компетенция — мавжуд билим, кўникма ва малакаларни кундалик фаолиятда қўллай олиш қобилияти.
билим — ўрганилган маълумотларни эслаб қолиш ва қайта тушунтириб бериш;
кўникма — ўрганилган билимларни таниш вазиятларда қўллай олиш;
малака — ўрганилган билим ва шаклланган кўникмаларни нотаниш вазиятларда қўллай олиш ва янги билимлар ҳосил қилиш;
Компетенция тушунчаси ва компетенцияли ёндашув
Педагогик-психологик адабиётларда “компетенция” тушунчаси нисбатан яқиндан бошлаб кенг қўлланила бошланди. 1960 йилларнинг охири ва 1970 йилларнинг бошларида ғарбда, 1990 йилларнинг ўрталарига келиб замонавий таълимда компетенцияли ёндошув йўналиши кириб келди. Ҳозирча “компетенцияли ёндашув” тушунчасини очиб берувчн ягона таъриф йўқ. Бу масала юзасидан кўп сонли олимлар турлича тахминларни илгари сурмоқдалар. Биз шундай тахминларнинг бир нечтасини кўриб чиқамиз.
Компетенция лотинча compete сўзидан олинган бўлиб, эришаман, мувофиқман, мос келаман маъноларини англатади. Шу билан бир қаторда киши эгаллаган муайян билим, кўникма, малакалар мажмуаси ҳам компетенция саналади. Компетенция сўзи муайян вазифани бажариш учун бирор шахс ёки ташкилотга берилган ваколат ва ҳуқуқ маъносида ҳам қўлланилади.
Компетенция – маълум бир соҳада сифатли продуктив фаолият олиб бориш учун зарур бўлган мутахассиснинг таълимий тайёргарлигига қўйилган талабдир.
Компетенция – давлат ихтиёрида бўлган, олдиндан белгиланган ижтимоий талаб бўлиб, у ўқувчи (ишчи)нинг муайян соҳада самарали фаолият кўрсатиши учун зарур бўлган таълимий (профессионал) тайёргарлигига нисбатан қўйилади.
Компетенция шахснинг мураккаб, таълимий тузилиши бўлиб, у ўзида шахснинг инттеллектуал, иродавий, креатив, эмоционал сифатларини ўзида жамлаганки, улар фаолиятдан кўзланган мақсадга унинг ўзгариб борувчи шароитида амалга ошувини таъминлайди. Шундай қилиб, компетенция шахснинг юксак сифатий хислати бўлиб, унинг шаклланиши таълимнинг ҳал қилувчи оқибат, натижаси ҳисобланади.
Компетенцияли ёндашув, инсон фаолиятида ҳар томонлама компетенлиликни шакллантириш ҳозирги замон жамияти ва таълимининг асосий шарти бўлиб ҳисобланади. Бу талаб ўқитувчи-педагоглар фаолиятига ҳам бевосита дахлдордир. Бугунги кунда дунё таълимини янгилашнинг асосий йўналиши таълим жараёнида фаолиятли ёндашув орқали дунёни, ҳаётни, касбий фаолиятни яхлит тизимли кўра олиш, унда тизимли фаолият кўрсатиш, янги-янги муаммо ва топшириқларни ҳал эта олиш тажрибасини шакллантиришдан иборатдир.
Ўзбекистон Республикасида таълимнинг узлуксизлиги, узвийлиги, ўқувчи шахси ва қизиқишлари устуворлигидан келиб чиқиб, уларнинг ёш хусусиятларига мос равишда қуйидаги таянч компетенцияларни шакллантирди. Булар:
Коммуникатив компетенция — ижтимоий вазиятларда она тилида ҳамда бирорта хорижий тилда ўзаро мулоқотга кириша олишни, мулоқотда муомала маданиятига амал қилишни, ижтимоий мослашувчанликни, ҳамкорликда жамоада самарали ишлай олиш лаёқатларини шакллантиришни назарда тутади.
А хборотлар билан ишлаш компетенцияси — медиаманбалардан зарур маълумотларни излаб топа олишни, саралашни, қайта ишлашни, сақлашни, улардан самарали фойдалана олишни, уларнинг хавфсизлигини таъминлашни, медиа маданиятга эга бўлиш лаёқатларини шакллантиришни назарда тутади.
Ў зини ўзи ривожлантириш компетенцияси — доимий равишда ўз-ўзини жисмоний, маънавий, руҳий, интеллектуал ва креатив ривожлантириш, камолотга интилиш, ҳаёт давомида мустақил ўқиб-ўрганиш, когнитивлик кўникмаларини ва ҳаётий тажрибани мустақил равишда мунтазам ошириб бориш, ўз хатти-ҳаракатини муқобил баҳолаш ва мустақил қарор қабул қила олиш кўникмаларини эгаллашни назарда тутади.
Ижтимоий фаол фуқаролик компетенцияси — жамиятда бўлаётган воқеа, ҳодиса ва жараёнларга дахлдорликни ҳис этиш ва уларда фаол иштирок этиш, ўзининг фуқаролик бурч ва ҳуқуқларини билиш, унга риоя қилиш, меҳнат ва фуқаролик муносабатларида муомала ва ҳуқуқий маданиятга эга бўлиш лаёқатларини шакллантиришни назарда тутади.
Миллий ва умуммаданий компетенция — ватанга садоқатли, инсонларга меҳр-оқибатли ҳамда умуминсоний ва миллий қадриятларга эътиқодли бўлиш, бадиий ва санъат асарларини тушуниш, ораста кийиниш, маданий қоидаларга ва соғлом турмуш тарзига амал қилиш лаёқатларини шакллантиришни назарда тутади.
Математик саводхонлик, фан ва техника янгиликларидан хабардор бўлиш ҳамда фойдаланиш компетенцияси - аниқ ҳисоб-китобларга асосланган ҳолда шахсий, оилавий, касбий ва иқтисодий режаларни туза олиш, кундалик фаолиятда турли диаграмма, чизма ва моделларни ўқий олиш, инсон меҳнатини енгиллаштирадиган, меҳнат унумдорлигини оширадиган, қулай шарт-шароитга олиб келадиган фан ва техника янгиликларидан фойдалана олиш лаёқатларини шакллантиришни назарда тутади. Мазкур компетенциялар умумтаълим фанлари орқали ўқувчиларда шакллантирилади.
Шунингдек, ҳар бир умумтаълим фанининг мазмунидан келиб чиққан ҳолда ўқувчиларда фанга оид умумий компетенциялар ҳам шакллантирилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |