ХХV-БОБ. МАЖБУРИЯТЛАРНИНГ БЕКОР БЎЛИШИ
1-§. Мажбуриятларни бекор бўлиш тушунчаси
Ҳар қандай ҳуқуқий муносабат каби мажбурият ҳам муайян асослар, яъни, муайян юридик фактлар мавжуд бўлган вақтда бекор бўлади. Мажбуриятнинг бекор бўлиши деганда вужудга келган юридик факт туфайли мажбурият иштирокчилари ҳуқуқ. ва бурчларининг бекор бўлиши тушунилади.61 Мажбурият фуқаролик кодексида, бошқа қонунларда ёки шартномада назарда тутилган асосларга кўра тўлик ёки қисман бекор бўлади. Мажбуриятни тарафлардан бирининг талаби билан бекор қилишга қонун хужжатлари ёки шартномада назарда тутилган холлардагина йўл қўйилади (ФК, 340-модда).
Амалдаги қонунчиликка кўра, мажбурият қуйидаги холларда бекор бўлади:
1. Мажбуриятнинг бажарилиши билан;
2. Воз кечиш хақини бериш билан;
3. Хисобга ўтказиш билан;
4.Талабдан бошқа шахc фойдасига воз кечиш билан;
5. Қарздор билан кредитор бир шахc бўлиб қолиши билан;
6. Мажбурият янгиланиши билан;
7. Қарздан воз кечиш билан;
8. Бажариш мумкин бўлмаганлиги туфайли;
9. Давлат органи хужжати асосида;
10.Фуқаронинг вафот этиши билан;
11. Юридик шахc тугатилиши билан.
2-§. Мажбуриятларнинг бажарилиши билан бекор бўлиши
Мажбурият қоида тариқасида унинг лозим даражада бажарилиши билан бекор бўлади. Мажбуриятлар бекор бўлишининг энг кўп тарқалган усулларидан бири мажбуриятни тегишли равишда ижро этилишидир. Мажбуриятларнинг бекор бўлиши учун бажариш тегишли равишда амалга оширилмаса, мажбуриятни бекор қилмай, балки уни бузганлик учун мулкий жавобгарлик белгиланади, баъзи холларда мажбуриятни реал равишда бажариш вазифаси ҳам сақланиб қолади. Айрим мажбуриятлар тегишли равишда бажарилиши билан бекор бўлади, шу билан бирга, мажбуриятни талаб даражасида бажарган шахсга шу шартномани қайта тиклашда имтиёзли ҳуқуқ берилади. Масалан, бирор мулкни ижарага олган шахc ўз зиммасига олган мажбуриятини, талаб даражасида бажарса, шу мулкни ижарага олиш учун янги шартнома тузишда бошқа шахсларга нисбатан имтиёзли ҳуқуққа эга бўлади. Кредитор ижрони қабул қила туриб, қарздорнинг талаби бўйича унга ижронинг тўла ёки қисман қабул қилинганлиги тўғрисида тилхат беришга мажбур. Агар қарздор мажбуриятни тасдиқлаш юзасидан кредиторга қарз хужжати берган бўлса, кредитор ижрони қабул қила туриб бу хужжатни қайтариши, агар уни қайтариш мумкин бўлмаса, бу тўғрида ўзи берган тилхатда кўрсатиши лозим. Тилхат қайтарилаётган қарз хужжатига устхат ёзиш билан ҳам алмаштирилиши мумкин.
Мажбуриятнинг бажарилганлигини исботловчи бошқа хужжатлар ҳам бўлиши мумкин. Сотилган ашёларни олувчига жўнатиш учун транспорт ташкилотига топширилиши ёки олувчига юбориш учун алоқа бўлимига берилиши тўғрисидаги хужжат шулар сирасига киради. Қарз хужжатининг қарздор қўлида бўлиши, бошқа бир хол исботланмагунча, мажбуриятнинг бекор бўлганлигини тасдиқлайди. Кредитор тилхат беришдан, қарз хужжатини қайтаришдан ёки қайтариб бериш имконияти йўқлигини тилхатда кўрсатишдан бош тортган тақдирда, қарздор ижрони тўхтатиб туришга хақли бўлади. Бундай холларда кредитор муддатни кечиктирган хисобланади (ФК, 258-модда).
Қарз хужжатининг қайтарилиши ёки уни қайтариш мумкин бўлмаганлиги тўғрисидаги тилхат ўрнига берилган хужжат устига ижронинг қабул қилинганлиги хақида ёзиб бериши мажбуриятнинг ижро этилганлигини исботлаш хужжатларидан бири хисобланади. Қарз хужжати (тилхат) қарздор томонидан кредиторга берилади. Бундай хужжат билан кўпинча маиший пудрат шартномаларидан келиб чиққан мажбуриятлар гувохлантирилади. Қарз хужжати кредитор қўлида бўлиши-мажбуриятнинг мавжудлигини исботловчи далил хисобланади ва унга мажбуриятнинг бажарилишини талаб қилиш ҳуқуқини, масалан, қарз пулининг тўланишини, буюртма қилинган нарсанинг берилишини талаб қилиш ҳуқуқини беради, Кредитор мажбуриятнинг ижросини қабул қила туриб, қарздорга қарз хужжатини қайтаришга мажбур. Қарздор эса иажбуриятнинг бажарилганлигини тасдиқлайдиган хужжатни ўзига берилишини кредитордан талаб қилиш ҳуқуқига эга.
Айрим холларда мажбуриятнинг бажарилганлиги тўғрисида кредитордан алохида хужжат олмай, балки қарздорнинг тилхати устига мажбуриятнинг бажарилганлигини, масалан, қарз пулининг бутунлай ёки қисман олинганлигини ёзиш мумкин. Ўз ҳарактерига кўра қарз хужжати то мажбурият тегишли суратда бажарилгунга қадар кредиторда бўлиши керак. Қарз хужжатининг қарздорга қайтарилиши мажбуриятнинг бажарилганлигини билдиради. Шунинг учун қарз хужжатининг қарздор қўлида бўлиши бошқа бир хол исботланмагунча, мажбуриятнинг бажарилганлигини ва шу билан унинг бекор бўлганлигини тасдиқлайди.
Башарти кредитор йўқ бўлса ёки у ижрони қабул қилишдан бош тортса, ёхуд бошқа сабабларга кўра қабул қилиш муддатини ўтказиб юборса, шунингдек, муомала лаёқатига эга бўлмаса ёки муомала лаёқати чекланган бўлса, ижрони қабул қилишга рози бўлган вакил қоғозни нотариал идоранинг депозитига қўйиши мумкин. Бундай холларда пулни ёки қимматли қоғозни кредитор номига нотариал идоранинг депозитга қўйиш, мажбуриятни лозим даражада бажариш бўлиб хисобланади.
Юридик шахслар ўртасидаги муносабатларда мажбуриятнинг бажарилиши тегишли хужжатлар билан расмийлаштирилади. Юборилган товарлар ёки кўрсатилган хизматлар учун тўланган суммани тасдиқлайдиган счётлар ёки квитанциялар ана шундай хужжатлар хисобланади.62 Улар ташкилотлар маблағлари хисобидан пул тўловлари ва бошқа ҳаражатларнинг тўғри сарфланганлигини тасдиқлаш ҳамда тегишли назорат олиб бориш имконини беради.
Do'stlaringiz bilan baham: |