Мавзу 4. Аҳоли ва ҳудудларни фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилишнинг ҳуқуқий асослари. Шахсий химоя воситалари.
Режа:
1. Аҳоли ва ҳудудларни фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилишнинг ҳуқуқий асослари.
2. ФВДТ нинг ташкилий структураси ва бошқарув органлари.
3. ФВДТ нинг асосий вазифалари, куч ва воситалари, режимлари.
4. Нафас олиш органларини химояловчи воситалар.
5. Терини химояловчи воситалар.
6. Шахсий тиббий ва зарарсизлантириш воситалари.
Таянч сўз ва иборалар: фавқулодда вазият, фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш, фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш, фавқулодда вазиятларни бартараф этиш, фуқаро муҳофазаси, қутқарувчи, қутқарув хизмати, фвдтнинг ташкилий структураси, бошқарув органлари, асосий вазифалари, куч ва воситалари, режимлари, ҳудудий қуйи тизимлар, функционал қуйи тизимлар, фуқаро муҳофазаси қўшинлари, қутқарув тузилмалари, қутқарув хизматлари. Химоя воситалари, противогазлар (газниқоблар), респераторлар, матоли ниқоблар ва пахта-докали боғлагичлар, терини ҳимояловчи воситалар, умумқўшин ҳимоя тўплами, тиббий воситалари ва зарарсизлантириш воситалари, протекторлар, шахсий дориқути, шахсий боғлов пакети, коржомалар, махсус пойабзал, қўлқоплар, муҳофаза кўзойнаклари, хавфсизлик белбоғлари, қўл чангаклари, дерматологик воситалар
ХХ асрнинг 60-йилларидан бошлаб фаолият кўрсатиб келган фуқаро мудофааси тизимининг асосий вазифаси тинчлик даврида ва уруш шароитида мамлакат аҳолисини оммавий қирғин қуроллари ва бошқа ҳужум воситаларидан ҳимоя қилиш, уруш шароитида халқ хўжалиги объектларининг барқарор ишлашини таъминлаш ҳамда ҳалокат ўчоқларида қутқариш ва тиклаш ишларини ўз вақтида самарали амалга оширишдан иборат эди.
Лекин, аҳоли ҳаётига фақатгина оммавий қирғин қуроллари эмас, балки бошқа хавф-хатарлар ҳам таҳдид солиб турадики, уларни назардан четга қочириш асло мумкин эмас. Булар турли табиий, техноген ва экологик хусусиятли фавқулодда вазиятлардир.
Фавқулодда вазият - одамлар қурбон бўлишига, уларнинг соғлиғи ёки атроф табиий муҳитга зарар етишига, жиддий моддий талафотлар келтириб чиқаришга ҳамда одамларнинг ҳаёт фаолияти шароити издан чиқишига олиб келиши мумкин бўлган ёки олиб келган авария, ҳалокат, хавфли табиий ҳодиса, табиий ёки бошқа офат натижасида муайян ҳудудда юзага келган ҳолат.
Аҳолини ва ҳудудларни фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш - фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва уларни бартараф этиш чоралари, усуллари, воситалари тизими, саъй-ҳаракатлари мажмуи.
Фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш - олдиндан ўтказиладиган ҳамда фавқулодда вазиятлар рўй бериши хавфини имкон қадар камайтиришга, бундай вазиятлар рўй берган тақдирда эса, одамларнинг ҳаётини сақлаб қолиш ва соғлиғини сақлашга, атроф табиий муҳитга етказиладиган зарар ва моддий талафотлар миқдорини камайтиришга қаратилган тадбирлар комплекси.
Фавқулодда вазиятларни бартараф этиш - фавқулодда вазиятлар рўй берганда ўтказиладиган ҳамда одамлар ҳаётини асраб қолиш ва соғлиғини сақлашга, атроф табиий муҳитга етказиладиган зарар ва моддий талафотлар миқдорини камайтиришга, шунингдек фавқулодда вазиятлар рўй берган зоналарнинг кенгайишига йўл қўймасликка ҳамда хавфли омиллар таъсирини тугатишга қаратилган қутқарув ишлари ва кечиктириб бўлмайдиган бошқа ишлар комплекси.
Ўзбекистон Республикаси мустақилликка эришгандан сўнг аҳоли ва ҳудудларни фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш соҳасида қўйилган дадил қадамлардан бири Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1996 йил 4 мартдаги ПФ-1378 Фармони билан Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг ташкил этилиши бўлди.
Вазирлик фаолият юрита бошлагандан сўнг аҳоли ва ҳудудларни фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш соҳасининг ҳуқуқий асосини ташкил этувчи бир қатор қонун ва қарорлар қабул қилинди.
Do'stlaringiz bilan baham: |