Хўжалиги. Ҳозирги Канада АҚШ, Япония, Германия, Буюк Британия, Франция, Италия, Россия давлатлари билан бирга «катта саккизлик» мамлакатлар гуруҳига кириб, хорижий дунёнинг индустриал етакчи мамлакатларидан биридир. Мамлакатда қисқа тарихий вақт давомида бозор муносабатларига асосланган иқтисодиёт барпо этилди.
Канада хорижий дунёда никел, рух, асбец,калий тузлари ва целлюлоза- қоғозлари ишлаб чиқариш бўйича етакчи мамлакатдир. Бундан ташқари мамлакат олтин, кумуш, уран, олтингугурт, кобальт, темир рудаси, мис қазиб чиқаришда етакчи ўринларни эгаллайди. Канада қазиб олувчи саноат маҳсулотлари хом-ашё ва ярим фабрикантларнинг жами 80 фоизини жаҳон бозорига чиқаради.
Саноати. Энергетика- мамлакат ёқилғи энергетика балансида бирламчи энергия манбалари ҳиссасига нефть 35 фоиз, табиий газ-37 фоиз, кўмир-13 фоиз, гидро-энергия ресурслари 9 фоиз, атом энергияси 2,4 фоиз тўғри келади. Мамлакатнинг нефть ва табиий газ қазиб олувчи асосий районлари Британ Колумбияси, Альберта ва Соскачеван провинцияларида жойлашган. Бу ерда ғарбдан шарқга қараб трансканада қувирлари ўтказилган. Мамлакатда қазиб олинаётган нефть ва газ асосан АҚШга экспорт қилинади. Бироқ Канаданинг шарқий провинциялари нефтьни четдан импорт қилади. Канада ривожланган нефтьни қайта ишлаш саноатига эга. Мамлакатнинг йирик нефтьни қайта ишлаш заводлари Монреаль, Сарнии, Ванкувер, Эдмонтон шаҳарларида жойлашган.
Канадада тошкўмир асосан ғарбий провинциялардан қазиб олинади. Мамлакатда йилига 62 млн тоннадан кўпроқ тошкўмир қазиб олинади. Канадада қазиб олинаётган жами кўмирларнинг ярми (37 млн тонна) Альберта провинциясида. Британ Колумбияси провинциясидан йилига 20 млн тонна кўмир қазиб олинмоқда. Бу ердан Тинч океан портлари орқали кўмир Японияга экспорт қилинади. Мамлакатнинг шарқида кўмир Янги Шотландия провинциясида қазиб олинмоқда.
Канада электроэнергия ишлаб чиқариш бўйича дунёда етакчи мамлакатлар гуруҳига киради. Мамлакатда йилига 535 млрд квт\соат электр энергия ишлаб чиқарилади. Ишлаб чиқарилаётган электроэнергиянинг катта қисми яъни 60% ГЭС га қолган 28% ИЭС га, 12% АЭС га тўғри келади.
Тоғ-кон саноати- мамлакат иқтисодиётида муҳим аҳамиятга эга бўлиб, қайта ишлаш саноатини хом-ашё билан таъминлайди. Шу билан биргаликда тоғ-кон саноати мамлакат экспорт қийматида 30 фоиз улушни ташкил этади.
Канадада йилига 35 млн тонна темир рудаси, 9 млн тонна калий тузлари, 160 тонна олтин, 1170 тонна кумуш, 11,7 тонна уран (Соскачеван провинциясининг шимолида жойлашган Ки-Лейк кони-дунёдаги уран қазиб чиқариладиган йирик кон) қазиб чиқарилади. Канада никель, рух, асбест, калий тузи қазиб чиқариш бўйича ғарб мамлакатлари орасида биринчи ўринда туради. Мамлакат қўрғошин, мис, кумуш, олтин, темир рудаси, табиий газ қазиб чиқариш бўйича дунёда олдинги ўринлардан бирини эгаллайди. Кўпгина қазилма конлар мамлакатнинг жанубида жойлашган. Онтарио провинциясида мис, никель кони, уран кони, Квебек провинциясида мис кони, темир руда кони, Соскачебан провинциясида калий туз кони, уран кони, Манитоба провинциясида никел конлари жойлашган. Мамлакатнинг Канада-Арктика архипелагида полиметалл ҳамда нефть ва табиий газ конлари шимоли- ғарбий ҳудудларда эса полиметалл конлари жойлашган.
Қора металлургия-саноати маҳаллий капитал негизида шаклланган. Йилига 13-15 млн тонна пўлат ишлаб чиқарилади. Мамлакатнинг йирик металлургия марказлари Атлантика қирғоқбўйи ва Буюк кўл бўйида жойлашган. Йирик металлургия марказларга Гамилтон, Су- Сент- Мари, Уелленд, Сидни каби марказларни мисол келтириш мумкин.
Рангли металлургия-мазкур саноат тармоғининг ривожланишида АҚШ ва Буюк Британия сармояси мавқеи кучли. Сўнгги йилларда мамлакатда рангли металлар ишлаб чиқаришда (мис,қўрғошин,никель, рух) катта ютуқларга эришилди. Канада альюминий ишлаб чиқариш бўйича дунёда АКШдан кейин иккинчи, уни экспорт қилиш бўйича эса биринчи ўринда туради. Мамлакат альюминий саноати маҳаллий гидроэнергетика ресурслари ва импорт асосида ташиб келтириладиган хом-ашё негизида шаклланган. Канадада рангли металлар ишлаб чиқариш бўйича бир қанча йирик корхона ва марказлар шаклланган.
Машинасозлик саноатига- жами саноат маҳсулот қийматининг ва қайта ишлаш саноатида банд саноат ишчи ходимларининг 30 фоизи тўғри келади.
Мамлакатда тез суръатлар билан ўсиб бораётган машинасозлик тармоқлари ичида транспорт (автомобильсозлик, кемасозлик, темир йўлларининг ҳаракатланувчи тизимлари) ва қишлоқ хўжалик машинасозлиги алоҳида ажралиб туради. Мамлакатда энергетика ҳамда тоғ-кон ва ўрмон саноати учун асбоб ускуналар ишлаб чиқариш ривожлантирилган, бўлиб Торонто, Монреаль, Гамилтон, Оттава, Галифакс, Ванкувер каби машинасозликнинг муҳим марказлари шаклланган.
Кимё саноати-ушбу саноат тармоғи асосий кимё, минерал ўғитлар, полимерлар, пластмассалар, синтетик маҳсулотлар ишлаб чиқаради. Канада минерал ўғитлар ишлаб чиқариш бўйича дунёда 4-чи ўринда туради. Мамлакатда Сарния, Монреаль, Торонто, Ниагара-Фольс, Китченер каби кимё саноатининг муҳим марказлари ишлаб турибди.
Ўрмон целлюлоза-қоғоз саноати- мамлакатнинг бой ўрмон ресурсларига таяниб, сўнгги йилларда тез суръатларда ривожланиб бормоқда. Мазкур тармоқда асосий ишлаб чиқариш мамлакатнинг шарқий қисмида ва йирик гидроэлектрстанциялар жойлашган районларда тўпланган. Сўнгги йилларда целлюлоза-қоғоз ишлаб чиқарувчи корхоналар мамлакатнинг ғарбида Британ Колумбияси провинциясида, Манитоба провинциясининг шимолида, Альберта, Соскачеван провинцияларида ҳам қуриб ишга туширилди. Канада ёғоч ва целлюлоза- қоғоз маҳсулотларини экспорт қилувчи асосий мамлакатлардан биридир.
Қишлоқ хўжалиги. Канадада қишлоқ хўжалигида фойдаланиладиган ерларнинг умумий майдони 79 млн гектарни ташкил этади. Мамлакатнинг шимолидаги бепоён ҳудудларида қишлоқ хўжалигини ривожлантириш учун иқлим шароитларидан фойдаланиш ноқулай. Канада шимолий ҳудудларида яшовчи туб аҳолининг асосий хўжалиги, ўтмишда бўлгани сингари денгиз овчилиги, балиқчилик, тундранинг континентал қисмида эса буғу ва мўйнали ҳайвонлар овчилиги каби анъанавий тармоқлар ташкил этади.
Канадада қишлоқ хўжалигида фойдаланиладиган ерлар таркибида ҳайдаладиган ерлар катта қисмини яъни 60 фоизни эгаллайди. Шудгор қилинадиган ерларнинг катта қисми 75 фоизи жанубдаги Дашт провинциясида жойлашган.
Мамлакатнинг бош қишлоқ хўжалиги райони Дашт провинцияси (Соскачеван, Альберт, Манитоба провинциялари) ва (Онтарио, Квебек) провинциялари ҳисобланади. Сўнгги йилларда узоқ ғарбнинг қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқаришдаги ҳиссаси ошмоқда.Дашт провинциялари дон етиштиришдаги яйлов гўшт қорамолчилиги ва қўйчиликнинг гўшт-жун маҳсулотлари етиштиришга ихтисослашган. Мамлакатда Саскачеван провинцияси асосий буғдой етиштирувчи провинцияси ҳисобланади. (Ушбу провинция гербида-учта буғдой бошоғи тасвирланган). Канада дунёда донли экинлар ялпи ҳосили бўйича бешинчи ўринда туради. Буғдой етиштириш,айниқса уни экспорт қилиш бўйича эса етакчи мамлакатлар гуруҳига киради. (Канада буғдой экспорти қилиш бўйича дунёда иккинчи ўринда туради).
Буюк кўлбўйи районида чорвачиликнинг сут ва гўшт етиштириш йўналиши, чўчқачилик, паррандачилик ва деҳқончиликнинг сабзавотчилик, Ниагара районида эса мевачилик тарқалган.
Мамлакатдаги энг кичик ва аҳолиси зич, қишлоқ хўжалигига ихтисослашган Шаҳзода Эдуард ороли провинцияси ўзининг дунёда энг йирик картошкалари билан машҳур, бу ерда етиштирилган сифатли картошка уруғлари дунёнинг кўплаб мамлакатларига экспорт қилинади.
Канаданинг Янги Шотландия ва Британ Колумбиясида мевачилик ривожланган. Айниқса олма етиштириш Янги Шотландия провинциясида ривожланган. Шунингдек, бу ерда Канада учун хос узум етиштириш ва вино ишлаб чиқариш, олма, нок, олча, шафтоли, ўрик етиштириш йўлга қўйилган. Мамлакатда балиқчилик ривожланган.
Транспорт тармоқлари. Канадада транспорт тармоқларининг барча турлари ривожланган. Бироқ транспорт тармоқлари мамлакат ҳудуди бўйлаб нотекис жойлашган. Мамлакат ҳудудининг катта қисмида (шимолий районларда) амалда транспорт йўллари қурилмаган.
Канада темир йўлларнинг узунлиги бўйича дунёда АКШ ва Россиядан кейинда туради. (Темир йўлларининг умумий узунлиги 97389 минг км.дан ортиқ).
Мамлакат автомобил йўлларининг умумий узунлиги 884272 км. бўлиб фақат АҚШдан кейин туради.
Канадада қувур транспорт тури ҳам ривожланган. Қувур транспорти асосан нефть ва газ конлари билан истеъмолчи районлар оралиғида қурилган.
Буюк кўллар ва Авлиё -Лаврентия дарёси бўйлаб денгиз-кўл транспорти (ички сув йўллари 3000 км.) катта хўжалик аҳамиятига эга. Мамлакатнинг Тинч океан қирғоғи бўйида Ванкувер (юк айланмаси йилига 50 млн тоннадан ортиқ), Сент-Джонс ва Атлантика океан соҳили бўйида эса Галифакс, Квебек, Монреаль, Тандер-Беу, Торонто каби йирик портлар ишлаб турибди.
Канада ҳаво йўлларининг узунлиги бўйича дунёда 2-чи ўринда туради. Мамлакатда йирик Монреал халқаро аэрапорти ишлаб турибди.
Асосий саноат тармоқлари ва марказлари
Ташқи иқтисодий алоқалари.
Канаданинг АҚШ билан бевосита қўшничилиги, унинг иқтисодий ва ижтимоий ривожланишида муҳим ва ҳал қилувчи рол ўйнайди.
Экспорти – 400 млрд.дан ортиқ АҚШ доллари ҳисобида.
Асосий маҳсулотлари: Автомобиллар ва бутловчи қисмлар, саноат тармоқлари учун асбоб-ускуналар, минерал хом ашё, ёғоч, электр ускуналар ва бошқалар.
Ҳамкорлари: Канаданинг йирик ташқи савдо шериги Америка Кўшма Штатлари (75%) ҳисобланади. Бундан ташқари мамлакат жаҳоннинг Буюк Британия, Япония, Германия, Франция, Хитой, Мексика, Карея Республикаси ва Россия каби мамлакатлар билан ташқи иқтисодий алоқаларни олиб боради.
Импорти – 400 млрд.га яқин АҚШ доллари.
Асосий маҳсулотлари:
Автомобиллар ва бутловчи қисмлар, машина ва асбоб-ускуналар, кимёвий маҳсулотлар, истеъмол маҳсулотлари.
Ҳамкорлари: АҚШ (50%), Хитой (10%), Мексика, Япония,
Буюк Британия, ГФР.
Шимолий Америка эркин савдо ассоциацияси: АҚШ ва Канада ўртасида 1988 йилда икки томонлама келишув имзоланди. 1992 йилда Мексика билан бирга ассоциация ташкил этиш бўйича келишиб олинди. Умумий ЯММнинг (9 трлн. АҚШ долларидан ортиқ) 86% АҚШ, 9% Канада, 5% Мексикага тегишли.
Канада 1991 йил 25 декабрда Ўзбекистон Республикасининг суверенитетини тан олди ва Ўзбекистон Республикаси билан 1992 йил 7 апрелда дипломатик муносабатлари ўрнатди.
Do'stlaringiz bilan baham: |