Жонларга ҳузурбахш тонг отди, бирам,
Улуғ бу умматга раҳматдир яна.
Муборак онларни айлаганча жам,
Азиз айёмимиз бошланди, мана.
Жаҳонни тўлдирмиш илоҳий таскин,
Умрнинг бир куни осойиш топди.
Мудом чиркин ўйлар йўлини тўсгин,
Ахир, тўрт ёнимиз офият ёпди.
Жаннат орзусига юрагинг боғла,
Унут дунёсини бугунча энди.
Майли, хаёлдами Каъба қучоғла,
Авомга бир Ҳажжул масокин келди!
Жонингни жабборга бермагин бир кун,
Ушла тасбеҳ, қарат Каъбага юзинг.
Масрур эт кўнглингни, кел, кўнгил учун,
Армуғон айлагин ўзингга ўзинг.
Жисмингга омонлик, қалбга нур тила,
Уйинг дуоларнинг шавқига тўлсин.
Мэҳринг, муҳаббатинг зиёси ила,
Айёминг янада мунаввар бўлсин.
Ўткирбек Мадумаров
2018-йил 12-январ, жума
8:45
Мадраса
Do'stlaringiz bilan baham: |