41-модда. Ширкат аъзоларининг умумий йиғилиши томонидан қарорлар қабул қилиш Ширкат аъзолари умумий йиғилишининг ваколатига киритилган масалалар бўйича қарор, агар ширкат аъзолари умумий йиғилишида иштирок этган ширкат аъзоларининг ёки улар вакилларининг эллик фоизидан кўпи уни ёқлаб овоз берган бўлса, қабул қилинган ҳисобланади.
Ширкат аъзоларининг умумий йиғилиши томонидан қарорлар ушбу Қонунда белгиланган тартибда умумий йиғилишни чақириш ёки ширкат аъзолари ўртасида сўровнома ўтказиш орқали ёхуд ширкат уставида назарда тутилган бошқа усулда қабул қилиниши мумкин.
Қарорни қабул қилиш чоғида ширкат аъзолари томонидан ёзма шаклда берилган овозлар йиғилиш кун тартибидаги масалалар юзасидан ширкат ҳар бир аъзосининг қарори кўрсатилган ҳолда ҳисобга олиниши ширкатнинг уставида белгилаб қўйилиши мумкин.
Ширкат аъзоларининг умумий йиғилишида қабул қилинган қарор турар жойларнинг ва яшаш учун мўлжалланмаган жойларнинг мулкдорлари томонидан ижро этилиши мажбурийдир.
42-модда. Ширкат аъзолари ўртасида сўровнома ўтказиш орқали ширкат аъзолари умумий йиғилиши томонидан қарорлар қабул қилиш тартиби Ширкат аъзоларининг умумий йиғилишида сўровнома ўтказиш орқали қарор қабул қилиш учун йиғилиш ташаббускори умумий йиғилиш қарорининг лойиҳасини ширкатнинг ҳар бир аъзосига юбориши шарт.
Қарор лойиҳаси ягона ҳужжат тарзида тузилган бўлиши керак.
Агар ширкат бошқаруви ширкат аъзолари умумий йиғилиши ташаббускори бўлмаса, ширкат аъзолари умумий йиғилиши қарори лойиҳасининг кўчирма нусхаси ширкат бошқарувига ҳам маълумот учун қабул қилиш мақсадида топширилади.
Ширкат аъзолари умумий йиғилиши қарорининг лойиҳасида йиғилиш ташаббускори тўғрисидаги маълумотлар, қарор юборилиши лозим бўлган жой ва манзил, овоз бериш учун назарда тутилган, беш кундан кам бўлиши мумкин бўлмаган муддат, шунингдек бошқа зарур ахборот кўрсатилади.
Ширкат аъзолари ҳар бир масала бўйича қарор лойиҳасининг аслига ўз имзосини қўйиш орқали ёзма равишда алоҳида овоз бериши (ёқлаб, қарши ёки бетараф) ва қарорни йиғилиш ташаббускори томонидан кўрсатилган жойга ёки манзилга топшириши шарт.
Қайси қарор лойиҳаси масаласи бўйича ушбу Қонунда назарда тутилган тегишли овозлар сони тўпланган бўлса, ўша масала бўйича қарор қабул қилинган ҳисобланади.
Қарор лойиҳаси бўйича овоз беришда унга қўшимча ёки ўзгартишлар киритиш тақиқланади. Агар овоз бериш чоғида қарор лойиҳасини ўзгартириш ёки унга қўшимча киритиш зарурати юзага келса, янги лойиҳа тузилиши ҳамда ширкатнинг ҳар бир аъзосига ўзгартиш ва қўшимчаларнинг сабаблари кўрсатилган ҳолда юборилиши керак. Ўзгартишлар ёки қўшимчалар билан қабул қилинган, ширкат аъзоларига юборилмаган қарор ҳақиқий эмас.