Нефть ва табиий газ қазиб олиш усуллари.
Нефть ва газ қазиб олиш учун ер ёки тоғ жинслари махсус бурғуловчи қурилмалар (буровойлар) ёрдамида диаметри 150-250 мм. бўлган бурғу қудуқчалар қазилади. Бурғулаш қурилмасининг баландлиги 54 м. Бурғулаш қандай усулда олиб борилмасин қудуқ (скважина) чуқурлашиб борган сайин узунлиги 4,5 м. ва диаметри 168 мм.ли қувурлар бир-бирига уланиб узайтириб борилаверади. Бурғулаш жараёнида ҳосил бўлган майдаланган жинслар қудуқдан ювувчи суюқлик (лойқа эритма) ёрдамида чиқариб ташланади. Қазиш маълум чуқурликка етгач, махсус фойдаланиш қувури ўрнатилиб, қувурнинг ташқи томони цементлаб ташланади. Кейинги қазиш ишлари диаметри фойдаланиш қувуридан кичик бўлган қувур ёрдамида амалга оширилади ва шу йўсинда керакли чуқурликкача қазиб борилади. Сўнгра охирги қувур ҳам цементланади. Энг йирик тепа қисми ҳам арматура ёрдамида маҳкамланади. Сўнгра маҳсулдор портлатиш йўли билан очилади. Кейинги йилларда қазиш ишлари қия ҳолда ҳам амалга оширилган. Бу усул жуда фойдали бўлиб буровой ўрнатиш мумкин бўлмаган жойларда ҳам (масалан, денгиз ости, аҳоли яшайдиган жойлар, қурилишлари бўлган жойлар) қазиш ишларини олиб бориш имконини беради.
Одатда нефть ва газ ер остида жойлашган чуқурлиги, температураси ва бошқаларга боғлиқ ҳолда 1-50 МПа босим остида бўлади. Кон очилган бошланғич даврларида нефть қудуқдан ер юзасига ўзи отлиб чиқади. Нефть қазиб олишнинг бундай усули фонтан усули дейилади. Барча газ қудуқларидан фойдаланиш ер қатламларининг босими туфайли фонтан усулида олиб борилади. Нефть олинавергач қатламдаги босим камаяди. Сўнгра мажбарий йўл билан чиқаришга ўтилади. Мажбурий йўлларга: қудуққа насос ташлаб чиқариш ва компрессор усуллари киради. Қудуққа насос ташлаб чиқариш усулида, қудуқ диаметридан кичикроқ диаметрли учига насос ўрнатилган қувур қудуққа ташланади ва насос нефтьни юқорига чиқариб беради. Компрессор усулида қудуққа катта босимда нефть газлари ёки ҳаво юборилади. Газлар ўзи билан нефтьни ҳам олиб чиқади. Айниқса, ер остига нефть қатламларига газ ёки ҳаво юбориб катта босим ҳосил қилиш усули кенг қўлланилади. Бу усулларни қўллаш билан кондаги нефтнинг 50% ни олиш мумкин. Нефть камайган конлардан фойдаланиш учун ер ости нефть қатламларига турли усуллар билан таъсир кўрсатадилар. Масалан, гидравлик усулида (сув юбориб), кислота билан ишлов бериш, бурғу қудуқларига буғ юбориш ёки иссиқ сув юбориш ёки ер остида нефтнинг озроқ қисмини ёқиш ва бошқалар. Бу усулларни қўллаш нефть чиқаришни 80-90 % га етказади.
Do'stlaringiz bilan baham: |