ФВДТнинг ҳар бир даражаси қуйидагиларга эга бўлади:
1. Раҳбар органлар.
2. Кундалик бошқарув органлари.
3. Фавқулодда вазиятлар оқибатларини бартараф этиш куч ва воситалари.
4. Фавқулодда вазиятлар оқибатларини бартараф этиш учун молиявий ва моддий ресурслар захиралари.
5. Хабар бериш, алоқа, бошқарув ва ахборот билан таъминлашнинг автоматлаштирилган тизимлари (БАТ).
ФВДТ раҳбар органлари - бу аҳолини ва ҳудудларни фавқулодда вази-ятлардан муҳофаза қилиш масалаларини ҳал этиш ваколатига кирадиган давлат бошқаруви, маҳаллий ҳокимият органлари ва объектлар маъмуриятидир.
ФВДТнинг кундалик бошқарув органлари - бу ФВДТнинг тегишли ҳудудий ва функционал қуйи тизимларига ҳамда унинг бўғинларига бевосита кундалик бошқарувни амалга оширувчи бошқарув органларидир. Улар қуйи-дагиларни ўз ичига олади: Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар фавқулодда вазиятлар бошқармалари; шаҳарлар ва туманлар фавқулодда вазиятлар бўлимлари; объектларнинг фавқулодда вазиятлар бўлимлари (шўъбалар ёки махсус тайинланган мансабдор шахслар); вазирликлар ва идораларнинг давлат назорати органлари (назорат-инспекция хизматлари); вазирликлар ва идораларнинг фавқулодда вазиятлар бўлимлари (шўъбалар ёки махсус тайинланган мансабдор шахслар); Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг фавқулодда вазиятларни бошқариш маркази; фавқулодда вазиятлар бошқармалари (бўлимлари)нинг тезкор-навбатчилик хизматлари; вазирликлар, идоралар ва объектларнинг навбатчи-диспетчерлик хизматлари.
ФВДТнинг асосий вазифалари:
1. Тинчлик ва ҳарбий даврда аҳолини ва ҳудудларни фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш соҳасида ҳуқуқий ва иқтисодий меъёрий ҳужжатларнинг ягона концепциясини белгилаш, ишлаб чиқиш ва амалга ошириш.
2. Республика ҳудудида юзага келиши мумкин бўлган техноген ва табиий хусусиятли фавқулодда вазиятларни прогнозлаш, уларнинг ижтимоий-иқтисодий оқибатларини баҳолаш.
3. Фавқулодда вазиятларнинг олдини олишга, одамлар хавфсизлигини таъминлашга, хавфли технологиялар ва ишлаб чиқаришларнинг таваккалчилигини пасайтириш, мулкчилик шаклидан ва идоравий бўйсинишидан қатъи назар, иқтисодиёт тармоқлари, корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар фаолият кўрсатишининг барқарорлигини оширишга қаратилган мақсадли ва комплекс илмий-техник дастурларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш.
4. Бошқарув органлари ва тизимларнинг фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва уларни бартараф этиш учун мўлжалланган куч ва воситаларининг доимий тайёрлигини таъминлаш.
5. Аҳоли ва ҳудудларни фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш соҳасидаги ахборотларни йиғиш, ишлаб чиқиш, алмашиш ва бериш.
6. Аҳолини, бошқарув органларининг мансабдор шахсларини, ФВДТ кучлари ва воситаларини фавқулодда вазиятларда ҳаракат қилишга тайёрлаш.
7. Фавқулодда вазиятларни бартараф этиш учун молиявий ва моддий ресурслар захираларини яратиш.
8. Аҳолини ва ҳудудларни фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш соҳасида давлат экспертизаси, назорати ва текширувини амалга ошириш.
9. Фавқулодда вазиятлар оқибатларини бартараф этиш.
10. Фавқулодда вазиятлардан зарар кўрган аҳолини ижтимоий муҳофаза қилишга оид тадбирларни амалга ошириш.
11. Фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш соҳасида аҳолининг, шу жумладан уларнинг оқибатларини бартараф этишда бевосита қатнашган шахсларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини амалга ошириш.
12. Аҳоли ва ҳудудларни фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш соҳасида халқаро ҳамкорлик қилиш.
13. Вужудга келиши мумкин бўлган фавқулодда вазиятлардан суғурта қилишнинг мақбул тизимини таъминлаш.
Do'stlaringiz bilan baham: |