Сильфонли асбоблар. Сезгир элемент сифатида сильфон кенг қўлланмоқда. Сильфонлар жез, бронза, зангламас пўлат, пластмасса ва бошқалардан тайёрланади. Уларнинг баъзи турлари винтсимон пружинали қилиб тайёрланади, бунинг натижасида гистерезис ва ночизиқлик таъсири камайиб, асбобнинг ўлчаш чегараси кенгаяди. Сильфонлар бир қатламли ва кўп қатламли бўлади. Одатда, сильфонларнинг диаметри 12...100 мм, узунлиги 13...100 мм, қатламлари (гофрилари) сони 4...24 атрофида бўлади. Сильфонларнинг силжиши 2,8...21 мм. Уларнинг силжиш катталиги сильфонларни ўзиёзар асбобларда қўллашга имкон беради. Сильфонга таъсир этган ички ёки ташқи босим натижасида сильфон узунлиги ўзгаради.
Кўрсатувчи ва ўзиёзар асбобларда сильфонли сезгир элементлардан қуйидаги турлари ишлатилади: МСП, МСС (манометрлар); МВСС (мановакуумметрлар); ВСП, ВСС (вакуумметрлар); ДСП, ДСС (дифмонаметрлар); НСП, НСС (напорометрлар); ТмСП, ТмСС (тягометрлар); ТНСП, ТНСС (тягонапорометрлар). Бу асбобларнинг кўпчилиги пневматик ва унификацияланган электр датчиклар тизимига киради.
С ильфонли напорометр ва тягометрларда кичик босимларни 40000 Па (4000 кгк/м2); вакууммни (0,1 м ПА гача); мутлақ босимни (2,5 мПа гача); ортиқча босимни (60 мПа гача); босимлар фарқини (0,25 мПа гача) ўлчаш учун қўлланади.
3.5-расмда сильфонли пневматик тягонапорометр (ТНС-П) нинг принципиал схемаси кўрсатилган. Бу асбоб ўлчашнинг пневматик тармоғига киради. Унинг вазифаси босим ёки сийракланишни масофага узатувчи мутаносиб пневматик сигналга узлуксиз айлантиришдир.
Асбобнинг ишлаш принципи пневматик куч компенсациясига асосланган. Компенсация махсус пневматик қурилма ёрдамида бажарилади. Ўлчанаётган босим ёки сийракланиш сильфон — сезгир элемент 9 ёрдамида мутаносиб кучга айланади. Бу куч автоматик равишда тескари боғланиш кучи орқали мувозанатлашади. Мувозанатлаш ричаг 8, заслонка (тўсиқ) 4 ва Г-симон ричагдан ташкил топган пишангли механизм орқали бажарилади. Тескари боғланиш кучи компенсацион элемент — тескари боғланиш сильфони 7 даги сиқилган ҳаво босими орқали ҳосил бўлади. Ўлчанаётган босим ўзгариши билан пишанг 8 ва тўсиқ 4 сопло 5 га нисбатан силжийди. Натижада сопло 5 нинг йўлида (каналида) номослик сигнали пайдо бўлади. Бу сигнал кучайтиргич 6 дан тескари боғланиш сильфонига келаётган босимни ўзгартиради. Ўлчанаётган параметрнинг ўлчови бўлган босим бир йўла масофага узатиш линиясига (каналига) ҳам юборилади. Асбобни созлаш учун ролик 2 хизмат қилади, у ричаг 1 ва 8 лар бўйлаб ҳаракат қилади. Пружина 3 асбобни ноль белгисига созлайди.
Пневматик сигнални 300 м масофага узатиш мумкин. Бундай сильфонли асбоблар турли хилда ва русумда чиқарилади ҳамда турли чегарали ўлчовларга мўлжалланган. Уларнинг аниқлик синфи 1 ва 1,5.
Сильфонларнинг асосий камчиликлари гистерезис мавжудлиги ва характеристиканинг бирмунча ночизиқлигидир. Гистерезис таъсирини камайтириш ва бикрликни ошириш мақсадида, кўпинча, сильфон ичига пружина ўрнатилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |