16.2-чизма. Аудиторлик ташкилотларининг турдош хизматлари
гуруҳлари таркиби
Аудиторлик текширувлари ва бошқа турдош профессионал хизматларидан иборат бўлган аудитнинг асосий вазифалари бўлиб қуйидагилар ҳисобланади:
шартномаларда кўрсатилган комплекс ёки тематик аудит объектлари бўйича харакатдаги қонунлар ва бошқа меъёрий хужжатларга амал қилинганликни аниқлаш, мавжуд камчиликларни очиб бериш;
хўжалик юритувчи субъектларнинг бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботи ҳолатини баҳолаш ва унга хулоса бериш;
мавжуд камчиликларни бартараф этиш бўйича аниқ тавсияларни ишлаб чиқиш;
хўжалик юритувчи субъектларга ҳисобни юритиш, уни тиклаш, солиқ декларацияларини тузиш, мавжуд камчиликларни бартараф қилишда амалий ёрдам кўрсатиш, маслаҳатлар бериш ва бошқалар.
16.2. Аудитнинг предмети ва объектлари
Аудит, бир томондан махсус аудиторлик ташкилотларининг фаолияти, иккинчи томондан, махсус иқтисодий фан сифатида ўзининг предметига ва аниқ объектларига эга.
Аудитнинг предмети деганда аудиторлик текширувидан ўтадиган объектлар мажмуаси тушунилади. Бундай объектлар бўлиб, хўжалик юритувчи субъектларнинг молиявий хўжалик фаолияти, ушбу фаолиятни ташкил этувчи барча жараёнлар ва операциялар, хўжалик маблағлари, маблағларни ташкил топиш манбалари, ҳисоб-китоблар, ўзаро муносабатлар, молиявий хўжалик фаолияти кўрсаткичлари, уларни акс эттирувчи бошланғич, оралиқ ва йиғма хужжатлар, молиявий ва статистик ҳисоботлар, хўжалик юритувчи субъектларнинг раҳбарлари ҳамда бошқа маъсул ва моддий жавобгар шахсларнинг фаолиятлари, буйруқлар, қарорлар ва бошқалар ҳисобланади. Профессионал хизмат, иқтисодий фаолият тури сифатида аудит юқорида келтирилган объектларни текшириш, уларга баҳо бериш ва бирон-бир хулосага келишни билдиради. Иқтисодий фан сифатида аудит белгиланган объектларни текшириш тартибларини, текшириш натижаларини аниқлаш, умумлаштириш, расмийлаштириш ва тадбиқ этиш усулларини ўргатади.
Аудитнинг предмети ва объектлари кўрсатиладиган аудиторлик хизматининг турига, унинг олдига қўйилган мақсад ва вазифаларга боғлиқдир. Мисол учун, комплекс аудиторлик текширувининг предмети бўлиб хўжалик юритувчи субъектнинг маълум бир ҳисобот йиллардаги молиявий хўжалик фаолияти натижалари, улар мулки ва мулкни ташкил топиш манбалари, пул оқимлари, хусусий капиталдаги ўзгаришлар ҳисобланади. Тематик аудиторлик текширувининг предмети сирасига бухгалтерия ҳисобининг маълум бир бўлими ёки молиявий хўжалик фаолиятининг аниқ кўрсаткичи, хўжалик ситуациялари, шубҳали ёки мунозарали ҳолатлар киради. Аутсорсинг асосида олиб бориладиган профессионал аудиторлик хизматларининг предмети бўлиб мижоз корхона томонидан аудиторлик ташкилотига шартнома асосида юклатилган аниқ функциялар, жумладан, ҳисобни тиклаш, уни юритиб бериш, солиқ декларацияларини тузиб бериш ва бошқалар ҳисобланади. Консалтинг хизматлари предметига мижоз томонидан маслаҳат бериш сўралган масалалар ёки саволлар киради.
Профессионал аудиторлик хизматлари на фақат бухгалтерия ҳисобига тегишлидир. Профессионал аудиторлик хизматларининг предметига кирувчи объектларга бухгалтерия ҳисоби объектларидан ташқари бошқарув ҳужжатлари (бизнес-режа, буйруқлар, қарорлар, устав, шартномалар, баённомалар), маъсул ва моддий жавобгар шахслар фаолияти, улар ўртасидаги муносабатлар ва бошқалар ҳам киради.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, профессионал аудиторлик хизматларининг предметини ташкил қилувчи объектларни қуйидагича таснифлаш мумкин (16.3-чизмага қаранг).
Do'stlaringiz bilan baham: |