223-модда. Қонунга хилоф равишда чет элга чиқиш ёки
Ўзбекистон Республикасига кириш
Белгиланган тартибни бузиб чет элга чиқиш ёки Ўзбекистон Республикасига кириш ёхуд чегарадан ўтиш -
базавий ҳисоблаш миқдорининг икки юз бараваридан тўрт юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Ўша ҳаракатлар:
а) чегарани ёриб ўтиш йўли билан;
б) бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб;
в) такроран ёки хавфли рецидивист томонидан;
г) чет элга чиқиши учун махсус келишув талаб қилинадиган мансабдор шахс томонидан;
д) Ўзбекистон Республикасига кириш ҳуқуқи белгиланган тартибда чекланган шахс томонидан содир этилган бўлса, -
беш йилдан ўн йилгача муддатга озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Ўзбекистон Республикасининг Конституциясида назарда тутилган сиёсий бошпана ҳуқуқидан фойдаланиш учун кириш ҳужжатларини тегишли даражада расмийлаштирмасдан Ўзбекистон Республикасига келган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар жавобгарликдан озод қилинадилар.
(224-modda O‘zbekiston Respublikasining 2019-yil 5-noyabrdagi O‘RQ-579-sonli Qonuniga asosan o‘z kuchini yo‘qotgan — Qonun hujjatlari ma’lumotlari milliy bazasi, 06.11.2019-y., 03/19/579/3994-son)
225-модда. Ҳарбий ёки муқобил хизматдан бўйин товлаш
Фуқароларнинг муддатли ҳарбий хизмат ёки муқобил хизматга чақирувдан, сафарбарлик чақируви резерви хизмати сафига олиниш ёхуд хизматни Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари резервида ўташдан узрли сабабсиз бўйин товлаши, шундай қилмиш учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, -
базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик бараваригача миқдорда жарима ёки уч юз соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.
Ўша ҳаракатлар:
а) ўз баданига шикаст етказиш;
б) ҳужжатларни қалбакилаштириш ёки бошқача алдаш йўли билан содир этилган бўлса, -
базавий ҳисоблаш миқдорининг юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч юз соатдан уч юз олтмиш соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Фуқароларнинг Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларига сафарбарлик бўйича чақирувдан бўйин товлаши -
уч йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Do'stlaringiz bilan baham: |