Тайёрлов боскичи. Бу босқичнинг асосий мақсади бола диққатини мақсадга қаратилган логопедик жараёнга қаратиш. Бунинг учун бир қатор умумпедагогик ва махсус логопедик масалаларни ечиш лозим.
Муҳим умумпедагогик масалалардан бири машғулотлар йўналишини шакллантиришдир: логопед болани логопедик кабинет жиҳозларига, муҳитига ўргатиши, болада машғулотга нисбатан қизиқиш ва хоҳиш уйғотиш лозим. Болаларда нотаниш одамларга нисбатан уялиш, танглик, индамаслик баъзи ҳолларда, ҳатто қўрқув ҳоллари ҳам кузатилади. Логопеддан асосан хушмуомалалилик талаб қилинади; бола билан муносабатда расмиятчилик, қаттиқ кўплик қилиш керак эмас.
Бола машғулот қоидаларига риоя қилиши, логопед берган инструкцияларни бажаришни, мулоқотга фаол равишда киришишни ўрганиши керак. Машғулотларга тушунган ҳолда, эркин фаолият шаклида ёндашишни шакллантириш лозим.
Тайёрлов босқичининг муҳим масалаларидан бири эркин диктат, хотира, фикрлаш операцияларини, анализ ва синтез, таққослаш, хулоса чиқариш операцияларини ривожлантиришдир.
Махсус логопедик масалалардан бири товушларни бир-биридан ажратишга, танишга, артикуляцияни шакллантиришни билиш ва кўникишга ўргатишдир.
Бу масалалар дислалиянинг қайси формаси эканлигига қараб параллел ёки кетма-кет равишда ечилади. Идрок қилиш жараёни бузилмаган артикуляр формада (фонематик ёки фонетик) бўлса, юқоридаги масалалар параллел равишда олиб борилади.
Дислалиянинг акустико-фонематик формасининг мухим масаласидан бири болаларни фонемаларни танишга, ажратишга ва эслаб қолишга ўргатишдир. Бу юқоридаги масалаларни ечмасдан товушларнинг тўғри талаффузини шакллантиришга ўтиб бўлмайди. Бола товушни тўғри талаффузига эришиши учун, у товушни (фонемани) эшита билиши лозим.
Дислалиянинг аралаш ва мураккаб шаклида рецептив билимларни ривожлантириш учун артикуляр базани шакллантириш лозим. Фонематик идрок қўпол бузилган бўлса, артикуляр билим ва малака жараёнларини шакллантириш ишлари олиб борилади.
Артикуляцион базани шакллантириш учун бир қанча машқлар тўғри, методик тавсиялар, талаффузни тўғрилаш учун қўлланма ва дидактик талаблар ишлаб чиқилган.
Дислалияда қўпол мотор бузилишлар йўқ. Дислалик болада нутқ учун махсус бўлган артикуляцион органлар ҳаракатининг айримлари шаклланмаган. Артикуляцион органлар ҳаракатнинг шаклланиш жараёни эркин ва тушунган холда амалга ошади: бола вазифани тўғри бажаришга ва артикуляцион органлар ҳаракатни назорат қилишга ўрганади. Зарур бўлган ҳаракатлар олдин кўрсатилиб тақлид қилиш асосида шакллантирилади: логопед ойна олдида болага товушнинг тўғри артикуляциясини кўрсатади, тушунтиради, қандай ҳаракатларни бажаришни кўрсатади ва қайтаришни сўрайди. Кўриш назорати остида бир неча марта қайтариш натижасида бола тўғри (керакли) вазиятни эгаллашга эришади. Агар бола қийналса, логопед зонд ёки шпател билан ёрдам беради. Кейинги машғулотда кўрсатмасиз оғзаки инструкция бўйича қилдиришга ҳаракатқилиш керак. Кейинчалик бола тўғри бажараётганини кинестик сезгиси асосида текшириши мумкин. Бола қачон артикуляцияни кўрсатмасиз, бехато бажарса, шунда ўзлаштириб олган бўлади.
Товуш талаффузини тўғри шакллантириш даврида, шу товуш устида ишланаётганлиги хақида эслатиш керак эмас.
Логопед, машғулот давомида, бола керакли товушни талаффуз қилиш учун тўғри вазиятни эгалладими, йўқми текширилади. Бунинг учун логопед боладан тўғри вазиятни эгаллаган холда нафас чиқаришини (қаттиқ пуфлашни) сўрайди. Кучли нафас чиқариш натижасида интенсив шовқин ҳосил бўлади. Агарда шовқин керакли товушнинг (ундошнинг) акустик эффектига мос келса, вазият тўғри танланган бўлади. Агар бундай бўлмаса, унда логопед боладан
артикуляцион орган вазиятини ўзгартиришини сўрайди (бир оз кўтариш, тушириш, тилни ҳаракатлантириш) ва яна пуфлатади. Муваффақиятли натижага эришмагунча бажартирилади.
Баъзи ҳолларда бола ҳосил бўлган шовқинга қулоқ солиб уни нормал товуш билан тенглаштиради ва хатто мустақил равишда нутқига киритишга ҳаракатқилади. Бу ҳам яхши натижага олиб келмайди. Шунинг учун бундай холларда логопед бола диққатини бошқа ҳолатга қаратади.
Дислалияда артикуляцион органларнинг керакли ҳаракатларини шакллантириш учун қилинган машқлар натижаси етарлидир, ортиқча машқларни бажартириш зарур эмас. Бола нутқий ривожланиш жараёнида айрим шаклланмаган нутқҳаракатлари устида иш олиб борилади.
Артикуляцион машқлар ўтказиш учун керакли бўлган талаблар:
Талаб қилинган вазиятни эгаллай билиш, шу вазиятда тура билиш (олиш), шу вазиятни сакраб туриш, бир вазиятдан иккинчисига ўтабилиш.
Артикуляцион моторикани ривожлантирувчи машқлар тизимига статик машқлар каби нутқ ҳаракатнинг динамик координациясини ривожлантиришга қаратилган машқларни ҳам киргизиши лозим.
Лаб ва тил ҳаракат машқларини бирга олиб бориш зарур, чунки бу органлар товушларни талаффузида биргаликда иштирок этишади, бир-бирига мослашади (бу кўринишни коартикуляция дейилади).
Бола толиқиб қолмаслиги учун машғулотлар қисқа, лекин кўп марта ўтказилиши лозим. Орада бошқа иш тури билан шуғулланиш лозим.
Кинестик сезгини, кинестик анализ ва тасаввурни шакллантиришга катта эътибор бериш керак.
Ҳаракатларни ўзлаштириш билан бирга, товушларни реализация қилиш учун логопед бошқа товушларга керак бўлган ҳаракатлар устида ишлашга ўтади.
Do'stlaringiz bilan baham: |