Таъминотчилар ва пудратчилар деганда корхонага товар-моддий бойликларни сотувчи, иш ва хизматларни бажарувчи турли бошқа корхона ва муассасалар тушунилади. Ушбу ташкилотлар билан бўладиган ҳисоб-китоблар тўланадиган ва олинадиган счётларга бўлинади.
Таъминотчи ва пудратчиларга тўланадиган счётлар – бу уларга корхона томонидан сотиб олинган товар (иш, хизмат)лар учун тўланадиган кредиторлик қарзлар суммаси.
Таъминотчи ва пудратчилардан олинадиган счётлар -бу уларга корхона томонидан сотиб олинадиган товарлар, бажариладиган ишлар ва кўрсатиладиган хизматлар учун олдиндан бўнак сифатида тўланган тўловлар суммаси.
Харидорлар ва буюртмачилардеганда корхонадан товар-моддий бойликлар, иш ва хизматларни сотиб олувчи турли бошқа юридик ва жисмоний шахслар тушунилади. Ушбу юридик ва жисмоний шахслар билан бўладиган ҳисоб-китоблар ҳам тўланадиган ва олинадиган счётларга бўлинади.
Харидорлар ва буюртмачиларга тўланадиган счётлар – бу корхонага харидор ва буюртмачилар томонидан сотиб олинадиган товарлар, бажариладиган ишлар ва кўрсатиладиган хизматлар учун олдиндан бўнак сифатида тўланган тўловлар суммаси.
Харидорлар ва буюртмачилардан олинадиган счётлар -бу сотилган товар (иш, хизмат)лар учун корхонага унинг харидорлари ва буюртмачилари томонидан тўланмасдан қолинган дебиторлик қарзлар суммаси.
Ҳисобдор шахслар деганда корхонадан хизмат сафари, тайёрлов ва бошқа мақсадларда пул маблағларини бўнак сифатида олган ходимлар тушунилади.
Олинадиган фоизлар – бу корхонанинг қисқа муддатларга бошқа юридик ва жисмоний шахсларга берган қарзлари ва кредитлари бўйича шартномаларга асосан ҳисобланган фоизлар.
Олинадиган дивидендлар -бу корхонанинг бошқа юридик шахслар устав капиталига ёки улар акцияларига киритилган инвестициялари бўйича ҳисобланган дивидендлар.
Тўланадиган дивидендлар – бу корхонанинг акционерлари ва таъсисчиларига ҳисобланган дивидендлар бўйича мажбуриятлари
Мавзу бўйича назорат саволлари
1.Ҳисоб-китоблар нима ва улар бухгалтерия ҳисобида қандай белгилари бўйича акс эттирилади?
2. Таъминотчилар билан ҳисоб-китоблар ҳисоби қандай юритилади?
3. Харидорлар билан ҳисоб-китоблар ҳисоби қандай юритилади?
4. Ҳисобдор шахслар билан ҳисоб-китоблар ҳисоби қандай юритилади?
5. Банк кредитлари ва қарзлар ҳисоби қандай юритилади?
6. Турли бошқа дебиторлик қарзлар ҳисоби қандай юритилади?
7. Турли бошқа кредиторлик қарзлар ҳисоби қандай юритилади?