8
БОЛАНИНГ ТУҒИЛГАНИДАН ОЛТИ ОЙЛИККАЧА
БЎЛГАН ДАВРДА РИВОЖЛАНИШИ
Жисмоний ривожланиш, ўз-ўзига хизмат ва гигиена
(туғилгандан - 6 ойликкача)
Одатда одамнинг ёши туғилган кунидан бошлаб ҳисобланади. Лекин
аслида одамнинг ривожланиши туғилмасдан илгари – она қорнидан
бошланади. Бу давр жуда тез ва мураккаб тараққиёт жараёнида кечади.
Боланинг туғилгандан кейинги ривожланиши унинг она қорнидаги
тараққиёти билан узвий боғлиқ. Шунинг учун боланинг туғилгунга қадар
бўлган даври алоҳида эътиборга молик. Бу даврда боланинг маълум
даражада ташқи муҳит таъсирида бўлишини ҳам ёдда тутиш лозим. Бу
таъсир она вужуди орқали бўлгани сабабли, ҳомиладорлик даврининг ҳар
жиҳатдан меъёрда кечиши боланинг она қорнида меъёрда ривожланишини
ва ҳар томонлама соғлом туғилишини таъминлайди.
Гўдакнинг вазни туғилган пайтда 3,5 кг бўйи 50-55 см атрофида, уч
ойлик даврида унинг вазни тахминан 5-6 кг, бўйи 65 см бўлади.
Йирик моторикани ривожлантириш. Бола дунёга келибоқ ҳаракат
фаолияти, жисмоний ривожланиши шакллана бошлайди, аста-секин ўз
танасини бошқаради, тик ҳолатда бошини дадил ушлаб туради, тиззасини
букиб оёқларига таяна бошлайди. Кичкинтойни қўлтиғидан ушлаб
турилганда, оёқларини букмасдан тўғри туриб олади; чалқанча ётган
ҳолатдан қорнига ағдарилади; икки оёғини кўтариб, бир оёғини оғзи
томонга тортади; қўлчаларини оғзига яқинлаштиради; гавдаси ва қўллари
билан буюмга интилади. Бола теварак-атрофдаги нарсаларга қизиқиб
қарайди, тепасига осилган ўйинчоқларни томоша қилади, унга қўлчалари
билан талпинади, ўйинчоқни катталарнинг қўлидан олади ва ушлаб
туради; ўйинчоқ билан фаол ўйнайди, силтайди, шиқиллатади, оғзига олиб
боради, тишлайди; ўз қўлларини ушлаб кўради, кафтларини очиб томоша
қилади. Катталар доимий равишда боланинг фаол ҳаракатларини
рағбатлантириб боришлари, қўллаб-қувватлашлари лозим.
Боланинг йирик моторикасини ривожлантириш учун қуйидаги
машқлар ўтказилиши тавсия этилади: кичкинтойни икки қўллаб қаттиқ
юзада тик ҳолатда ушлаб туриш; қорни билан ётганда, кўкрак қафасини
кўтариб, бошини юзадан баланд ушлаб туришига имкон бериш; қўлларига
ўйинчоқ бериш; бир қўлига ёрқин рангдаги шиқилдоқ ушлатиб, уни
иккинчи қўлига олишини рағбатлантириш; болани чалқанча ётқизиб, аввал
бир оёғини, кейин иккинчи оёғини аста тортиб, букиб машқ қилдириш.
Болага яхши кўрган ўйинчоғини узатиб, унинг ўйинчоққа интилишини,
қўллари ва гавдаси билан ҳаракатланишини кузатиш; ўйинчоқни боладан
узоқроққа қўйиб, гавдаси билан унга қараб ҳаракатланишга йўналтириш.
Do'stlaringiz bilan baham: