Маҳаллий ижро ҳокимияти органлари тизими: Ўзбекистонда 1992 йил 8 декабрда янги Конституциянинг қабул қилиниши, маҳаллий ижро ҳокимияти органлари фаолиятида янги босқич бўлди.
Ўзбекистон Республикасида маҳаллий ҳокимиятнинг вакиллик ва ижро ҳокимиятига бўлиниши биринчи марта конституциявий даражада мустаҳкамлаб қўйилди (Конституциянинг 102-моддаси).
Конституция ижро ҳокимияти органи бўлмиш ҳокимлар ҳуқуқий ҳолатини (мавқеини), ҳокимларнинг вазифасини, ваколат муддатини, ҳокимлар тизимини ва ҳокимларни лавозимига тайинлаш ва лавозимидан озод қилиш тартибини, ваколатини амалга ошириш принципи, қабул қиладиган ҳужжатларининг юридик кучини белгилаб қўйди.
Конституциянинг 103-моддаси иккинчи бандида, маҳаллий ҳокимият органларининг фаолиятини ташкил қилиш, уларнинг ваколат доираси ва ташкил қилиш тартиби қонун билан белгиланади деб кўрсатилган. Конституциянинг шу моддаси кўрсатмасидан келиб чиқиб, 1993 йил 2 сентябрда “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида” ги қонун қабул қилинган. Буни аввал ҳам қайд қилган эдик.
Ҳокимлар ҳуқуқий ҳолатини асоси, аввало Конституциянинг 99 ва 102-моддалари ва юқорида тилга олинган қонуннинг 1-моддасида белгиланган. Конституция моддаларида ҳокимлар вакиллик ва ижро ҳокимиятини бошқариши белгиланган бўлса, қонунда ҳоким тегишли ҳудудда, яъни, вилоят, туман ва шаҳарда олий мансабдор шаҳс ҳисобланиши кўрсатилган. Конституция ва қонун нормаларини умумлаштирсак, ҳоким тегишли ҳудудда вакиллик ҳокимиятига ҳам, ижро ҳокимиятига ҳам бошчилик қилади ва айни пайтда шу ердаги мансабдор шахс ҳисобланади.
Ҳокимларнинг жойларда вакиллик ва ижро ҳокимиятига раҳбарлик қилади деб белгиланиши, маҳаллий миқёсда ҳокимиятнинг бўлиниш принципига амал қилинмагандек туюлади.
Аслида ҳокимлар вакиллик органларидан устун турмайди, уларнинг вакиллик органларига раҳбарлиги, вакиллик органларини ҳокимларга бўйсуниши маъносида эмас, вакиллик органлари ишини ташкил қилиш доирасида бўлади. Бу масала Республика миқёсида жуда тўғри ҳал қилинган. Масалани синчиклаб ўрганиш шуни кўрсатадики, ҳокимлар вакиллик ва ижро ҳокимиятига бошчилик қилади деган конституциявий меъёр ва қонун меъёрлари ҳамма ҳокимларга ҳам таллуқли эмас экан. Сабаби шаҳар таркибига кирувчи ва туманга бўйсунувчи шаҳарларда вакиллик органлари тузилмайди, шунинг учун бу маъмурий-ҳудудий бўлиниш ҳокимларининг раҳбарлиги фақат ижро ҳокимиятига тааллуқлидир. Бундан кўриниб турибдики, айнан бир хил маъмурий-ҳудудий бўлиниш ҳокимларнинг мавқелари ҳар хил, айрим жойларда улар ҳам вакиллик ҳокимиятига, ҳам ижро ҳокимиятига раҳбарлик қилсалар, айрим жойларда фақат ижро ҳокимиятига раҳбарлик қилиш билан чекланадилар, чунки у ерларда вакиллик органлари тузилмайди.
Конституцияда ҳокимларнинг вазифалари алоҳида ажратиб кўрсатилмаган. Конституциянинг 100 ва 101-моддаларида маҳаллий ҳокимият органларининг ихтиёрига кирадиган масалалар ва вазифалар белгилаб қўйилган.
Конституциянинг 101-моддаси учинчи банди ва қонуннинг 2-моддаси 5-бандига асосан ҳокимларнинг ваколат муддати 5 йил қилиб белгиланган. Беш йил муддат халқ депутатлари Кенгашлари ваколат муддатига тенгдир. Уларнинг ваколат муддатининг бир хил белгиланиши, ўзаро муносабатини яхши йўлга қўйишга ёрдам беради. Ҳокимларнинг ваколат муддати беш йил деган сўз албатта улар беш йил шу лавозимда ишлаши шарт дегани эмас. Улар вазифасини бажара олмаса, масъулиятсизликка йўл қўйса, қонунларни бузса, бошқа ишга ўтказилса ёки шахсий аризасига кўра муддатидан олдин вазифасидан озод қилинади.
Ҳокимлар маҳаллий ижро ҳокимиятини бошқарар эканлар, улар ижро ҳокимияти органлари тизимига киради. Ўз навбатида маҳаллий ижро ҳокимияти органлари тизими ҳам мавжуд. Маҳаллий вакиллик органлари-халқ депутатлари Кенгашлари аввалдан мавжуд бўлиб келган Советлар негизида вужудга келиб, Советларнинг ташкил бўлиши, фаолияти шакллари деярли сақлаб қолинган бўлса, ҳокимлар янги ташкил қилинган, аввалги ижро органлари-ижрокомлардан мутлақо фарқ қиладиган органдир.
Ўзбекистон Республикасининг амалдаги Конституцияси қабул қилингунга қадар, вакиллик органлари билан ижро органларининг тизими тўла бир-бирига мос тушар эди. Яъни, республиканинг ҳамма маъмурий-ҳудудий тузилишининг ҳамма бўғинида вакиллик органлари ҳам, ижро органлари ҳам ташкил қилинар эди. Чунки ижро органлари вакиллик органларининг органи деб ҳисобланар эди.
Конституцияда маҳаллий ҳокимиятнинг икки мустақил органи мавжудлиги кўзда тутилгач, улар тизимида ҳам фарқ бўлиши табиий ҳол бўлиб қолди. Ижро ҳокимияти органлари-ҳокимлар вилоятларда, шаҳарларда ва туманларда тузиладиган бўлди. Вакиллик органларидан фарқ қилиб, ҳокимлар шаҳар таркибига кирувчи туманларда ҳам тузилди. Бу маҳаллий жойларда ижро ҳокимияти органларининг бўлишлиги зарурлигидан келиб чиқди. Шундай қилиб, Ўзбекистон Республикасида ҳокимлар тизими-вилоятлар (Тошкент шаҳар) ҳамда шаҳарлар ва туманлар ҳокимларининг мажмуи ташкил этилди.
Ҳоким лавозими ўрнатилишининг асосий сабабларидан бири, марказий ва маҳаллий ижро органлари ўртасидаги алоқани мустаҳкамлаш, қуйи органлар юқори органларнинг ҳужжатларини истисносиз бажариши, юқори органларининг қуйи органлар фаолияти устидан назоратини кучайтириш эди. Вилоят ҳокимлари ва Тошкент шаҳар ҳокими Республика Президентининг шу жойлардаги вакили бўлса, туман ва шаҳар ҳокимлари вилоят ҳокимларининг Тошкент шаҳар туманлари ҳокимлари Тошкент шаҳар ҳокимининг вакиллари ҳисобланади. Афсуски, шу ҳолат Конституциямизда ҳам, маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисидаги қонунда ҳам, ҳуқуқий меъёр даражасида мустаҳкамланмаган, гарчи амалга шундай бўлса ҳам.
Ҳоким институти, аввалги ижро органлари ўрнига таъсис этилганда, аввалги ижро органларининг фаолиятидаги салбий жиҳатлардан бири-ижро органлари коллегиаллик асосда иш юритиши ўзини оқламаганлиги, коллегиаллик масъулиятни яшириш, жавобгарликдан қочишда “ҳимоя” воситаси эканлиги асосий сабаблардан ҳисобланиб ва ижро ҳокимияти органларида яккабошчилик принципи жорий қилиниши мақсадга мувофиқ деган фикрга келинган эди. Бунда ўзбек миллий давлатчилик тарихида амал қилиб келинган яккабошчилик, ҳозирги мураккаб шароитда ўзини оқлашга умид қилинди.
Конституциянинг 103-моддасида “Вилоят, туман ва шаҳар ҳокимлари ўз ваколатларини яккабошчилик асосларида амалга оширадилар ва ўзлари раҳбарлик қилаётган органларнинг қарорлари ва фаолияти учун шахсан жавобгардирлар”-деб, яккабошчилик принципи конституциявий даражада мустаҳкамланган. Бу қоида ҳокимларнинг фаолиятида яккабошчиликни муҳим ўринга кўтариш билан бирга, уларни шахсан жавобгарлигини мустаҳкамлайди. Бунда ҳоким фақат ўз фаолияти ва ўзининг қабул қилган қарорлари учунгина шахсан жавобгар бўлиш билан чекланмасдан, ўзи раҳбарлик қиладиган органнинг фаолияти учун ҳам шахсан жавобгарлигининг ўрнатилиши ҳокимлар масъулиятини кучайтиради. Бу қоида ҳокимларнинг халқ депутатлари Кенгашларида қабул қиладиган қарорлар, шунингдек, уларнинг фаолияти учун ҳам жавобгарлигини ўрнатади. Шунинг учун ҳам ҳокимларга Кенгашларда қабул қилинган қарорларни имзолаш, зарур бўлса қайта кўриб чиқиш учун Кенгашга қайтариш ҳуқуқи берилган.
Do'stlaringiz bilan baham: |