23.05.2011
Корхонани тугатиш вақтида қуйидагиларга амал қилиш керак:
• Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексига;
• "Тадбиркорлик субъектларини ихтиёрий тугатиш ва уларнинг фаолиятини тўхтатиш тартибини такомиллаштириш тўғрисида"ги Низомга (Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2007 йил 27 апрелдаги ПҚ-630-сонли қарорига илова);
• Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексига;
• Тугатиладиган корхона мулки ва мажбуриятларини инвентаризация қилишни ташкил этиш ҳамда уларнинг қийматини аниқлаш бўйича Йўриқномага (рўйхат рақами 887, 2000 йил 3 февраль)
1-ҚАДАМ.
Тугатиш ҳақида қарор қабул қилинг, таъсисчилар йиғилиши баённомасини тузинг (таъсисчи битта бўлса, баённома ягона таъсисчининг қарори шаклида тузилади). Баённомада қуйидагиларни албатта акс эттириш шарт:
1) тугатувчи ёки тугатиш комиссиясини тайинлаш. Одатда тугатувчи этиб директор ёки таъсисчи тайинланади;
2) кўзда тутилаётган тугатиш муддати. Мазкур муддат икки ойдан кам ва тўққиз ойдан кўп бўлиши мумкин эмас.
2-ҚАДАМ.
Кейинги иш кунидан кечиктирмай, ихтиёрий тугатиш ҳақидаги қарорнинг нусхаси (баённома)ни қуйидагиларга жўнатинг:
а) рўйхатга олувчи органга (ҳокимиятга);
б) хизмат кўрсатувчи банкка, шунингдек, банкка тугатувчи имзолари намуналари билан нотариал тарзда тасдиқланган карточкаларнинг икки нусхасини олиб боринг. Тугатувчилар этиб банкда имзо қўйиш ҳуқуқига эга бўлган шахслар тайинланган бўлса, карточкаларни алмаштирмаса ҳам бўлади;
в) иккиламчи ҳисобварақларингизга хизмат кўрсатувчи банкларга, иккиламчи ҳисобварақларни ёпиш ҳамда ундаги мавжуд бўлган қолдиқларни асосий ҳисобвараққа ўтказиш ҳақида топшириқ, ариза билан бирга.
Илова хатларда ҳужжатлар қабул қилинганлиги ҳақида қайдни олиш
ёдингиздан чиқмасин.
Корхона ихтиёрий тарзда тугатилиши ҳақида қарор қабул қилингани ҳақида
рўйхатга олувчи органга билдиришнома юбориш натижасида:
• корхонанинг молиявий-хўжалик фаолияти вақтинча тўхтатилади;
• солиқ ва бошқа мажбурий тўловларнинг барча турлари бўйича пеняни ҳисоблаш тўхтатилади;
• барча мажбуриятлар (кредитлар, заёмлар, қарзни сўндириш) муддати бошланган ҳисобланади;
• 2-сонли картотеканинг амал қилиши тўхтатиб қўйилади.
Ҳокимият Ички ишлар бўлими, Давлат солиқ идораси ва туман статистика органига корхонангиз ихтиёрий тугатиш босқичида эканлигини маълум қилади. Лекин, ўзингиз ҳам туман Давлат солиқ идорасига фаолиятингиз тугатилганлиги ҳақида маълум қилишингизни маслаҳат берамиз.
Масалан, чакана савдо корхоналари "Ягона солиқ тўловининг базавий миқдори киритилиши муносабати билан чакана савдо корхоналари, хизмат кўрсатиш соҳасидаги микрофирмалар ва кичик корхоналар томонидан ягона солиқ тўловини ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш тартиби тўғрисида"ги Низом (рўйхат рақами 2134,2010 йил 18 август)га мувофиқ, камида энг кам иш ҳақи миқдорида Ягона солиқ тўловини ҳисоблашни тўхтатиш учун солиқ идорасига фаолияти тўхтатилганлиги ҳақида билдириши керак.
Бошқа ЯСТ тўловчилари "Ягона солиқ тўловининг энг кам миқдори киритилиши муносабати билан ягона солиқ тўловини ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш тартиби тўғрисида"ги Низом (рўйхат рақами 2203, 2011 йил 13 март) бўйича ЯСТнинг энг кам миқдорини ҳисоблашмайди, башарти ихтиёрий тугатиш ҳақида қарор қабул қилинган бўлса.
3-ҚАДАМ.
Корхона тугатилганлиги тўғрисида қуйидагиларни кўрсатган ҳолда газетада
эълон беринг:
• корхонанинг тўлиқ ва қисқартирилган номи;
• корхонанинг жойлашган жойи (почта манзили), СТИРи;
• рўйхатдан ўтказилган санаси ва рўйхатдан ўтказган орган тўғрисидаги
маълумотлар (номи ва манзили);
• ихтиёрий тугатиш тўғрисида қабул қилинган қарор тўғрисидаги маълумотлар (санаси, тартиб рақами);
• кредиторларнинг талаблари кўрсатилган ҳолдаги аризаларни қабул қилиш муддати.
4-ҚАДАМ.
Қуйидагиларнинг инвентаризациясини бошланг:
• активларни. Яъни, барча асосий воситалар, товар, материал, тайёр маҳсулот ва тугалланмаган ишлаб чиқаришни ҳисоблаш керак;
• мажбуриятларни. Барча дебитор ва кредиторлар билан солиштириш далолатномаларини тузинг ва имзоланг. Дебиторлардан қарзни олишга ҳаракат қилинг. Кредиторларни тугатилиш бошлангани ҳақида имзо чекдириб, хабардор этинг.
5-ҚАДАМ.
Йил бошидан бошлаб ҳокимият корхонани ихтиёрий тугатиш тўғрисида хабардор қилинган санагача бўлган даврда корхона томонидан тўланадиган барча турдаги солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича ҳисоб-китобларни тузинг (Низомнинг 17-банди "в" кичик банди ва Солиқ кодексининг 44-моддаси).
6-ҚАДАМ.
Корхона тугатилаётганлиги туфайли ходимлар билан меҳнат шартномаларининг бекор қилинганлиги ҳақидаги буйруқни чиқаринг ва ҳар бир ходимни ёзма равишда (имзо чектириб) меҳнат шартномасини бекор қилиш ҳақида камида икки ой олдин огоҳлантиринг (Меҳнат кодексининг 102-моддаси). Ходимларингиз иш излаган даврда уларга ишдан бўшатиш нафақасини ҳисобга олган ҳолда ўртача ойлик иш ҳақи, лекин кўпи билан икки ой мобайнида тўланади (Меҳнат кодексининг 67-моддаси). Агар ходимлар меҳнат шартномаси бекор қилинган кундан бошлаб ўн календарь кун мобайнида маҳаллий меҳнат органида иш қидираётган шахс сифатида рўйхатдан ўтсалар, маҳаллий меҳнат органи берган маълумотномага биноан учинчи ой учун ҳам олдинги иш жойларидан ўртача иш ҳақи олиш ҳуқуқига эга бўлади. Меҳнат шартномалари ходимларнинг ташаббусига кўра бекор қилинган (ўз ихтиёрига кўра ишдан бўшаган) тақдирда, ўртача ойлик иш ҳақи тўланмайди.
1-қадам бажарилгандан сўнг,
2-6-қадамлар бир кунда бажарилади.
7-ҚАДАМ.
Бундан кейин, уч-беш кун давомида туман давлат солиқ идораси ходимлари текширув (ревизия) ўтказиш учун келишади. Тугатиш ҳақида билдиришномадан ташқари бошқа асослар бу ҳолда талаб этилмайди (Солиқ кодексининг 88-моддаси).
8-ҚАДАМ.
Оралиқ тугатиш балансини тузиш. Уни корхона таъсисчилари тасдиқлайди.
9-ҚАДАМ.
Оралиқ тугатиш баланси тузилганидан сўнг, кредиторлик қарзингиз етарли даражада тўғри аниқланган бўлиб, қуйидаги навбатга кўра, пул суммаларини тўлашни бошлашингиз мумкин:
биринчи навбатда – ходимларга иш ҳақи бўйича тўловни;
иккинчи навбатда – бюджетга, фондларга тўловларни;
учинчи навбатда – бошқа кредиторларнинг талаблари.
Кредиторлар билан ҳисоб-китоб қилиш учун пул маблағлари етарли бўлмаган тақдирда, мол-мулкни сотиш ташкил этилади. Бу ҳам етарли бўлмаган ҳолда, таъсисчилар тугатилаётган корхона банк ҳисоб рақамига пул маблағларини киритишлари мумкин. Мазкур маблағлар тугатилаётган корхонанинг даромади сифатида қаралмайди ва уларга солиқ солинмайди (Солиқ кодексининг 129-моддаси 15-банди ва 355-моддаси тўртинчи қисмининг14-банди). Бундан ташқари, таъсисчи корхона ходими саналиб, ўз маблағларини тугатилаётган корхона мажбуриятларини бажариш учун жўнатган тақдирда, ушбу иш ҳақига ЖШОДС солинмайди (179-модда 29-банди).
10-ҚАДАМ.
Барча кредиторлар билан ҳисоб-китоб қилдингиз. давлат архивига корхонангиз ёпилганидан сўнг унинг ҳужжатлари сақланиши учун олдиндан тўловни амалга оширишингиз ҳам мумкин. Фақат шундан кейин корхона мол-мулкини таъсисчилар ўртасида тақсимлаш амалга оширилади. Қабул қилиш-ўтказиш далолатномалари билан ТМБ ўтказилиб, пул топшириқномалари билан қолган пул маблағлари ўтказилади. Агарда активлар қолдиғи (пул маблағлари, ТМБ, асосий воситалар ва бошқалар) устав фондига қўйилган омонатлардан кўп бўлса, улар ҳам таъсисчилар ўртасида киритилган улушларга мувофиқ тақсимланади. Таъсисчиларнинг мазкур даромадлари Солиқ кодексининг 22-моддасига мувофиқ дивиденд сифатида қаралади.Агар Сиз таъсисчиларга товар қолдиқларини тақсимласангиз (бериб юборсангиз), бу фойда солиғининг ва ЯСТнинг солиқ солиш объекти сифатида қаралмайди (129-модда учинчи қисмининг 2-банди ва 355-модда тўртинчи қисмининг 2-банди).
11-ҚАДАМ.
Энг охирги – тугатиш балансини тузасиз. Уни ҳам таъсисчилар тасдиқлайди. Баланснинг сальдо устунида давр охирига барча моддалар ноль миқдорини ташкил этади. Давлат солиқ инспекциясига солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича ҳисоботлар ва ҳисоб-китоблар билан бирга тугатиш балансини топширасиз (Солиқ кодексининг 50-моддаси). Тугатиш баланси қабул қилинганидан сўнг, давлат солиқ хизмати органи корхонанинг солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича қарзи мавжуд эмаслиги шарти билан тугатувчига солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича қарз мавжуд эмаслиги ҳақидаги маълумотномани тақдим этиши шарт.
12-ҚАДАМ.
Бюджет олдида қарз йўқлиги ҳақидаги маълумотномани банкка топширасиз. Банк бир иш куни давомида корхонага қарашли ҳисобрақамларни ёпади ва ҳисобрақам ёпилгани ҳақидаги маълумотномани тақдим этади.
13-ҚАДАМ.
Банкдаги ҳисобрақам ёпиқ. Энди уч иш куни давомида давлат архивига корхонанинг барча бухгалтерия ва бошқа ҳужжатларини топшириш керак. Агар Сиз архивда ҳужжатларни сақлаш учун тўловни олдиндан амалга оширмаган бўлсангиз, таъсисчилардан бири нақд пул тўлашига тўғри келади.
Ходимларингиз ўнлаб йиллардан кейин ҳам корхонангизда ишлаган, иш ҳақи олган ва суғурта бадалларини тўлаганликлари ҳақида архивдан маълумот олишлари мумкин. Бу уларга пенсияни расмийлаштириш учун керак бўлиши мумкин.
14-ҚАДАМ.
Ҳокимиятга қуйидаги ҳужжатлар тўплами жўнатилади:
1) бир ёки бир неча даврий босма нашрларда чиққан корхонанинг ихтиёрий тугатилганлиги тўғрисидаги эълон;
2) давлат рўйхатидан ўтказилганлик тўғрисидаги гувоҳнома;
3) корхонанинг барча ҳисобрақамлари ёпилганлиги тўғрисида хизмат кўрсатувчи банкларнинг маълумотномалари;
4) корхонанинг муҳр ва штамплари;
5) ваколатли органнинг, агар мавжуд бўлса, чиқарилган қимматли қоғозларини бекор қилиш тўғрисидаги маълумотномаси;
6) агар мавжуд бўлса, барча лицензиялар (рухсатномалар)нинг асл нусхалари;
7) давлат солиқ хизмати органининг солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича қарз йўқлиги тўғрисидаги маълумотномаси;
8) корхона ҳужжатларининг давлат архивига топширилганлигини тасдиқловчи маълумотнома тақдим этилади.
Шундан сўнг, корхонангиз давлат рўйхатидан чиқарилади ва бу ҳақда икки-уч кун давомида тугатувчига тегишли қарор тақдим этилади.
Корхона ёпилгани ҳақида бошқа ҳеч кимга маълум қилишнинг кераги йўқ. Бу ҳокимиятнинг вазифаси.
Ольга Бусарова, “Солиқ инфо”