42-модда. Номзодлик мақомидан маҳрум этиш. Номзоднинг номзодликдан воз кечиши Сиёсий партия у ёки бу шахсни номзод этиб кўрсатиш тўғрисидаги ўз қарорини сайловга кечи билан ўн беш кун қолганида бекор қилиш ҳуқуқига эга, бу шахс тегишли сайлов комиссияси томонидан номзодлик мақомидан маҳрум этилиши мумкин. Сиёсий партия номзодлар кўрсатиш муддати тугагунига қадар тегишли сайлов комиссиясига янги номзодни рўйхатга олиш тўғрисида таклиф киритиши мумкин.
Сиёсий партия фаолиятининг тугатилганлиги номзодни шу партиядан сайловда иштирок этиш ҳуқуқидан маҳрум этади.
Номзод сайловга қадар исталган вақтда номзодликдан воз кечиши мумкин. Бунинг учун у тегишли сайлов комиссиясига ариза билан мурожаат қилади.
Номзод сайловга қадар вафот этган, сайлов ҳуқуқидан маҳрум бўлган ёхуд номзодликдан чақириб олинган тақдирда нашр этилган сайлов бюллетенларидан ушбу номзоднинг фамилияси, исми ва отасининг исми ёзилган сатр ўчирилади. Муддатидан олдин овоз бериш жараёнида бундай номзодни ёқлаб берилган овозлар участка сайлов комиссиялари томонидан овозларни санаб чиқиш чоғида ҳақиқий эмас деб топилади.
(42-модда Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 8 февралдаги ЎРҚ-670-сонли Қонунига асосан тўртинчи қисм билан тўлдирилган — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 09.02.2021 й., 03/21/670/0089-сон) 43-модда. Номзоднинг ишончли вакиллари Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод ўн беш нафарга қадар, Қонунчилик палатаси депутатлигига номзод ўн нафарга қадар, вилоят Кенгаши депутатлигига номзод беш нафарга қадар, туман ва шаҳар Кенгаши депутатлигига номзод уч нафарга қадар ишончли вакилга эга бўлишга ҳақли, ишончли вакиллар номзодга сайлов кампаниясини ўтказишда ёрдам беради, сайлаш учун ташвиқот олиб боради, давлат органлари ва жамоат бирлашмалари, сайлов комиссиялари билан бўладиган муносабатларда номзоднинг манфаатларини ифодалайди.
Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзоднинг ишончли вакиллари унинг тақдимномасига биноан Марказий сайлов комиссияси томонидан рўйхатга олинади, Марказий сайлов комиссияси уларга тегишли гувоҳномалар беради.
Депутатликка номзод рўйхатга олинганидан кейин ишончли вакилларини ўз хоҳишига кўра белгилайди ва улар ҳақида тегишли сайлов комиссиясига маълум қилади. Сайлов комиссияси ишончли вакилларни рўйхатга олади ва уларга гувоҳномалар беради.
Номзод сайловга қадар ўз ишончли вакилини тегишли сайлов комиссиясига маълум қилган ҳолда исталган вақтда ваколатидан маҳрум қилиши ва уни бошқаси билан алмаштириши мумкин. Ишончли вакил исталган вақтда ўз ваколатларини зиммасидан соқит қилишга ҳақли.
Ишончли вакил сайлов комиссиясининг аъзоси бўлиши мумкин эмас.
Номзодлар ишончли вакилларининг Ўзбекистон Республикаси ҳудуди доирасидаги сафар харажатлари сайловни ўтказиш учун ажратилган маблағлар ҳисобидан тўланади.