13. ТИШЛАНГАНДА ЁРДАМ КЎРСАТИШ
Заҳарли илон ва ҳашаротларнинг чақиши. Заҳарли илон ва ҳашаротлар чақганда бош айланиши, кўнгил айниши, қайт этиш, оғизда қуруқлик ва аччиқ маза сезилади, юрак уриши тезлашади, қизиш, нафас сиқиши ва уйқучилик аломатлари пайдо бўлади. Алоҳида оғир ҳолатларда жабрланувчида томир тортишиши, ҳушини йўқотиши, нафас олишнинг тўхтаб қолиши мумкин. Чаққан жойда кучли оғриқ пайдо бўлади. тери қизаради, шиш пайдо бўлади. Илон чаққанида ёрдам кўрсатиш учун чаққан жойдаги заҳарни (иложи борича тезроқ) сўриб туфлаб ташлаш, ҳамда заҳарнинг тарқалишини секинлаштириш учун жабрланувчининг ҳаракатларини чеклаш лозим. Ёрдам кўрсатаётган одам учун заҳарни сўриб туфлаб ташлаш, ҳатто унинг оғзида шилинган жойлари бўлса ҳам, хавфли эмас. Чақилган оёқни соғлом оёққа бинт билан боғлаб қўйиш ва тагига бир нима қўйиб кўтариб қўйиш керак. Чақилган қўлни букланган ҳолатда маҳкамлаб қўйиш лозим. Жабрланувчига кўпроқ суюқлик (яхшиси иссиқ чой) ичириш керак. Чақилган қўл ёки оёққа чирмов боғлаш, чақиш жойини куйдириш, заҳарни яхшироқ чиқиши учун терини кесиш, жабрланувчига алкоголли ичимликлар ичириш қатъиян ман этилади. Жабрланувчини даволаш муассасасига жўнатиш керак. Уни ётган ҳолатда олиб бориш лозим.
Ҳашаротлар (асалари, ари, тукли ари, қовоғари) чақганида терининг ичига кириб қолган нишини олиб ташлаш, шишган жойига «ях» (муз, совуқ солинган идиш, совуқ сувга ҳўлланган латта) қўйиш, жабрланувчига кўпроқ суюқлик ичириш керак. Жабрланувчи алкоголли ичимликлар ичиши мумкин эмас, чунки у томирларнинг ўтказувчанлигини кучайтиради ва тўқималарда заҳарни ушлаб қолади, бу эса шишларнинг катталашишига олиб келади.
Ҳашаротларнинг заҳарига ўта таъсирчан бўлган (аллергияси бор) одамларда ҳашаротлар чақанидан кейин томоғи ва тили шишиши, ҳамда анафилактик шок бўлиши (ҳушидан кетиши, юрак-томир, асаб тизими ва бошқа органлар фаолиятининг бузилиши) мумкин. Бу ҳолда жабрланувчига 1-2 таблетка димедрол ва 20 — 25 томчи кордиамин ичириш, ён атрофига иссиқ сувли грелкалар қўйиш ва уни зудлик билан даволаш муассасасига етказиш лозим. Нафас олиши қийинлашса ва юраги тўхтаб қолса, сунъий нафас олдириш ва юракка ташқи массаж қилиш зарур.
Ҳайвонларнинг тишлаши. Ҳар қандай ҳайвон тишлаганида, у ташқи кўринишида соғлом бўлиб кўринса ҳам, ҳайвон шикастлаган яра жойи ва шилинган жойларнинг атрофидаги терини йод билан артиш ва стерил боғлам қўйиш лозим. Жабрланувчини қутуришга қарши эмланиши учун даволаш муассасасига юбориш керак.
Қутурган ҳайвоннинг сўлаги терисига, бурнига, кўзига ёки оғзига тушган одамни ҳам шифокорга юбориш керак.
Do'stlaringiz bilan baham: |