ўғитлаш тизими: кузги буғдой ернинг унумдорлигига эҳтиёж сезади. Режалаштирилган ҳосилни олишга эришиш учун ернинг кимёвий таҳлиллари, ундаги озиқ моддаларнинг фоизи аниқланиши талаб этилади. Суғориладиган ерларда экишдан олдин ёки экиш билан бирга 30 кг/га азот, 90 кг/га фосфор, 60 кг/га калий ва 10-12 тоннагача маҳаллий ўғит берилади. Суғориладиган ерларда бошоқли дон экинларидан юқори ва сифатли дон етиштиришда озиқлантириш меъёри ва муддатларига риоя қилиш катта аҳамиятга эга. Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, мамлакатимизнинг деярли барча суғориладиган майдонларида ғалла ва бошқа қишлоқ экинларнининг ҳосилини чегараловчи омиллардан бири тупроқда азотли ва фосфорли озиқ моддаларининг етишмаслигидир. Бошоқли дон экинлари уларнинг униб чиқишидан тортиб, то доннинг сут-мум пишишигача бўлган вегетация даврида тупроқда мақбул меъёрда минерал моддалар бўлиши, ўсимликнинг етарлича қуруқ модда ҳосил қилишига, доннинг тезда пишиб етилишига имкон яратади. Шу билан бирга, дон таркибида оқсил ва бошқа сифат кўрсаткичларнинг ошишини таъминлайди. Кузги бошоқли дон экинлари ўзларининг дастлабки ўсиш ва ривожланинш босқичида, айниқса тупроқда ўсимлик ўзлаштириб оладиган шаклдаги азотли ва фосфорли озиқа моддаларининг етарли бўлишини талаб қилади. Фосфорли ўғитлар ғалла майсаларининг чуқур илдиз отишига ва уларнинг кучли тупланишига имкон беради. Калий ўғитлари эса, кузда униб чиққан майсаларнинг совуққа бардошлилик қобилиятини кучайтиради ва ўсимлик поясини бақувват қилиб, уни ётиб қолишдан сақлайди. Шуларни ҳисобга олган ҳолда суғориладиган ерларда ғалла экинларидан мўл ва сифатли ҳосил етиштиришда ҳамда маъданли ўғитларининг самарадорлигини ошириш учун озиқлантиришни табақалашган ҳолда ўтказиш тавсия этилади. Кўп йиллик тажрибаларнинг кўрсатишича, суғориладиган ерларда бошоқли дон экинларидан гектарига 50-60 центнер ҳосил етиштириш учун гектарига 25-30 тонна чириган гўнг, соф озиқа модда ҳисобида 160-180 кг азот, 90 кг фосфор, 60 кг калийли ўғитлар берилиши зарур. Маҳаллий, фосфорли ва калийли ўғитларнинг йиллик миқдори тупроққа бериладиган экиш олди ишловлари давомида берилиши лозим. Кузда экиш олдидан ёки экиш билан бирга, тупроқ унумдорлигига қараб, 25-30 кг азотли (соф ҳолда) ўғитлар берилиши зарур. Экиш олдидан ишловларда аммофос ўғити ёки гўнг берилган далаларга, кузда азотли ўғитлар солинмайди. Азотли ўғитларнинг қолган қисми (135-150 кг) баҳорда табақалаштирилган ҳолда гектарига 65-75 кг дан берилади. Биринчи азотли озиқлантиришни ўсимликнинг қишдан чиқиши билан туплаш даврида (февраль-март), иккинчи озиқлантиришни бошоқли дон экинларининг найчалаш даврида (март-апрель), ўтказилади. Тупроғи чиринди ва озиқа моддаларга бой бўлган ёки беда ва бошқа дуккакли дон экинларидан сўнг экилган ғалла майдонларни ўғитлашда юқорида кўрсатилган ўғитларнинг йиллик меъёри 10-15% га камайтирилиши мумкин. Аксинча, тупроғи унумсиз ва шўри ювилган ерларда бу кўрсаткичлар 15-20% оширилиши зарур. Шуни унутмаслик керакки, азотли ўғитларнинг меъёридан ортиқ берилиши ғалла ўсимлигининг ҳаддан ташқари ғовлаб кетишига олиб келади. Бу ҳолатда ўсимликнинг ёппасига ётиб қолиши натижасида ҳосил камаяди. Кузда фосфорли ўғитлар билан ўғитланмаган майдонларда шу ўғитлар билан озиқлантиришни қиш ёки эрта баҳорда, ҳали ғалла экинларининг вегетацияси бошланмаган пайтида ўтказиш тавсия этилади. Фосфорли ўғитлар билан бундан кечроқ муддатларда озиқлантириш кутилган натижани бермайди. Азотли ўғитлар берилгандан сўнг пешма-пеш суғориш керак. Бу айниқса, ғалла экинларининг найчалаш ва бошоқлаш даврида муҳим аҳамиятга эга. Донли экинларни озиқлантириш учун минерал ўғитлар таркибида неча фоиз NPK борлигини билиш ва уни соф ҳолга келтириш учун ишлатиладиган коэффициентлар тўғрисидага маълумот 8-жадвалда баён этилган.
Do'stlaringiz bilan baham: |