II. Шартномани тузиш ажиратиб юборишда иштирок Ажиратиб юбориш тўғрисидаги шартномаси ҳақида сўз юритар эканмиз ушбу шартнома ташкилий-ҳуқуқий муносабатни вужудга келтириш ва ажиратиб юбориш билан боғлиқ ташкилий-ҳуқуқий муносабатларни таритибга солиш воситаси ҳисобланади. Ажиратиб юбориш тўғрисидаги шартномада ажиратиб юбориш тартиби ва шартлари, шунингдек, ҳар бир жамият аксияларининг янги жамият акцияларига конвертасия қилиш тартиби белгиланади. Бундай шартнома бир қатор хусусиятлари билан ажралиб туради. Мазкур шартнома ФКда кўзда тутилган шартномаларнинг бирортаси билан уйғунлик касб этмайди ва унга нисбатан яқин бўлган бирликдаги фаолият (оддий ширкат) ва таъсис шартномаларидан кескин фарқ қилади.
Шартномани тузиш ажиратиб юборишда иштирок этаётган ҳар бир жамият умумий йиғилишида ҳал этилади. Жамиятнинг директорлар кенгаши (кузатув кенгаши) ажиратиб юборишда иштирок этаётган ҳар бир жамиятнинг умумий йиғилишига ажиратиб юбориш шаклида қайта ташкил этиш тўғрисидаги, ажиратиб юбориш тўғрисидаги шартномани тасдиқлаш тўғрисидаги, ажиратиб юбориш натижасида вужудга келадиган жамият уставини ва топшириш ҳужжатини тасдиқлаш тўғрисидаги масалани киритади.
Ажиратиб юбориш (ажиратиб олиш) тўғрисидаги шартнома янги юридик шахсни ташкил этишга ва айрим эски юридик шахсларни бекор қилишига қаратилади. Шартномани ижро этиш натижасида унинг тарафлари (барчаси ёки айримлари) нинг мавжудлилигига барҳам берилади, шу сабабли янги жамиятнинг таъсисчи-иштирокчиси фукциясини бажаришга, шу жумладан, қайта ташкил этиш жараёнида жамият ҳаракатлари учун жавобгарликни зиммасига олишга лаёқатсиз ҳисобланади. Амалда бу турдаги шартномаларни қайта ташкил этиш жараёнида муайян юридик шахсларни тугатиш ва янгиларини ташкил этишга йўналтирилади.
Таъкидлаш муҳимки, янгидан ташкил топган жамиятнинг юридик шахс сифатидаги органларини ташкил қилиш ажиратиб юборишда иштирок этган акциядорлик жамиятларининг қўшма умумий йиғилишида амалга оширилади. Акциядорларнинг қўшма умумий йиғилишида овоз бериш тартиби жамиятнинг ажиратиб юборилиши тўғрисидаги шартномада белгилаб қўйилиши мумкин (Ўзбекистон Республикасининг “Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида” ги Қонунининг 96-моддаси 3-қисм).
Юридик адабиётларда ажиратиб юбориш тўғрисидаги шартнома хусусида якдил фикрлар мавжуд эмас. Айрим муаллифлар ажиратиб юбориш ҳақидаги шартномани учинчи шахс – янгидан вужудга келган ёки фаолиятини давом эттираётган жамият фойдасига тузиладиган шартнома, деб ҳисоблашади. Бироқ бу фикр етарли даражада асосланмаганлигини ҳам айтиб ўтиш зарур. М. И. Брагинскийнинг фикрича, учинчи шахс фойдасига тузилган шартномалар учун қуйидаги жиҳатлар ҳосдир:
Дастлабки шартнома учинчи шахсда фақат ҳуқуқни вужудга келтиради, мажбуриятни эмас;
Учинчи шахс ушбу ҳуқуқлардан воз кечганда, бу ҳуқуқларни контрагентнинг ўзи амалга оширади;
Учинчи шахс мажбуриятнинг тарафи сифатида эътироф этилиши учун у шартномада кўзда тутилган ҳуқуқ лаёқатига эга бўлиши лозим.
Ҳ. Р. Рахмонқуловнинг фикрига қараганда, учинчи шахс фойдасига тузилган шартномаларда, учинчи шахс мажбуриятлар ижро этилишини талаб қилиш ҳуқуқига, қоида тариқасида, кредиторнинг ўзи ана шундай ҳуқуқни қўлга киритган пайтдан бошлаб эга бўлади. Башарти, шартнома кимнинг фойдасига тузилган бўлса, ана шу шахс шартнома бўйича ўзига берилган ҳуқуқни рад қилса, бундай ҳуқуқни берган тараф, агар шартнома маъносига зид бўлмаса, бундай ҳуқуқдан ўзи фойдаланиши мумкин.
Бир қатор муаллиф (Д. В. Жданов) лар эса, ажиратиб юбориш шартномасини оддий ширкат шартномаси ҳисобланиши, чунки бунда иштирокчиларнинг умумий мақсад янги юридик шахсни ташкил этиш ҳисобланишини таъкидлашади. Бошқалари эса, ажиратиб юбориш ҳақидаги шартномани номсиз (sui generis) фуқаролик-ҳуқуқий битим сифатида эътироф этишади.
Фикримизча, ажиратиб юбориш ҳақидаги шартнома аралаш тусга эга ва ҳуқуқий муносабатларнинг ўзига хос шаклини ифода этади. Шу сабабли, ташкилий-ҳуқуқий муносабатларни тартибга солишга қаратилган мазкур шартномага нисбатан ФКнинг 354-моддаси, 4-қисми қоидалари қўлланилади. Яъни, аралаш шартнома бўйича тарафларнинг муносабатларига, агар тарафларнинг келишувидан ёки аралаш шартноманинг моҳиятидан бошқача тартиб англашилмаса, элементлари аралаш шартнома бўлган шартномалар тўғрисидаги қоидалар қўлланилади.
Таъкидлаш лозимки, “Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида” ги Қонунининг 96-моддаси, 4-қисмига мувофиқ, жамиятлат қўшилган тақдирда уларнинг ҳар бирига тегишли барча ҳуқуқлар ва мажбуриятлар ўтказиш далолатномасига биноан янги вужудга келган жамиятга ўтади.
Юридик шахсларни қайта ташкил этишнинг навбатдаги усулида икки ёки ундан ортиқ юридик шахсни битта янги юридик шахсга қўшилиши ва натижада эскиларнинг ҳуқуқи субъект сифатида тугаши ва янги юридик шахснинг вужудга келиши билан боғлиқ ташкилий муносабатларнинг ҳуқуқий тартибга солиниши назарда тутилади. Адабиётларда “ажиратиб олиш” бирлаштириш деб номланиши ҳам мумкинлиги ва уларнинг бир хил маънода қўлланилиши эътироф этиш ҳолати ва бирлаштириш ҳамда ажиратиб олишнинг бир хил маъно касб этмаслигини таъкидлаш ҳоллари мавжуд.
Албатта, битта ҳуқуқий конструкциянинг қонун ҳужжатларитда турлича номланиши (ФКда ажиратиб олиш ва АЖ қонунида бирлаштириш) нотўғридир. Шу сабабли, уларни битта атама билан номлаш ва бу ерда устувор ФК қоидаларида бўлиши лозимлигини айтиб ўтиш ўринли.
Ҳ. Р. Раҳмонқулов ажиратиб олиш деганда битта ёки ундан зиёд юридик шахсларнинг фаолияти тугатилгани, улар негизида ташкил топган ва уларнинг ҳуқуқий вориси ҳисобланган йириклаштирилган юридик шахснинг ташкил этилганлиги тушунилади, дейди.
Ж. И. Раҳмонқуловнинг фикрича, бирлаштириш асосида қайта ташкил этилганда, икки ёки ундан ортиқ жамиятларнинг капиталлари бирлаштириш натижасида, ушбу тузилган жамиятга янги ҳуқуқ ва мажбуриятларни берувчи янги ташкилот юзага келади. Ушбу жараёнда қатнашаётган жамият акциядорларининг келишувигв асосан амалга оширилади ва янги тузилаётган жамият қандай акцияларга ёки бирон-бир қимматли қоғозга асосланиш тартиби белгиланади. Жамиятни бирлаштириш асосида қайта ташкил этиш, ўз фаолиятини иқтисодий самарадорлигини ошириш, рақобатга бардош бериш мақсадида бир-бири билан ўзаро боғлиқ бўлган ишлаб чиқариш фаолиятини амалга оширувчи ёки ўз маблағларини ягона ишлаб чиқаришга бирлаштиришни мақсад қилган жамият базасида кучли кооператив тизимни шакллантиришга қаратилган ташкил этиш шаклидир.
Do'stlaringiz bilan baham: |