Мавзу: 5. Давоми Ёнғин хавфсизлиги. Ёнғинга қарши кураш.
Режа:
1. Ёнғиндан сақлаш хизмати.
2. Ёнғинни ўчириш усуллари ва воситалари, турлари, хусусиятлари ва уларга қўйиладиган талаблар.
3. Ёнғин офатида иншоотлардаги фуқароларни эвакуация қилиш тартиби, ёнғинга қарши тўсиқлар, хусусиятлари, ёнғин даракчилари ва алоқа тизими.
Таянч сўз ва иборалар: ёнғин хавфсизлиги, ёнғиндан сақлаш хизмати, ёнғинни ўчириш усуллари, ёнғинни ўчириш воситалари, ёнғинга қарши тўсиқлар, ёнғин даракчилари, алоқа тизими, эвакуация йўллари.
Ёнғиндан сақлаш хизмати - одамларнинг ҳаёти ва соғлиғини, юридик ва жисмоний шахсларнинг мол-мулкини, атроф табиий муҳитни ёнғинлардан ҳимоя қилиш, шунингдек объектларда, аҳоли пунктларида ҳамда бошқа ҳудудларда ёнғин хавфсизлигини талаб даражасида сақлаб туриш мақсадида белгиланган тартибда ташкил этилган бошқарув органлари, кучлар ва воситалар мажмуидир.
Ёнғиндан сақлаш хизматининг асосий вазифалари:
ёнғинлар профилактикасини ўтказиш ва ёнғин хавфсизлиги талабларига риоя қилиниши устидан назоратни амалга ошириш;
ёнғинларни ўчириш, ёнғин зонасида қолган одамларни ҳамда юридик ва жисмоний шахсларнинг мол-мулкини қутқариш.
Ёнғиндан сақлаш хизмати кучлари ва воситаларининг ёнғинлар профилактикаси ҳамда ёнғинларни ўчириш билан боғлиқ бўлмаган ишларни бажаришга жалб қилинишига, агар қонун ҳужжатларида бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, йўл қўйилмайди.
Ёнғиндан сақлаш хизматининг турлари:
Ёнғиндан сақлаш хизмати давлат, идоравий ва кўнгилли ёнғиндан сақлаш хизматларига бўлинади.
Давлат ёнғиндан сақлаш хизмати ёнғиндан сақлаш хизматининг асосий туридир ва у Давлат ёнғин хавфсизлиги хизмати томонидан амалга оширилади.
Давлат ёнғин хавфсизлиги хизматининг бўлинмалари туманлар, шаҳарлар ва бошқа аҳоли пунктларида, ўта муҳим давлат аҳамиятига молик ёки ёнғин ва портлаш хавфи юқори бўлган объектларда белгиланган тартибда ташкил этилади.
Давлат ёнғин хавфсизлиги хизматининг тузилиши, вазифалари, функциялари, ташкил этилиши ва фаолият юритиш тартиби қонун ҳужжатларида белгиланади.
Давлат ёнғин хавфсизлиги хизматининг шахсий таркиби тегишли штат лавозимларида турган ўт ўчирувчи-қутқарувчилар, сержантлар ва офицерлар таркибидан бўлган шахсларни (ходимларни) ва махсус унвонга эга бўлмаган шахсларни (хизматчиларни) ўз ичига олади.
Давлат ёнғин хавфсизлиги хизматининг ходимларига нисбатан ички ишлар органларида хизматни ўташни тартибга солувчи низомлар амал қилади.
Давлат ёнғин хавфсизлиги хизматининг хизматчиларига нисбатан меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатларида белгиланган қоидалар амал қилади.
Давлат ёнғин хавфсизлиги хизматининг шахсий таркиби белгиланган намунадаги хизмат кийимига ва фарқлаш белгиларига эга бўлади.
Давлат ёнғин хавфсизлиги хизмати шахсий таркибининг ҳаёти ва соғлиғи давлат ҳимоясидадир ҳамда белгиланган тартибда давлат томонидан мажбурий суғурта қилиниши лозим.
Идоравий ёнғиндан сақлаш хизмати ваколатли органларда ва ташкилотларда уларга қарашли объектларнинг ёнғин хавфсизлигини таъминлаш учун ташкил этилади.
Идоравий ёнғиндан сақлаш хизмати бошқарув органлари ва бўлинмаларининг фаолиятини ташкил этиш, шунингдек шахсий таркибнинг хизматни ўташ тартиби тегишли ваколатли органлар ва ташкилотлар томонидан Давлат ёнғин хавфсизлиги хизмати билан келишилган ҳолда белгиланади.
Кўнгилли ёнғиндан сақлаш хизмати фуқаролар ва жамоат бирлашмаларининг ташкилотларда, аҳоли пунктлари ва бошқа ҳудудларда ёнғин хавфсизлиги чора-тадбирларини таъминлашда, ёнғинларни ўчиришда иштирок этишининг шаклидир.
Кўнгилли ёнғиндан сақлаш хизмати бўлинмалари дружиналар ва (ёки) командалар тарзида ташкил этилади ҳамда тегишли маъмурий-ҳудудий бирликнинг ёнғин хавфсизлигини таъминлаш тизимига киради.
Кўнгилли ёнғиндан сақлаш хизмати бўлинмаларини ташкил этиш ва уларнинг фаолият юритиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.
Идоравий ва кўнгилли ёнғиндан сақлаш хизмати бўлинмалари ҳисобга олиш рўйхатидан ўтказилиши керак.
Идоравий ва кўнгилли ёнғиндан сақлаш хизмати бўлинмаларини ҳисобга олиш рўйхатидан ўтказишни амалга ошириш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги хузуридаги Ёнғин хавфсизлиги бош бошқармасининг вазифаси давлат мулкини, фуқоролар шахсий мулкини ёнғиндан муҳофаза қилиш, аҳоли ўртасида ёнғинни олдини олиш профилактика ишлари ва чора - тадбирларини тарғибот қилиш ҳамда шу соҳа бўйича назорат ишларини олиб боришдан иборатдир.
Ёнғин хавфсизлиги бош бошқармаси қуйидаги вазифаларга масъулдир:
- барча идора, ташкилот ва алоҳида шахслар учун мажбурий бўлган ёнғин муҳофазасига доир қоидалар, меъёрлар, юриқномалар ишлаб чиқиш ва жорий этиш;
- саноат, фуқаро бино ва иншоотларини, аҳоли яшаш масканларини лойиҳалаш, қуришда ёнғин хавфсизлиги қоидалари меъёрларининг бажарилишини текшириш;
- барча ташкилотлар, муассасалар, корхоналардаги ўт ўчириш бўлинмаларининг шайлигини ва ўт ўчириш воситаларининг созлигини қаттиқ назорат қилиш ва текшириш.
Ёнғин хавфсизлиги бош бошқармаси зиммасига юклатилган вазифани тўлиқ бажариши учун қуйидаги ҳуқуқларга эга:
- барча саноат бино ва иншоотларида ёнғин хавфсизлиги ҳолатини аниқлаш ва йўл қўймаслик учун текшириш;
- корхоналар маъмурияти ва алоҳида шахслардан ваколати доирасидаги объектларда ёнғин ҳолатини аниқлаш мақсадида тегишли хужжатларни талаб қилиш;
- ёнғин хавфсизлиги қоидалари бузулганлигини аниқлаганда корхона раҳбарларига бузилиш ҳолатларини бартараф этиш бўйича белгиланган муддатда мажбурий фармойиш ва кўрсатмалар бериш;
- ёнғин ва портлаш хавфини юзага келтирувчи қоида бузилишларини аниқлаганда уларни бартараф этгунча корхона фаолиятини бутунлай ёки қисман тўхтатиб қўйиш;
- ёнғин хавфсизлиги қоидаларининг бузулиши ёки бажарилмаслигида айибдор бўлган кишиларни ўрнатилган тартибда, қонун доирасида маъмурий ёки жиноий жавобгарликка тортиш.
Бирламчи ўт ўчириш воситалари:
1. Ёнғин ўчириш воситалари бўйича ўт ўчириш воситалари қуйидаги турларга бўлинади:
- кўпикли (ҳаво-механик кўпикли);
- кукунли (натрий бикарбонати);
- углекислотали (СО2);
- аэрозолли (хлодонли, бром этилли, бром метиленли ва ҳ.к.);
- суюқлик (сув, сув билан намловчилар аралашмаси);
- аралашмали (қоришиқли).
2. Ҳажм бўйича ёнғин ўчириш воситалари қуйидаги турларга бўлинади:
- кичик ҳажмли, ҳажми 5 л. гача;
- ўрта ҳажмли (саноатдаги), ҳажми 5 дан 10 л. гача;
- муқим ўрнатилган ва кўчма, ҳажми 10 л. дан юқори.
3. Ёнғин ўчириш воситаларини ўт ўчиргичлардан узатилиши бўйича қуйидаги турларга бўлинади:
- ўт ўчиргич қисмида жойлашган махсус кичик идишда ишчи газ босими остида;
- ўт ўчиргичнинг корпусига олдиндан ҳайдалган газ босими остида;
- ёнғин ўчириш воситаларини ўзининг босими остида.
4. Ўт ўчириш воситаларини ишга тушириш бўйича қуйидаги турларга бўлинади:
- жўмракли;
- пистолет шаклидаги ёпиб-очиш мосламаси билан;
- пиропатрон орқали ишга тушириш;
- доимий босим манбаи орқали ишга тушириш.
Ҳар қандай ёнғинни ўчиришда ёнғиннинг кучайишига олиб келадиган омилларни ва шароитни аниқлаш муҳимдир. Бунда ёнишнинг давом этишини тўхтатувчи шароит яратиш катта рол ўйнайди.
Ёнишдан ҳосил бўлган маҳсулотлар асосан қаттиқ чангсимон моддалар, буғлар ва газлардан иборат бўлади. Улар туфайли ҳосил бўладиган ҳарорат эса модданинг ёнганда иссиқлик ажратиши, ёниш тезлиги ва аланганинг тарқалиши, шунингдек, бинонинг ҳажми ва ҳаво алмашиш шароитларига боғлиқ бўлади.
Ёнғин вақтида кўп миқдорда инерт газлар, ёнувчи газлар ва шунингдек, тутун ажралиб чиқади. Ёнувчи газларнинг асосий қисми заҳарли бўлиб, уларнинг зарарли таъсири ёнаётган материалларнинг тури ва ёнишнинг жадаллигига боглиқ.
Ёнғинга қарши муҳофаза қатламлари ёнганда (бром бирикмалари ва хлор), ёғоч материаллар, полимер қурилиш материаллари ва бошқа жуда кўп ҳолларда зарарли таъсири бор, жумладан, заҳарли газлар ажралиб чиқади. Тўла ёниб бўлмаган қолдиқ маҳсулотлар қизигандан кейин ва соф аланга оқим таъсирида қайтадан аланга олиб кетиши мумкин.
Do'stlaringiz bilan baham: |