! Матнни диққат билан ўқинг ва тасвирланган слайдлар ёрдамида компьютерда Windowsнинг файл тизимини мустақил равишда кўриб чиқинг. Компьютер ўчирилганда унинг тезкор хотирасидаги барча маълумотлар ўчиб кетади. Маълумотларни узоқ муддатга сақлаш учун уларни ташқи хотирада сақлаб қўйиш керак бўлади. Ташқи хотирада маълумотлардан ташқари дастурлар ҳам, хусусан Windows нинг ўзи ҳам сақланади.
Компьютернинг ташқи хотирасига жуда катта ҳажмдаги маълумотларни жойлаш мумкин. Ҳажми 700 Мегабайт бўлган оддий компакт дискдаги электрон кутубхонада минглаб китоблар бўлиши мумкин. Винчестер туридаги дискларда бундай компакт дисклардан 100 ва ундан ортиғини сиғдириш мумкин. Оддий ҳисобкитоб билан винчестердаги маълумотларнинг барчаси қоғозга туширилса, бу қоғозлар бир неча миллион варақ бўлишини кўриш мумкин. Шунча қоғоз ичидан кераклисини топиш нақадар машаққатли эканлигини кўз олдимизга келтириш ҳам қийин.
Бундай катта ҳажмдаги маълумотларни жойлаш ва уларни бошқариш учун махсус тизим ишлаб чиқилган бўлиб, бу дискнинг файл тизими деб аталади. Дискдаги маълумотлар файлларда сақланади ва бу маълумотларни топиш учун унинг номини ва жойини билиш кифоя. Файл тизимининг ишини кутубхона ишига қиёслаш мумкин.
Тошкент давлат техника университети кутубхонасида бир миллиондан ортиқ китоб бор. Талабалар бу китобларнинг қаерда жойлашганлигидан бехабарлар ва кутубхона ходимлари ёрдамисиз керакли китобни топишлари жуда мушкул. Лекин талабалар китобнинг номини ва муаллифларини билсалар, уни кутубхона каталогларидан топа оладилар ва кутубхона ходими китобнинг шифри орқали уни бир неча дақиқа ичида топиб келиб сизга беради.
Талабалик йилларингизда ўқиб чиққан китобларингиз 100 тача бўлгани каби компьютер дискларидаги ўн минглаб файллардан жуда озгина қисмидан Сиз бевосита фойдаланасиз. Улар орасида ўзингиз яратган файллар алоҳида ўрин тутади. Сизнинг файлларингиз бошқа файллар орасида йўқолиб кетмаслиги учун уларни бошқа файллардан алоҳида сақлаган маъқул.
Файллар дискда қандай кўринишда сақланади? Умуман олганда, файл яратилаётган пайтда унга дискнинг бўш еридан жой ажратилади ва бу жой бошқа файллар томонидан эгалланмаслиги учун банд деб эълон қилинади ва яратилган файл мавжуд файллар рўйхатига киритилиб қўйилади. Файлларнинг барчасини битта рўйхатда сақлаш жуда ноқулай, шунинг учун дискда бир неча каталоглар яратилади ва файллар бу каталогларнинг ичида сақланади. Лекин барча файлларни бир неча каталогда сақлаш ҳам ноқулай: уларнинг сони кам бўлса, улардаги файллар кўп бўлади. Каталогдаги файллар кам бўлиши учун каталогларнинг сони кўп бўлиши керак, бу эса яна ноқулай. Бу муаммони каталог ичида яна каталог очиш орқали ҳал қилиш мумкин. Янги каталогларнинг ичига файлларни жойлашимиз ва табиийки, янги каталоглар очишимиз мумкин. Шундай қилиб, дискдаги каталоглар дарахтга ўхшаб шохлаб кетаверади.
Керакли файлни топиш учун унинг номини ва у жойлашган каталогни билиш керак бўлади. Файлнинг жойини топиш учун у жойлашган каталоглар рўйхатини кетма-кет санаб ўтиш керак. Бу ичма-ич жойлашган каталоглар рўйхати файлга олиб борувчи йўл ёки қисқача файл йўли деб аталади.
Сиз ўзингизнинг файлларингизни сақлаш учун фойдаланувчилар каталогини тузишингиз, унда ўзингиз учун алоҳида каталог очиб, унинг ичида ўзингизнинг файлларингизни ҳам тартиблаш учун яна бир каталог очишингиз керак бўлади.
Компьютернинг файл тизими билан ишлаш учун Пуск (Бошла) тугмасини босиб, Windowsнинг бош менюсига кирамиз ва ундан Мой компьютер (Менинг компьютерим) бандини чертамиз. Натижада Сизнинг компьютерингизда ўрнатилган дисклар рўйхати бор Менинг компьютерим ойнаси пайдо бўлади.
Бу ойнадаги дискларни бир неча гуруҳга ажратиш мумкин. Улардан биринчиси, Сизнинг компьютерингиз система блокига ўрнатилган маҳаллий винчестер туридаги дисклар; иккинчиси эса компьютердан чиқариб олиш мумкин бўлган дисклар ва учинчиси маҳаллий компьютер тармоғи орқали уланган, бошқа компьютерларда жойлашган тармоқ дисклари.
Иккинчи тур дискларига дискеталар, компакт дисклар, электрон флэш дисклар киради. Дисклардан бирортасини танлаб, сичқонни боссангиз, бу диск ҳақидаги маълумотлар ойнанинг чап томонида пайдо бўлади. Диск устида сичқонни икки марта босиб, дискдаги каталоглар ва файллар рўйхати билан танишиш мумкин. Агар каталогларнинг бири устида сичқонни икки марта боссак, каталог ичига кирилади ва у ердаги файллар билан танишиш мумкин. Каталогдан чиқиб кетиш учун ойнанинг юқори қисмида жойлашган ускуналар панелидаги тугмани босиш керак. Натижада экранда олдинги каталог пайдо бўлади.