Ёнғин вақти 3 фазага бўлинади:
Биринчи фазада (5 дан 30 дақиқагача) - ҳарорат секин кўтарилади ва фазанинг охирида тез кўтарилади. Масалан, эшик ва деразалар ёпиқ бўлиб ҳаво етишмаслиги натижасида ёнғин кичик миқёсда кечади, бунда иссиқлик йиғила бориб, кейинги фазанинг бошланишини таъминлайди.
Иккинчи фазада - аланга жадал тарқалиб, ҳарорат тез кўтарилади (ўзининг «мах» қийматига эришади). Бунда аланга иншоотнинг ташқари қисмига ҳам чиқиши кузатилади.
Учинчи фазада - ёнувчи нарсаларнинг ёниб бўлиши оқибатида ҳароратнинг пасайиши кузатилади.
Ёнғиннинг тарқалиш тезлиги ҳам хар ҳил бўлади. Ёғочдан қурилган биноларда аланганинг тарқалиш тезлиги 1-2 м/мин; ёнмайдиган конструкцияларда 0,3-0,4 м/мин; ёнувчан эритувчилар ёнганда 10-15 м/мин.га тенг бўлади.
Ёниш - ёнувчи маҳсулотлар билан оксидловчилар орасида ўзаро таъсир натижасида бўладиган мураккаб физикавий-кимёвий жараён, бунда иссиқлик ва ёруғлик нурларининг ажралиши кузатилади. Демак, ёниш жараёнининг пайдо бўлиши учун ёнувчи материал, ёндирувчи манба ва оксидловчилар бўлиши зарур.
Ҳаво таркибидаги кислород миқдори 14-16% бўлганда ёниш тўхтайди ва туташ бошланади. Агар кислород миқдори 8-10% га камайганда туташ ҳам тўхтайди.
Ёнғин содир бўлганда ёндирувчи манбалар очиқ (учқун, ёруғлик кучлари, аланга ва чўғланган предметлар) ва берк ҳолатда (ишқаланиш, катта куч билан уриш, кимёвий реакциянинг иссиқлиги, микробиологик жараёнлар ва ҳоказо) бўлиши мумкин.
Ёнувчи материаллар - қаттиқ, суюқ ва газсимон бўлиши мумкин, масалан, тахта, киноплёнка, нитроцеллулоза, кимёвий эритувчи суюқликлар, водород, метан, пропан, кўмир ва ҳоказолар.
Оксидловчиларга - кислород, бром, хлор, натрий пероксиди, нитрат кислотаси, бертоле тузи киради.
Ёниш пайтида ҳосил бўладиган «Мах» ҳарорат миқдори ёнувчи материал турига боғлиқ бўлади. Масалан, қоғозда - 510°С, суюқ ёқилғида - 110-1300°С, тахтада - 1000°С, газли ёқилғида – 1200-1300°С ҳосил бўлади.
Предметлар ёнишининг қуйидаги турлари мавжуд: ёниш, алангаланиш, ўз-ўзидан ёниш ва ўз-ўзидан алангаланиш.
- ёниш (ўт олиш) - бу суюқ ёки қаттиқ материалларнинг буғ фазасидаги ёнишидир. Ўт олиш тез ёнувчан (45°С гача) ва ёнувчан суюқликларга (45°С дан юқори) бўлинади. Тез ёнувчиларга: ацетон, скипидар, спирт, бензин, керосин, сероуглерод ва соляр мойи, секин ёнувчиларга эса - минерал сурулувчи мойлар, тормоз суюқликлари киради.
- алангаланиш - бунда материал қайнаш ҳароратигача қизиб, ёнишда ва туташда давом этади. Бу жараёнда ҳам буғ, учувчан углеводородлар ва бошқа ёнувчан аралашмалар ҳосил қилади. Алангаланиш ҳарорати ўт олиш ҳароратидан анча баланд бўлади.
ўз-ўзидан алангаланиш - бу ёнишга ўтаётган жараёнда ҳароратига қараб 2 гуруҳга бўлинади: алангаланувчининг ҳарорати атроф муҳит ҳароратидан баланд бўлиши ёки паст бўлиши мумкин.
Биринчисида материалларнинг қизиши натижасида ёнади, иккинчисида эса қизимасдан ёнади. Ўз-ўзидан алангаланувчиларга - ёғ, кўмир, торф, сомон, шелуха, ёғоч қипиғи, сариқ фосфор ва ҳоказолар киради.
- ўз-ўзидан ёниш - бу оксидловчиларнинг иссиқлик жараёнлари ва микроорганизмларнинг фаолияти натижасида материалларнинг ёниш жараёни.
Моддаларнинг ўз-ўзидан қизиб, ўт манбаи иштирокисиз тўлиқ ёниш билан якунланадиган экзотермик реакция ўз-ўзидан ёниш дейилади. Ўз-ўзидан ёниш ҳарорати паст бўлган моддалар жуда хавфли ҳисобланади. Моддалар ўз-ўзидан ёнишга мойиллиги бўйича тўрт синфга бўлинади:
Биринчи синфга табиий ўсимликлар (пичан, қипиқ, сомон) киради. 60-70°С да биологик жараён кимёвий оксидланиш жараёнига ўтиб, ўз-ўзидан ёниш билан якунланади.
Иккинчи синфга торф ва кўмир киради. Нормал ҳароратда кўмир оксидланиб, қизиб, ўзидан ўзи ёниб кетади. Торф 60°С да қизиб оксидланади.
Учинчи синфга ёғ ва мойлар киради. Таркибида тўйинмаган карбон водородли бирикмалар бўлган ўсимлик мойи ва ёғлар оксидланиш, полимерланиш хусусиятига эга.
Тўртинчи синфга кимёвий моддалар ва аралашмалар киради. Улар, ўз навбатида, уч гуруҳга бўлинган:
Биринчи гуруҳга ҳаво билан тўқнашганда алангаланадиган моддалар киради. Масалан, оқ фосфор, фосфор, фосфор водороди, рух ва алюминий кукуни, арсин, стибин, фосфин, ёғоч, кўмир, кул, металлоорганик бирикмалар. Фосфор галогенли бирикмалар металл билан бирикади, оксидланади. Оксидловчи билан аралашиб портлайди (селитра, хлорат, перекис). Калий, калций, темир, натрий сулфидлари оксидланиб ўзидан ўзи ёниб кетади.
Иккинчи гуруҳга сув билан аралашиб алангаланадиган моддалар киради. Масалан, ишқорий металлар, калций карбиди, ишқорий металлар гидриди, калций ва натрий фосфорити, силанлар, натрий гидросулфиди ва бошқалар сув билан бирикиб, ёнадиган, алангаланадиган газлар ҳосил қилади. Металл карбидлари ҳам хавфли ҳисобланади.
Учинчи гуруҳга органик моддалар билан қўшилганда алангаланишга олиб келадиган оксидловчилар киради. Масалан, кислород галогенлар, азот кислотаси, барий ва натрий перекиси, калий перманганати, хром ангидриди, қўрғошин оксиди, селитра, хлорат, перхлоратлар, хлорли оҳак ва бошқалар. Ацетилен, водород, этилен хром билан аралашиб, нур таъсирида ўзидан ўзи ёнади ва портлайди.
Юқорида айтилган барча хавфли кимёвий моддалар турига қараб омборларда алоҳида сақланиши ва кўрсатмаларга асосланиб ишлатилиши талаб қилинади.
Do'stlaringiz bilan baham: |