1.2 Гносеологияда субъект тушунчаси объект тушунчаси билан ўзаро боғлиқлиги
Гносеологияда субъект тушунчаси объект тушунчаси билан ўзаро боғлиқ деб қаралади. Табиийки, агар субъект билиш жараёнида фаол томон бўлса, объект субъект фаолияти йўналтирилгани учун нисбатан пассив томондир. Мушоҳадавий фалсафа билиш объектини ҳеч бир инсон фаолиятига кирмайдиган ташқи субъект сифатида олиб қараган. Бу фалсафада объект фаолиятнинг эмас, балки пассив мушоҳаданинг объекти сифатида намоён бўлади. Бунда ташқи дунёни билишга қаратилган субъектнинг фаол фаолияти зарурий шарт ҳисобланади. Бундай фаолият ёрдамида объектив реалликнинг у ёки бу фрагменти англанади ва улар субъект шахсий фаолияти шакллари қаратилган билиш объекти ҳисобланади. Агар билиш ўзининг пировард натижасига кўра воқеликнинг инъикоси бўлса, жараёнга кўра билиш субъект томонидан ташқи дунёни фаол равишда қайта ишлаб чиқариш ҳисобланади ва у воқеликнинг турли шакл ва хусусиятларини акс эттиришга қаратилган. Шу маънода, инсон билими ташқи дунёнинг ўз онгига таъсир қилишининг оддийгина натижаси эмас, балки инсоннинг фаол билиш ва атрофни амалий ўзгартириш фаолиятининг натижасидир.
Масалан, қурувчи тошни муайян бинонинг, қурилишнинг парчаси деб қабул қилиши мумкин. Лекин бу тошга геолог назар солса, унинг учун у кўплаб мушоҳадага лойиқ объектлар дунёси бўлиб кўринади. Нима учун? Чунки, тошнинг геолог томонидан бундай тасаввур этилиши геология фанининг бутун ўтмиш тажрибаси, геологнинг назарий ва амалий фаолиятидаги билимлари билан изоҳланади. Қорни шимол ёки жануб кишиси томонидан идрок этилиши мисоли ҳам жуда кенг тарқалган. Шимол кишисининг қор турларини яхши билиши ўтмиш авлодлар тажрибаси ва амалиёти билан боғлиқдир. Айтиш мумкинки, ибтидоий давр одамининг дунёси мушоҳада объекти сифатида ҳозирги давр кишиси билимига нисбатан, ўз таркибига кўра, анча қашшоқдир. Чунки объектлар хилма-хиллигини ажрата олиш қобилияти инсон амалий фаолиятининг мураккаблашуви туфайли шаклланди.
«Субъект» ва «объект» сабаб ва оқибат, зарурият ва тасодиф кабиларга ўхшаб жуфт тушунчалардир. Агар биз сабаб сифатида бирон нарсани ажратиб кўрсатсак, демак оқибатнинг мавжудлигини ҳам эътироф этган бўламиз ва аксинча. Худди шундай субъект ҳамиша объектни, объект эса доимо субъектни тақозо қилади. Бу билан биз мажбурий равишда қуйидаги формулага яқин келамиз: «Субъектсиз объект йўқ». Уни ўз даврида С.Авенариус «объект» деганда табиат, материяни тушунган ҳолда эътироф қилган эди. Бироқ, бундай хулоса чиқаришга шошилмаслик лозим, чунки у аста-секин субъектив идеализмга олиб боради. Гап шундаки, С.Авенариус учун субъект тушунчаси онг тушунчаси билан бир хил, объект тушунчаси эса материя тушунчаси билан айнандир, бундан хулоса келиб чиқадики, материянинг мавжуд бўлиши онгга боғлиқдир4.
«Субъект» ва «объект» жуфт тушунчалар сифатида қарама-қаршиликлар бирлигини акс эттиради. Улар ўртасида содир бўлиб турадиган доимий зиддиятларнинг ҳал қилиниши субъект томонидан объектнинг амалда ўзгартирилиши, уни инсоннинг онгли хоҳиш-истагига бўйсундирилиши ёрдамида рўй беради. Бироқ, уларнинг ўзаро алоқадорлигида субъектнинг хоҳишини белгиловчи мақсади ҳам ўзгаради ва зиддият қайтадан янгиланаверади.
Инсон фаолияти эволюсияси давомида унинг бўлиниши (дифференсия) содир бўлади. Билиш фаолияти амалийдан ажраб чиқади ва инсон руҳий амалий фаолиятининг мустақил турига айланади. Билиш жараёни, реал нарсалар хосса-хусусиятларини субъект томонидан сунъий равишда яратиладиган воситаларнинг ўзига хос системаси ёрдамида бевосита акс эттирилиши, қайта ҳосил қилинишига қаратилгандир. Билиш жараёнида субъектнинг фаоллиги воситачи предметлар билан янгилик яратиш ва иш кўришга томон йўналтирилган. Инсон асбоблар, ўлчов ускуналари ясайди, илмий назариялар, моделлар, белгилар тизими, тимсоллар, идеал объектлар ва ҳ.к.лар барпо қилади.
Ушбу фаолиятнинг барчаси билинаётган объектни бевосита ўзгартиришга эмас, балки уни билишда тўғри акс эттиришга қаратилгандир. Илмий-назарий онгнинг хусусияти шундаки, у билим шаклларини оддийгина қайд этмайди, балки уларни ўз фаолиятининг объекти қилади. Илмий-назарий онг баъзи умумий тушунчалар, абстраксиялар, қонунларни оддийгина ажратиб берибгина қолмасдан, уларни ўз асосида қайта тиклайди, ўз норма ва тамойилларига мувофиқ равишда шакллантиради. Агар амалий онгда абстраксияларни ишлаб чиқиш бевосита, реал ҳаёт «тўқималари»га сингдирилган бўлса, фанда эса абстраксияларнинг шаклланиш ва мукаммаллашуви ўзига хос нормалар ва қоидалар билан бошқариладиган мақсадга йўналтирилган фаолиятга айланади.
Билиш жараёнининг автономлиги нисбийдир. Субъектнинг билиш фаолияти объектни акс эттиришга, унинг онгда ҳосил қилинишига шундай боғланганки, у ҳамма вақт амалий фаолият билан алоқадордир. Унинг ўзи билиш жараёнининг асоси ва ҳаракатлантирувчи кучи, шунингдек, ушбу фаолият натижасида олинган билимнинг ҳақиқийлик мезони ҳам бўлиши мумкин.
Билиш жараёнига субъект ва объект категориялари орқали қараш бир қатор муҳим гносеологик ғояларни аниқлашга ёрдам беради. Биринчидан, бу инъикос принсипини билиш жараёнининг ижодий, фаол характерини эътироф этишга олиб келади. Инсон ташқи дунёни унинг онгида қачон акс этишини кутиб турмайди. Унинг ўзи субъектив диалектика қонунларига таяниб, билиш структурасини ишлаб чиқади ва амалий фаолият давомида уларнинг объектив воқеликка мослигини текширади. Билиш структурасини яратиш ижодни, сермаҳсул меҳнатни ва объектни эркин танлаш, баҳолаш ва ўзини намоён қилишни талаб қилади. Билишда ҳамиша инсоннинг онг фаолияти, субъектнинг билиш ва амалий мақсадларини амалга ошириш содир бўлади.
Иккинчидан, бу ҳар қандай билим тури объектив дунёнинг субъектив образи эканлигини, билиш жараёнида субъективлик ва объективлик диалектикасини англашга ёрдам беради. Субъективлик субъектга хос бўлган нарсадир, унинг субъектив фаолият маҳсулидир. Шу маънода, билиш образи субъект фаолиятининг маҳсули бўлиб, субъективлик элементини, нафақат, билишни ифодалаш шаклида, балки унинг мазмунида ҳам ўз ичига қамраб олади. Бироқ, субъект фаолияти объектга қаратилгани учун объектни адекват акс эттиришни ҳам ўз мақсади қилиб олади. Билимнинг мазмуни билиш жараёнининг амалиётга боғлиқлигига кўра, охир оқибатда билишда белгиловчи бўлган объектив моментни ҳам ўз ичига олади. Билиш образи билиш объектига, бошқа томондан эса, субъектнинг билиш фаолиятига боғлиқ бўлмаслиги мумкин эмас, субъективлик ва объективлик зиддияти образнинг ички структурасини ташкил қилади. Худди шунинг учун билишнинг барча босқичларида билиш образи объектив оламнинг субъектив тимсоли сифатида характерланиши мумкин.
Ва ниҳоят, айнан субъект объект муносабати билиш жараёнининг сотсиал боғлиқлик механизмини очишга ёрдам беради. Айнан субъект билиш жараёнининг фаол томони бўлганлиги учун, сотсиал табиатга эга, у томонидан яратиладиган билиш структуралари нафақат объект тўғрисидаги ахборотга эга, балки ижтимоий тараққиётнинг ҳолатини, жамиятнинг эҳтиёжлари ва мақсадларини ҳам акс эттиради. Субъектнинг объектга муносабати субъектлараро муносабатлар билан ҳам боғлиқдир. Айнан ана шундай муносабатлар доирасида билимнинг объективлашуви унинг моддий қобиқ ичида мустаҳкамлашуви, ижтимоий бойлик ва мулкка айланиши содир бўлади. Шу муносабат билан таъкидлаш мумкинки, илмий гносеологияда, анъанавий назарий билиш муаммоси тубдан қайта кўриб чиқилмоқда, унинг вазифаси ва тадқиқот усули ўзгармоқда.
Do'stlaringiz bilan baham: |