Жиноят ишини судда кўриш учун тайинлаш қарори чиққан кундан эътиборан ўн кун ичида суд мажлиси бошланиши керак ва икки ой давомида суд жиноят ишини муҳокама қилади. Ишни тўхтатиб турилган вақти бу муддатга кирмайди (ЖПКнинг 405-моддаси).
Бу босқичда амалга ошириладиган ва ҳал қилинадиган ишлар фақат юқорида санаб ўтилган ҳолатлардан иборат. Мустақил босқич учун бу вазифалар етарли эмас, чунки бу ўз моҳиятига кўра муҳим босқич. Н.Н.Ковтун бу босқичга таъриф бериб, “судга бериш босқичининг иккита муҳим жиҳати бор. Биринчидан, ўзидан олдинги босқичларнинг қонуний ўтказилганлигини текшириш. Иккинчидан, суд муҳокамасида ишни мазмунан ҳал қилиш учун асосларнинг етарли эканлигини кафолатлаш”,3 дейди.
Амалдаги ЖПКда жиноят иши материалларини судга тайинлаш босқичини таҳлил қилиб, бу вазифаларни ҳал қилинмаётганлигини шохиди бўламиз:
жиноят ишини судда кўриш учун тайинлаш ёхуд бошқа қарор қабул қилиш тартиби белгиланган Жиноят-процессуал кодексининг 395-моддаси биринчи бандида “судья ҳал қилув қарорлардан бирини қабул қилади” дейилган. Ваҳоланки, жиноят процессида бундай ҳужжатнинг ўзи йўқ. Балки, қонун ижодкорлари “ҳал қилув қарори” деганда масалани узил-кесил ҳал қиладиган ҳужжатни назарда тутгандирлар, лекин нафақат бу моддада, балки бутун бобда ишни судда кўриш учун тайинлаш билан жиноят иши юзасидан иш юритишни тўхтатиб туриш тўғрисидаги қарорни эътиборга олмаганда масалани узил-кесил ҳал қиладиган ҳужжат учрамайди.
ЖПКнинг 395-моддасининг биринчи бандида судья жиноят иш юзасидан иш юритишни тугатиш тўғрисида қарор чиқариши баён қилинган. Айнан шу масала Жиноят-процессуал кодексининг 401-моддасида ҳам назарда тутилган. Лекин бу моддада ҳам қатор ноаниқликлар бор:
а) “суд жиноят ишини тугатади” деган жумлани заминида жиноят ишини тугатиш ваколати суд мажлисида ҳал қилинади деган маъно ётади. Амалиётда ҳам айнан шундай. Баён қилинишича, суд бир вақтнинг ўзида эҳтиёт чорасини бекор қилади, фуқаровий даъвони таъминлаш чорасини ҳам бекор қилади ҳамда ашёвий далиллар масаласини ҳам ҳал қилади дейилган. Демак, сўз аниқ суд мажлиси хусусида кетмоқда;
б) Жиноят-процессуал кодексининг 401-моддасининг учинчи бандида “ишнинг тугатилгани тўғрисида айбланувчи ва жабрланувчига хабар берилади” деб ёзиб қўйилган. Модданинг мазмунидан айбланувчи судга берилмаган ва “судланувчи” деган ном билан аталмаган. Бу ҳам жиддий хато ҳисобланади, чунки суд мажлисида иштирок этаётган шахс судьянинг ишни судга тайинлаш тўғрисидаги қарори чиққанидан сўнг “судланувчи” номини олади.
Жиноят ишини дастлабки, терговга қайтариш институти бу босқичда назарда тутилмаган. Лекин шу бобнинг 404-моддасида “суднинг жиноят ишини қўшимча терговга қайтариши ва ишни тугатиш тўғрисидаги ажрими устидан шикоят бериш ҳамда протест билдириш” мумкинлиги баён қилинган. Ахир дастлабки терговга қайтариш бу бобда тартибга солинмаган бўлса, қандай шикоят ёки протест устида сўз кетмоқда. Агар бу босқичга дастлабки суд мажлиси тартиби жорий қилинса, бу модда ўринли, акс ҳолда бу модда бутунлай ортиқча, ишламайдиган нормадир. Юқоридаги фикримизни давом эттириб, Жиноят-процессуал кодексига 400-модда “Жиноят ишини дастлабки терговга қайтариш учун асослар” қайд қилиниши керак ёки алоҳида “Дастлабки суд мажлиси” бобига киритилиши лозим.
“Жиноят ишини тугатиш тўғрисидаги ажрим” жумласини нормада қайд қилиниши (ЖПКнинг 404-моддаси) Жиноят-процессуал кодексининг 257-моддасини ҳам нотўғри талқин қилинишига сабаб бўлган. Бу модданинг иккинчи бандида “Суд оқлов ҳукмида ёки ишни тугатиш ҳақидаги ажримида судланувчини лавозимидан четлаштиришни бекор қилади” деб белгиланган.
Жиноят-процессуал кодексининг 421-моддасида суд мажлисида жиноят ишини тугатиш масаласи баён қилинган. Унга кўра, суд мажлисида Жиноят процессуал кодексининг 83-моддасида ва 84-моддасининг биринчи қисмидаги 1, 2, 3-бандларида назарда тутилган ҳолатлар аниқланса, суд ишини кўришни давом эттиради ва 83-моддада кўрсатилган асослар бўйича оқлов ҳукми, 84-моддаси биринчи қисмининг 1, 2, 3-бандларида кўрсатилган асослар бўйича эса, айблилик масаласини ҳал қилмай, ишни тугатади. Демак, амалдаги қонунчиликка кўра, жиноят ишини суд муҳокамасида тугатиш деганда, ишни ниҳоясига етказиб, асослар бўлганида оқлов ҳукми ёки жазо белгиланмайдиган айблов ҳукми чиқарилади. Унда жиноят ишини судда кўриш учун тайинлаш бобидаги 401-моддасида белгиланган жиноят ишини тугатишга ҳеч қандай ўрин қолмайди-ку, яъни ўз-ўзидан судга бериш босқичида жиноят иши тугатилмай суд мажлисига олиб чиқилса, суд мажлисида тугатилмай оқлов ҳукми чиқарилгунча иш юритилса айбсиз шахсни сарсон-саргардон қилиб юборилмайдими?
Шу ўринда прокурорнинг айбловдан воз кечиш ҳолатига ҳам тўхтаб ўтиш зарур. Агар айбномани қўлловчи прокурор ўз айбномасидан воз кечса, одил судловни амалга оширадиган суд шахсни айбдор деб топиб, ҳукм чиқариши мумкин эмас. Бу мантиққа тўғри келмайди. Агар шундай ҳолат вужудга келса, суд судланувчига нисбатан оқлов ҳукми чиқариб, шахсни ноқонуний моддий, маънавий, жисмоний азоб-уқубат чекишига сабабчи бўлган мансабдор шахсларга тегишли чора кўрилишини талаб қилиб, хусусий ажрим чиқариши лозим. Балки шундай ҳуқуқий оқибат чиқмаслиги учун ҳам прокурор айбловдан воз кечмаса керак, чунки амалиётда буни тасдиқловчи мисол деярли йўқ.
Do'stlaringiz bilan baham: |