Назорат саволлари:
1. Темирбетон кўприклар конструкцияларида қўлланиладиган бетонга қандай талаблар қўйилади?
2. Темирбетон кўприклар конструкцияларида қўлланиладиган арматурага қандай талаблар қўйилади?
3. Кўприк бетони гидроизоляциясига қандай талаблар қўйилади?
4. Конструкция элементларини бирлаштирувчи елимга қандай талаблар қўйилади?
5. Темирбетон кўприкларда қандай асосий системалар қўлланилади?
Маъруза №9: Темирбетон кўприкларнинг ҳаракат қисми конструкциялари.
Режа:
1.Ҳаракат қисми кўприк қопламаси.
2.Ҳаракат қисмининг кўтариб турувчи элементлари.
3.Тротуарлар ва тўсиқлар конструкциялари.
4. Сув қочириш ишлари.
5.Деформацион чоклар ва кўприкнинг кўтарма билан бирлашуви.
Таянч сўзлар ва иборалар:
ҳаракат қисми, кўприк қопламаси, кўтариб турувчи элементлар, ҳаракат қопламаси, текисловчи қатлам, гидроизоляция, ҳимоя қатламии, тротуарлар, тўсиқлар, деформация чоклари, сув қочириш, ўтказиш плиталари.
Оралиқ қурилмаларнинг ҳаракат қисми деб, ҳаракатланувчи юкнинг таъсирини қабул қилувчи ва оралиқ қурилмаларнинг кўтариб турувчи қисмига узатувчи, конструктив элементлар мажмуасига айтилади. Ҳаракат қисми таркибига кўприк қопламаси ва кўтариб турувчи элементлар киради.
Кўприк қопламаси, ҳаракат қисмининг кўтариб турувчи элементлари устида жойлашган бўлиб, транспорт воситалари ва йўловчилар ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш, ҳамда сув қочириш вазифасини бажариш учун хизмат қилади. Темирбетон кўприкларнинг кўприк қопламаси ушбу элементлардан иборат: кўприк қопламаси қатламлари, тротуар қопламаси, чегараловчи мосламалар, сув қочириш мосламалари, деформацион чоклар ва кўприкнинг кўтарма билан бирлашуви. Темирбетон кўприклар кўприк қопламаси ҳаракат қисми плитаси устига жойлаштирилади. Ушбу плита, ҳаракат қисмининг кўтариб турувчи элементи бўлиши билан бирга, оралиқ қурилманинг асосий кўтариб турувчи конструкциялари таркибига киради ва улар билан биргаликда фазовий ишловчи системани ташкил қилади.
Кўприк қопламаси қатламлари ушбу вазифаларни бажаради:
-ўзидан пастда жойлашган конструкцияларни механик таъсирдан ҳимоялайди;
-ўзидан пастда жойлашган конструкцияларни атмосфера намлигидан ҳимоялайди ва гидроизоляция вазифасини бажаради;
-ҳаракат қулайлигини таъминлайди.
Кўприк қопламаси ушбу қатламлардан иборат: текисловчи қатлам, гидроизоляция, ҳимоя қатламии ва қоплама (асфалтбетон ёки цементбетон).
Гидроизоляция тагидаги текисловчи қатлам бетон ёки цемент-қум қоришмасидан тайёрланади, уларнинг қалинлиги 30 мм дан кам бўлмаслиги лозим. Текисловчи қатлам устига гидроизоляция жойлаштирилади. Катта кўприкларда, шунингдек ёғингарчилик кўп бўладиган минтақаларда гидроизоляция учун юқори сифатли материаллардан фойдаланилади.
Гидроизоляция устига цемент-қум қоришмаси ёки майда донали бетондан тайёрланган ҳимоя қалами жойлаштирилади. Ҳимоя қавати гидроизоляцияни, қопламани жойлаштириш ва таъмирлаш даврида, содир бўлиши мумкин бўлган механик таъсирлардан ҳимоялаш учун хизмат қилади. Ҳимоя қавати одатда қадами 45 мм ва кенглиги 1500 мм бўлган 2,5 мм диаметрли симлардан тузилган пўлат тўрлар билан арматураланади.
Ҳаракат қисми қопламаси қалинлиги мос равишда 70 ва 80 мм бўлган афальтбетон ёки цементбетондан тайёрланади.
Do'stlaringiz bilan baham: |