КАМБАҒАЛНИНГ ШУКРОНАСИ
Тангрим, Ўзингга шукур!
Минг шукурки, тамом бўлди емагим,
титилиб бормоқда
эгнимдаги жулдур кийим ҳам.
Олти болам хотиним билан
менинг қўлимга қарар,
мен эса - Сенинг қўлингга.
Шукурки, маошим етмайди
кейинги маошга қадар.
Тангрим, Ўзингга шукур...
Агар эрта учун ҳам
ноним бўлганда,
кийимим бўлганда
алиштириб киймоққа,
(Ўзинг асрагину)
маошим етганда
кейинги маошга қадар,
Сени қачон йўқлардим, Тангрим?..
Сирожиддин Шавкат
01.12.2020.
Do'stlaringiz bilan baham: |