга мўлжалланган 25 см диаметрли қора доира.
Мўлжалга олиш нуқтаси бўлиб, қора доира пастки четининг ўртаси ёки доира маркази хизмат қилади. Мўлжалга олиш нуқтаси отаётган ўқчининг кўзи билан бир сатҳда бўлиши керак.
Мўлжалга олиш нуқтаси доиранинг маркази бўлган тақдирда юқоридан туширилган тўғри чизиқ бўйлаб мўлжалга олиш нуқтасининг юқорироғидан (бўр, рангли қалам билан), нишон нуқтасидан 12,5 см юқорида бўлиши керак бўлган ёки унга мос келиши керак бўлган, ўртача уриш нуқтасининг нормал ҳолати белгилаб қўйилади.
Пистолетнинг уришини текшириш тик турган ҳолда қўлдан ёки таянчдан (чим, қипиқ тўлдирилган қоп) ўқ узиш йўли билан амалга оширилади.
Таянчдан ўқ узганда пистолет ушлаган қўлнинг билаклари таянчга тегмаслиги керак.
Пистолетнинг уришини текшириш учун ўқчи нишонни синчиклаб ва бир хил мўлжалга олиб кетма-кет тўрт марта ўқ узади. Отиш якунлангач, нишон кўздан кечирилади ва тешикларнинг жойлашишига қараб уриш зичлиги ва ўртача уриш нуқтасининг ўрни аниқланади.
Агар тўртала тешик (камида учта тешик, биттаси узоқлашган) диаметри 15 см бўлган айланада жойлашган бўлса, пистолетнинг уриш зичлиги нормал ҳисобланади.
Уриш зичлиги қониқарли бўлса, командир ўртача уриш нуқтасини аниқлайди ва унинг назорат нуқтасидан оғиш катталигини сантиметрли линейка билан ўлчайди. Ўлчаш қулай бўлиши учун назорат нуқтасидан (бўр, рангли қалам билан) иккита - вертикал ва горизонтал чизиқ ўтказилади.
Тўртта тешикка қараб ўртача уриш нуқтасини аниқлаш учун исталган икки тешикни тўғри чизиқ билан бирлаштирамиз ва бу масофани тенг иккига бўламиз; ҳосил бўлган нуқта учинчи тешик билан бирлаштирилади ва улар ўртасидаги масофа тенг уч бўлакка бўлинади; дастлабки икки тешикка яқин бўлиш нуқтаси тўртинчи тешик билан бирлаштирилади ва улар ўртасидаги масофа тўртта тенг бўлакка бўлинади.
Тўртинчи тешикдан уч бўлиниш кам бўлган нуқта тўртала тешикнинг ўртача уриш нуқтаси бўлади (43-расм).
Do'stlaringiz bilan baham: |