Модификацияланган фикр — бу аудиторлик ташкилотининг аудиторлик хулосасида қуйидаги шакллардан бирида ифодаланган фикри:
салбий фикр – бу хўжалик юритувчи субъектнинг молиявий ҳисоботи унинг молиявий ҳолатини, молиявий натижаларини ҳаққоний акс эттирмаган ва бухгалтерия ҳисоби тўғрисидаги қонун талабларига мувофиқ келмаган ҳолатдаги аудиторлик фикри;
изоҳлар билан фикр – бу хўжалик юритувчи субъектнинг молиявий ҳисоботи унинг молиявий ҳолатини, молиявий натижаларини ҳаққоний акс эттирмаган ва бухгалтерия ҳисоби тўғрисидаги қонун талабларига мувофиқ келмаган ҳолатини аниқ изоҳлар билан келтирилган аудиторлик фикри;
фикр билдиришни рад этиш – бу хўжалик юритувчи субъектнинг молиявий ҳисоботи унинг молиявий ҳолатини, молиявий натижаларини ҳаққоний акс эттирмаган ва бухгалтерия ҳисоби тўғрисидаги қонун талабларига мувофиқ келмаган ҳолатда аудиторнинг фикр билдиришдан воз кечганлигини ифодаловчи фикри.
Модификацияланган фикр билдириш ҳоллари 70-сон АФМСнинг 3-боби 3-параграфида батафсил ёритилган.
Аудиторлик хулосасининг таркибий тузилмаси қуйидаги қисмлардан иборат:
аудиторлик хулосасининг номи;
адресати; кириш қисми;
қайд этиш қисми;
якуний қисми;
аудиторлик хулосасини бериш санаси;
аудитор (аудиторлар) ва аудиторлик ташкилоти раҳбарининг имзоси,
аудиторлик ташкилотининг муҳри (муҳр мавжуд бўлган тақдирда).
Аудиторлик ташкилоти модификацияланган фикр билдирган тақдирда у аудиторлик хулосасининг юқорида кўрсатилган мажбурий элементларига қўшимча равишда: алоҳида махсус қисмни киритиши шарт ва у аудиторлик ташкилотининг фикрини ифодаловчи якуний қисмдан олдин жойлаштирилади; қўшимча тушунтириш қисмини киритиши мумкин ва у аудиторлик ташкилотининг фикрини ифодаловчи аудиторлик хулосасининг якуний қисмидан кейин жойлаштирилади.
Аудиторлик хулосасининг номи, аудиторлик ташкилоти томонидан билдирилган фикрдан келиб чиқиб, қуйидагилардан бири бўлиши лозим:
ижобий фикр билдирилган аудиторлик хулосаси;
салбий фикр билдирилган аудиторлик хулосаси;
изоҳлар билан фикр билдирилган аудиторлик хулосаси;
фикр билдириш рад этилган аудиторлик хулосаси.
Аудиторлик хулосасининг таркибий тузилмасига талаблар стандартнинг 3-боби 4-7 параграфларида ўрнатилган.
Стандартга асосан аудиторлик хулосаси ёзма кўринишда тайёрланиши керак. Аудиторлик хулосасига унга нисбатан фикр билдирилган, бухгалтерия ҳисоби тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ хўжалик юритувчи субъект томонидан санаси кўрсатилган ва имзоланган молиявий ҳисоботнинг нусхаси илова қилинади. Аудиторлик хулосаси аудиторлик ташкилоти ва аудиторлик текширувининг буюртмачиси ўртасидаги келишувига мувофиқ белгиланган миқдордаги нусхада тайёрланади, бунда аудиторлик ташкилоти ва аудиторлик текширувининг буюртмачиси молиявий ҳисобот нусхаси илова қилинган аудиторлик хулосасидан камида бир нусхадан олишлари керак. Бунда, аудиторлик ташкилоти аудиторлик ҳисоботлари ва аудиторлик хулосаларининг нусхаларини, шу жумладан ушбу ҳужжатларнинг электрон версияларини, камида беш йил муддатда ишончли сақланишини таъминлаши шарт.
70-сон АМСга асосан тузилган ижобий фикр билдирилган ва салбий фикр билдирилган аудиторлик хулосалари намуна сифатида қуйида келтирилган.