Фалсафий дунёқараш янгиланишининг асосий йўналишлари
1. Аввало бу келажаги буюк давлатни барпо этиш билан боғлиқ. Бунда ана шу яратилажак янги жамият ҳақида, бозор муносабатларига босқичма-босқич ўтиш жараёни, янги ижтимоий-иқтисодий муносабатларнинг қарор топа бориши, ислоҳотларнинг инсон манфаатларига хизмат қилиши, миллий уйғониш ижтимоий тараққиёт тақозоси, комил инсонни вояга етказиш давр талаби экани каби дастурий вазифаларнинг ҳаётийлиги тўғрисидаги ғояларни одамлар дунёқарашида қарор топтириш зарур.
2. Фалсафий онгнинг янгиланиши моҳият эътибори билан фуқаролик жамияти ва ҳуқуқий давлат барпо этиш борасида иқтисодий мустақилликка эришиш орқали сиёсий мустақилликни мустаҳкамлаш, мамлакатимизнинг халқаро нуфузи ва алоқаларининг ўсиб бориши, тинчлик, осойишталик, миллий тотувлик, баҳамжиҳатликка хизмат қилувчи ғояларга таянади. Унинг ҳаётийлиги халқ иродасига, руҳиятига, миллий туйғулари, орзу-интилишларига мослиги билан белгиланади.
3. Албатта, фалсафадаги янгиланиш миллат ва Ватан манфаатлари, истиқбол режалари, миллий қадриятларимиз руҳига мос ҳолда кечади. Бу эса, ўз навбатида, юртимизда кечаётган ислоҳотлар жараёни, давлатимизнинг сиёсий, ҳуқуқий, иқтисодий, ижтимоий, маънавий ҳаётидаги ижобий ўзгаришлар тўғрисида ҳалқимизда тўғри тасаввур ва тушунчаларни ҳосил қилиб бориш лозимлигини кўрсатади.
4. Фалсафий тафаккур янгиланиши тақозо этадиган энг муҳим вазифа покланиш жараёни одамлар руҳияти ва тафаккурида амалий тус олиши учун Ўзбекистон Конституциясида мужассам этилган мақсад ва ғояларни амалга ошириш йўлида хизмат қилишдир. Бу мақсад ва ғоялар омма манфаатларини акс эттиргани боис уларни маънавий ҳаёт тарзининг таркибий қисмига айлантириш муҳим аҳамиятга эга. Шу ўринда Ўзбекистонда қабул қилинаётган қонун ва бошқа ҳужжатларнинг асл моҳиятини, уларда баён қилинган ғоя ва хулосалар, таклифларни кенг халқ оммаси онгига етказиш бениҳоя муҳим ва долзарб эканини таъкидлаш жоиз. Чунки ҳуқуқий жамият ва маърифатли, баркамол инсон тушунчалари ўзаро боғлиқдир.
Маданий бозорни ҳам, маънавий соғлом жамиятни ҳам ана шундай кишилар ярата олади. Уларни вояга етказмай туриб, жамиятдаги янгиланишнинг асосий йўналишларини амалга ошириш тўғрисида фикр юритиш қийин.
5. Мамлакатимиз мустақиллиги, тинчлиги, унинг фуқаролари тотувлиги, ижтимоий-сиёсий ва иқтисодий барқарорликнинг қадрига етиш, жамиятимиз ҳаёт тарзига хавф солиши мумкин бўлган таҳдидларга қарши огоҳликни кучайтиришда фалсафа ва умуман, ижтимоий фанларнинг аҳамияти беқиёс. Шу боис ўз халқи тарихини, ўз миллий маданиятини, урф-одат ва анъаналарини яхши биладиган, миллий Ғурури юксак авлодни тарбиялаш фалсафанинг муҳим вазифасидир. Бу эса жамият аъзоларида фикр эркинлигини тарбиялашни тақозо қилади.
6. Фалсафий дунёқарашнинг янгиланиши, моҳият эътиборига кўра, инсондан, унинг ижтимоий хусусиятлари такомиллашувидан четда кечадиган жараён эмас. У нафақат умумжамият миқёсидаги, балки ҳар бир инсон камолоти учун ҳам зарур шарт-шароит яратадиган жараёндир. Шу маънода, у ҳам, жамиятдаги бошқа ўзгаришлар каби, аввало, инсон учун, унинг камоли ва ҳаёт фаровонлигини таъминлайдиган ислоҳотдир.
Do'stlaringiz bilan baham: |