Компьютер графикаси ва улар турлари
Компьютер графикаси учта турга бўлинади: растрли графика; векторли графика ва фрактал графика.
Растрли (нуқтали) тасвирлар деб - бир хил ўлчам ва ячейкаларга эга бўлган нуқталар (пикселлар) тўплами орқали тасвирланган текис геометрик шаклларга айтилади. Бу шаклларга у ёки бу усулда ранг берилади ва бу ранглар фиксирланган разрядли сонлар билан кодлаштирилади. Нуқтали тасвирларларнинг асосий камчилиги уларнинг фиксирланган размерга эга бўлиб, ички структурага эга бўлмаслиги ва хотирада кўп жой эгалашидир. Фиксирланган размерга эга бўлганлиги уларни катталаштириш ёки кичиклаштиришда тасвир кўринишининг бузилишига олиб келади. Ички структурага эга бўлмаслиги уларни тахрирлашда қийинчилик туғдиради. Масалан галстук таққан одам расмида галстук бир оз қийшиқ чизилган бўлса, уни тўғрилаш расмнинг шу жойида тешик пайдо бўлишига олиб келиши мумкин. Ўз навбатида уни тўғрилаш анча меҳнат талаб қилиши ҳам мумкин. Нуқтали тасвирларнинг хотирадан катта жой эгаллаши эса катта ҳажмли тасвирларни қайта ишлаш учун махсус компьютерларни талаб этади.
Векторли тасвирлар деб – тузилиши жиҳатидан мураккаброқ ва ҳар хил кўринишга эга бўлган геометрик объектлар тўпламига айтилади. Бундай объектларга мисол тариқасида тўғри тўртбурчаклар, айланалар, эллипслар, кўп бурчаклар, кесмалар ва чизиқларни келтириш мумкин. Векторли графиканининг характерли хусусиятларидан бири ундаги ҳар бир объект учун уларнинг ташқи кўринишларини ўзгартириш имконини берадиган бошқариш параметрлари мавжуд. Масалан, айлана учун бошқариш параметри сифатида унинг диаметри, ранги, тури, чизиқ қалинлиги ва ички соҳаси ранги кабиларни олиш мумкин. Нуқтали тасвирлардан фарқли равишда векторли тасвирлар ихтиёрий ички структурага эга бўлиши мумкин. Векторли тасвирларни нуқтали тасвирларга айлантириш фойдаланувчи иштирокисиз, амалий дастур томонидан амалга оширилади. Лекин нуқтали тасвирларни векторли тасвирга айлантириш фойдаланувчидан катта маҳорат талаб қилади.
Векторли графика асосида гиометрик фигураларнинг хоссалари ҳақидаги математик тасаввур ётади. Векторли графиканинг математик асослари бу нуқта, тўғри чизиқ, кесма, иккинчи ва учунчи тартибли эгри чизиқлардир. Нуқта текисликда иккита сон билан (х,у) аниқланади. Тўғри чизиқ эса иккита параметрга эга бўлган y=ax+b тенглама орқали аниқланади. Агар бу тўғри чизиқ х ўқида иккита x1 ва x2 координаталари билан чегараланса у кесмани аниқлайди. Иккинчи тартибли эгри чизиққа парабола, гипербола, эллипс ва айланани мисол қилиш мумкин. Бу иккинчи тартибли эгри чизиқ тенгламаси умумий ҳолда қуйидагича
x2+a1y2+a2xy+a3x+a4y+a5=0.
Компьютерда векторли тасвирлар билан ишлаш нуқтали тасвирлар билан ишлашга қараганда анча осон. Ҳозирда векторли тасвирлар яратувчи амалий дастурлар машина графикасининг асосини ташкил қилади.
Фрактал графика - бу тасвирни чизиш ёки жиҳозлаш эмас, балки уни матиматик ҳисоблашларга асосланган дастурлар асосида қуришдир. Фрактал графика одатда ўйин дастурларини яратишда кўпроқ қўлланилади. Фрактал графикада тасвирлар тенгламалар ёрдамида қурилади. Бунда тенглама коэффициентларини ўзгартириш ёрдамида ҳар хил расмларни олиш мумкин.
Do'stlaringiz bilan baham: |