Doppix миллий операцион тизими. Doppix операцион тизими ишчи станцияларда ва тармоқлардаги шахсий компьютерларда ўрнатилади. Агар сервер операцион тизими тармоқни ресурсларга жавоб берса, Doppix операцион тизими асосан тармоқдаги компьютерларнинг локал ресурсларига жавоб беради.
Бу операцион тизим Ўзбекистонда яратилган, маҳаллийлаштирилган ва унинг асосий вазифаси – республиканинг ахборот ресурсларини ҳимоялаш ва очиқ кодли дастурий таъминотларни таълим муассасалари учун яратишдан иборат.
«Эркин ва очиқ кодли дастурий таъминотни маҳаллийлаштириш» лойиҳаси 2007 йил июлда ишга тушди. Жорий лойиҳанинг ташаббускорлари Ўзбекистон алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги (УзААА) ва Ёш дастурчиларни тайёрлаш ва қўллаб-қувватлаш маркази (ЁДТҚҚМ). Лойиҳанинг асосий мақсади Linux OT асосида маҳаллий операцион тизим яратишдир. Бу Ўзбекистон Республикасида ахборот технологияларини ривожлантириш соҳасида эркин ва очиқ кодли дастурий таъминотларни яратиш, маҳаллийлаштириш, тадбиқ этиш ва қўллаб-қувватлаш учун пойдевор яратилганлигидан дарак беради.
Doppix 2008.0 Edu - дистрибутиви янги, эркин тарқатиладиган очиқ операцион тизимдир. Таълим муассасаларида (мактаб, коллеж ва лицейларда) фойдаланишга мўлжалланган бўлиб дўстона интерфейсга, ҳамда танлаш имконияти кенг бўлган, ўқув ва кундалик иш жараёни учун керак бўлган дастурларни ўз ичига олган. Doppix 2008.0 Edu дистрибутивидан уй компьютерлари ва иш станцияларида ҳам фойдаланиш мумкин. Ўқув дастурларидан ташқари, дистрибутив тўлақонли офис ва мультимедиа дастурлар тўпламига эга. Doppix 2008.0 Edu MS Windows OT дан Linux OT га ўтишни ҳоҳлаганлар учун ажойиб ечимдир. Linux бошланғич фойдаланувчилари учун, ўзини тушунарли ва қулай муҳитда ҳис этиш имкониятини берувчи максималлаштирилган фойдаланувчи интерфейси мавжуд.
Фойдаланишда содда бўлган ўрнатгич ёрдамида дистрибутивни компьютерга осон ўрнатиш мумкин. Doppix 2008.0 Edu 3 та тилда ишлай олади - ўзбекча (кирил, лотин), русча ва инглизча. Дистрибутив таркибига катта ҳажмдаги қўлланмалар қўшилиб сўров тизими кенгайтирилган. Doppix 2008.0 Edu дистрибутиви маҳаллий талаблардан келиб чиққан ҳолда таълим муассасалари учун махсус яратилган. Асосий урғу стабиллик, соддалик ва ҳамманинг ушбу дистрибутивдан фойдаланиши ва уни муаммосиз ўз компьютерига ўрната олишига қаратилган.
Doppix 2008.0 Edu дистрибутивидан фойдаланиш учун аппарат воситаларга қўйиладиган минимал талаблар: оператив хотира – 128 Мб; қаттиқ дискдаги жой – 3,5 Гб; процессор – Pentium III; видео карта – 1 Мб; CD-ROM ёки DVD-ROM қурилмасининг мавжуд бўлиши.
ЁДТҚҚМда Doppix операцион тизимидан фойдаланишда техник кўмак кўрсатиш гуруҳи мавжуд ва республикамизнинг барча вилоятларида техник кўмак кўрсатиш марказлари яратилмоқда. Doppix миллий операцион тизимининг қўллашдаги солиштирма таҳлили қуйидаги жадвалда келтирилган.
Windows ва Doppix операцион тизимларининг солиштирма таҳлил жадвали.