Пул маблағлари ва қисқа муддатли молиявий инвестициялар ҳисоби
Шу билан бирга банклар ҳам мулкчилик шаклидан қатъий назар, мижозлар олдида қабул қилган мажбуриятлар бажарилмагани учун моддий жавобгар бўлади; уларнинг вазифалари – тўлов муомалаларини ўтказишнинг белгиланган қоидаларига қатъий риоя этилишини амалда таъминлаш, хизмат кўрсатаётган корхона ва ташкилотларнинг «Ўзбекистон Республикасида
корхоналар тўғрисида»ги қонунида кўзда тутилган ҳуқуқларини бирон-бир тарзда бузишга ва иқтисодий манфаатларини камситишга йўл қўймаслик, ушбу қоидаларни қўллаш амалиётини мунтазам равишда умумлаштириш, ишлаб чиқиш ва тўлов муомалаларини тартибини янада такомиллаштириш бўйича таклифлар киритишдир.
Корхоналар томонидан бюджет ва турли фондлар ўртасидаги қарзларни узиш пул тўлов воситасида амалга оширилади. Ликвид активлар бўлган пул маблағлари ёрдамида корхоналар маблағларининг пул шакллари ишлаб чиқариш заҳиралари, меҳнат қуроллари ва ҳоказоларга айлантирилиши, пул тушумини ва ундан ўрин олган соф даромадни олиш амалга оширилади.
Шундай қилиб, тўлов тизими ва тўлов муомалалари маблағлар доиравий оборотини таъминлашнинг энг муҳим омили бўлиб майдонга чиқади, уларни ўз вақтида тугаллаш эса ишлаб чиқаришнинг узлюксиз жараёнини таъминлашнинг зарурий шарти бўлиб хизмат қилади.
Тўловлар, асосан, нақд пулларни ишлатмасдан, корхонанинг банкда очган ҳисоб-китоб, валюта ёки бошқа хил ҳисобварақлари орқали ёки нақд пуллар билан ўзаро ҳисоб-китоблар кўринишида амалга оширилади (нақд пулсиз ёки нақд пулли ҳисоб-китоблар).
Ҳисоб-китоб муомалаларини банк орқали ўтказиш корхоналарнинг ўзлари белгилаган иш ҳақи фондларига, хизмат сафарлари ва хўжалик харажатлари лимитларига риоя қилишларини ҳар томонлама назорат қилиш, корхонанинг давлат бюджети билан солиқлар, йиғимлар бўйича ўз вақтида ҳисоб-китоб қилишини, мол этказиб берувчиларнинг ҳисобварақлари ва тўлов талабномаларига ўз вақтида ҳақ тўлашни кузатиб бориш, корхонага турли мақсадлар учун, муайян таъминот ҳисобидан ссудалар бериш ва мазкур ссудаларнинг белгиланган муддатда қайтарилишини кузатиш ва ҳоказолар имконини беради.
Банк орқали нақд пулсиз ўтказишлар йўли билан тўловлар шакли ёрдамида нафақат мол этказиб берувчилар билан улардан келиб тушган моддий бойликлар учун ёки харидорлар билан улар сотган маҳсулотлар, бажарган ишлар ва хизматлар учун ҳисоб-китоблар, балки шунингдек бюджет билан солиқлар бўйича, турли хил дебитор ва кредиторлар, бош (асосий) компания ёки бирлашма билан (ички доиравий, ички хўжалик ҳисоб-китоблар), касаба уюшма ташкилоти билан ҳисоб-китоблар ҳамда бир қанча бошқа тўловлар амалга оширилади.
Бозор иқтисодиёти шароитида пул маблағлари билан биргаликда қисқа муддатли инвестициялар катта аҳамиятига эгадир. Мамлакатимизда инвестицион муҳитни барпо этиш ҳамда инвестицион фаолиятни ривожлантириш ишлари амалга оширилаётган вақтда қисқа муддатли инвестицияларнинг иқтисодиётдаги ўрни янада ошади.
Иқтисодий тизимда пул маблағлари ва қисқа муддатли молиявий инвестицияларнинг амал қилишини тартибга солиш ва такомиллаштириш, энг аввало, уларнинг ҳисобда тўғри ва ўз вақтида акс эттирилишига боғлиқдир.
Бухгалтерия ҳисоби олдида пул маблағлари ва қисқа муддатли инвестицияларни ҳисобга олиш бобида қуйидаги асосий вазифалар туради:
корхонанинг пул маблағларини самарали бошқариш мақсадлари учун зарур ахборот билан таъминлаш;
мазкур шароитларни тартибга солувчи меъёрий ҳужжатлар талабларига риоя этган ҳолда нақд пулсиз ўтказишлар ва нақд пуллар воситасида зарур тўловлар ва ҳисоб- китобларни ўз вақтида амалга ошириш;
ҳисоб регистрларида тўлов ва ҳисоб-китоб муомалалари пул маблағларининг мавжудлиги ҳамда ҳаракатини тўлиқ ва тезкор акс эттириш, зеро корхона пул маблағларининг ҳаракати корхона амалий фаолиятининг асосий кўрсаткичларидан бири ҳисобланади;
пул маблағларидан корхонада ишлаб чиқилган лимитлар ва сметаларга мувофиқ фойдаланишнинг амалдаги қоидаларига риоя қилиш;
пул маблағлари ва ўзаро ҳисоб-китоблар ҳолатининг инвентаризатсиясини ташкил этиш ҳамда белгиланган муддатларда ўтказиш;
кассада, банклардаги ҳисоб-китоб, валюта ва бошқа ҳисобварақларда пуллар мавжудлиги ва бутлигини назорат қилиш;
пул ресурсларининг ҳаракат оқимини прогнозлаш ва пул маблағларининг ҳаракат оқимини мақбул ҳолга келтиришни тартибга солиш бўйича тегишли бошқарув қарорларини тайёрлаш;
қисқа муддатли инвестициялар билан боғлиқ муомалаларни ўз вақтида ҳисобга олиш.
Do'stlaringiz bilan baham: |