3. Урушдан кейинги йилларда Ўзбекистоннинг иқтисодий ва ижтимоий-сиёсий ҳаёти.
ХХ аср иккинчи ярми (40-80 йиллар охирлари)да мамлакатда кечган мураккаб ва зиддиятли давр тарихи юзасидан Р.Ҳ.Муртазаева, Д.Бобожонова, Б.В.Ҳасанов, Ю.А.Эргашева, А.Маврулов, Х.Э.Юнусова ва бошқалар эътиборга молик тадқиқот ишларни амалга оширганлар.
Иккинчи жаҳон уруши тугагандан кейин ҳам республиканинг хом ашё табиий ресурслари аёвсиз экплуатация қилинган ҳолда, унинг ўзига хос иқтисодий манфаатдорлиги ҳеч қандай эътиборга олинмади. Урушдан кейин ҳам совет давлатида кўп укладлилик мажбурий равишда тугатилди, фақат давлат корхоналари, жамоа хўжаликлари “социалистик корхона” сифатида тан олинди. Хусусий мулк эгалари йўқолганлиги боис, бутун мамлакатда инсонпарвар жамият эмас, аксинча маъмурий - буйрукбозлик тизими янада мустаҳкамланиб борди.
Бу даврда саноатни тинч ҳаётга мослаб қайта қуриш катта қийинчиликлар билан боглиқ бўлди, у халқнинг ҳисобсиз моддий ва жисмоний ҳаражатларини талаб қилар эди. Ўзбекистон саноати эса халқ хўжалигининг алоҳида тармоқларини ривожлантиришга қаратилган ва пахтачилик манфаатларига боғланиб, республика иқтисодиётини кўтариш учун ҳаракатлар "пахта учун кураш"нинг таркибий қисмига айланди ҳамда Ўзбекистон Иттифоқнинг асосий пахта базаси бўлиб қолди.
Пахтачиликнинг кетидан қувиш натижасида республикадаги кўпгина ҳаётий манфаатларга зиён етказилди. Хусусан, пахта майдонлари йилдан - йилга кенгайиб, бошқа экинликларни бирин - кетин суриб чиқада бошлади, илмий асосланган алмашлаб экиш бузилиб, сув манбааларининг имкониятлари тобора камайиб, қишлоқ хўжалигига халокатли таъсир кўрсатди. Бундай шароитда пахтачилик ва ирригация қурилиши учун машиналар, маълумотларга кўра, шу жумладан, культиваторлар, ўғитлагичлар, чигит экиш сеялкалари, кўрак териш машиналари, экскаваторлар, бульдозерлар ҳамда бошқаларни ишлаб чиқарадиган машинасозлик заводларини қайта қуриш ва янги заводларни яратиш юзасидан катта ишларни авж олдириб юбориш кўзда тутилди.
Урушдан кейинги йилларда саноатга ташланган маблағнинг 20 фоизи қишлоқ хўжалигига ташлансада, озиқ-овқат маҳсулотлари етиштириш чекланиб, тез суръатлар билан ўсиб бораётган аҳоли талабини шу маҳсулотлар билан таъминлаш муаммолари кескинлашди. Шу билан бирга Ўзбекистоннинг беш йиллик режаларини тузиб чиқиш вақтида хўжалик ҳисоби, ўзини ўзи маблағ билан таъминлаш, ижара принциплари, хўжалик фаолиятига ташаббус ва ижодкорлик жиҳатларини таъминлайдиган, ижобий натижалар берадиган бошқа шакллари ҳаракатга келтирилмаган ва ҳисобга олинмаган эди. Аслида пахтанинг кетидан қувиб, дунёдаги давлатларга "социалистик жамият" қураётган мамлакатда мавжуд қишлоқларнинг атиги 20 фоизи электрлаштирилган, ГРЭСларга уланиш давлат мулкини талон-тарож қилиш деб ҳисобланганлиги сабабли колхозларга электр симлари ўтмаган эди.
Мустабид тузум ва унинг зўравонлик усуллари, иқтисодиётнинг қаттиқ марказлашган ҳолда режалаштирилиши Ўзбекистон саноати ривожланишида жиддий зиддиятлар келиб чиқишига сабаб бўлди. Совет давлатининг таркибий қисми бўлган, ҳам сиёсий, ҳам иқтисодий мустақилликка эга бўлмаган Ўзбекистон марказ томонидан ишлаб чиқилган ва беш йиллик режаларда акс эттирилган йўл-йўриқларга амал қилишга мажбур эди. Урушдан кейинги беш йилликлар ана шундай тарзда режалаштирилган бўлиб, уларга маҳаллий шароитда республика раҳбарияти томонидан баъзи аниқликлар қиритиш ҳам марказнинг руҳсати билан қилинар эди. Халқ хўжалигида амал қилиб келинган усул экстенсив тараққиёт маҳсули бўлиб, у ўзида иқтисодий заруратни эмас, балки қатъий марказлашган маъмурий бошқаришни ва режали ривожланишни акс эттирар эди. Қатъий режа асосида режалаштирилган иқтисодиёт ишлаб чиқариш монополизмини шакллантирар эди. Иқтисодчи олим Н.Тўхлиевнинг таърифига кўра "монополизм истеъмолчидан танлаш ҳуқуқини тортиб оладиган, шу тариқа бозорда якка ҳукмронликни қўлга киритадиган даҳшатли ялмоғиздир".
Қабул қилинаётган қарорлар, ажратилаётган маблағлардан кейин ҳам ўзини ўнгламаган мамлакат қишлоқларидаги аҳвол, колхозчиларда моддий манфаатдорликнинг йўқлиги, шахсий манфаатлар билан жамоат манфаатлари келишмаслиги борган сари кучайиб борди. Бунинг учун қишлоқ хўжалигида етиштирилган маҳсулотларга белгиланган нархларни қўйиш, марказдан режалаштиришга барҳам бериб, пастдан режани белгилаш, солиқ сиёсатини тартибга солиш, колхозчилар моддий манфаатдорлигини кўтариш мақсадида колхозчиларни нафақа беришни ташкиллаштириш учун паспорт тизимини йўлга қўйиш муҳим вазифалар қилиб белгиланди. Бу вақтда мамлакатда дон танқислиги ҳал этилганлиги ҳақида эълон қилинади. Бундай баландпарвоз маърузалардан сўнг бутун мамлакатда жўҳори экишни кўпайтириш масаласи кўндаланг қўйилади ва 1960 йилларнинг бошига келиб мамлакатда ўзлаштирилган ерларнинг 4/1 қисмига жўҳори экилади. Бу умумий ерларнинг 80 фоизини ташкил этар эди.
Бироқ, 1962 йилга келиб бутун мамлакатда дон танқислиги сезила бошланди. Умуман олганда совет давлатида 1955-1964 йиллар давомида ғалла етиштириш уч маротаба 1956, 1958, 1964 йилларда бажарилди холос. 1961 йилдаги ғалла танқислиги туфайли режа ҳориждан ғалла сотиб олиш ҳисобига бажарилди. Шунингдек, мамлакатда озиқ-овқат маҳсулотларига талаб кучайиб, очарчилик хавф солмасада, лекин озиқ-овқат маҳсулотларига танқислик доимо сезилиб турди. Нон маҳсулотларини ҳарид қилиш учун навбатга туриш ҳолатлари юзага келди. Мана шундай ҳолатлар натижасида 1979 йилнинг январ ойида "Правда" газетасига халқдан 16 та хат ҳам келиб тушган.
Режанинг бажарилишини қатъий талаби маҳсулот сифатини оширишга имкон бермас, маҳсулот ишлаб чиқарилиши арафасида сифатга эътибор берган тақдирда ҳам буни тўғирлаш учун кўп вақт сарф бўлар эди. Озиқ-овқат саноатида ҳам ишлаб чиқарилган маҳсулотларнинг сифати жуда паст эди. Масалан, 1980- йилларда СССР қишлоқ хўжалигига бюджетдан 20 фоиз маблағ, АҚШ қишлоқ хўжалигида 7-8 фоиз сарфланган бўлса ҳам, 1983 йилда СССРда 16 млн. тонна гўшт етиштирилди, янги технологиялар билан таъминланган АҚШда эса 27,8 млн тонна гўшт етиштирилди. Лекин сифат жиҳатидан маҳсулотлар текширилганда ҳам режали иқтисодиёт сифатли маҳсулотлар ишлаб чиқаришга қодир эмаслиги маълум бўлар эди. Бундай хўжасизлик оқибатида 1980-йилларга келиб қишлоқ хўжалигида етиштирилган жами маҳсулотлар 509 млн. рублга камайди.
Бу ҳолатларнинг олдини олиш учун эса ҳукумат амалий чора-тадбирлар ишлаб чиқиш лозим эди. Шу боис колхоз ерларни кўпайтириш, қорамол сонини ошириш масалалари кўндаланг қўйилди. Манбалардан маълум бўлишича, бутун мамлакатда 1958-1964 йиллар мобайнида колхозларда томорқа ерлари 12 фоизга (29 сотих), совхозларда 28 фоизга (18 сотих)га камайди, шахсий хўжаликларда гўшт ва сут маҳсулотларини етиштириш 20 фоизга тушиб кетди. Шундай бўлсада, халқ хизматлари эвазига 1953 йил КП МК, сентябрь пленумидан сўнг мамлакатда дон етиштириш 20 фоизга, картошка 48 фоизга, лавлаги 75 фоизга, сабзавотлар 79 фоизга ўсди, қорамол етиштириш 48 фоизга кўпайди. Тухум 65 фоизга, ҳайвон ёги 68 фоизга, сут ва сут маҳсулотлари 90 фоизга ўсди.
Ўзлаштирилган ерларда барпо этилган хўжаликларда эса маҳсулот етиштиришнинг моддий базаси мустаҳкамланиб, керакли мажмуалар қуришилишини амалга оширилгани билан, бошқарув тизимининг қатъий марказлаштирилганлиги хўжаликлар фаолияти самарадорлигини пасайтириб юборган эди. 1958 йилдан бошлаб Ўзбекистонда ҳосилдорликни янада ошириш мақсадида давлат тракторларни колхозларга ажратилган пул ҳисобидан сотишни бошлади. Партия ташкилотларининг сиқуви остида саноат корхоналарига давлат белгилаган нархда ҳом ашё сотган колхоз ва совхозларга бошқа республикалардан анча қиммат нархда сифатсиз, охиригача тугалланмаган техника, қишлоқ хўжалик машина ва асбоб ускуналари зўрлаб берилар, уларга қўшиб эса умуман керак бўлмаган машиналар эҳтиёт қисмлари ҳам мажбуран сотиларди. Бундай техник эҳтиёт қисмлари ишлатилмасдан колхоз ва совхоз омборларида сақланиб, маълум вақт ўтгач, металл чиқиндиси ҳисобида давлатга топширилар эди. Бироқ, колхозлар бу қарзни 5-10 йилда тўлаганда ҳам колхозларда иш ҳақи 7 мартага камайиб кетар эди.
Ҳукуматнинг 1958 йил 18 апрелдаги қарорига кўра эса, колхозлардан қарзни қисқа муддатда ундириш белгиланди. Натижада колхозларнинг давлатдан қирзи 25 фоизга ошиб кетди. Ундан ташқари 1965-1985 йиллар мобайнида хўжаликларнинг давлатдан сотиб олаётган техника ва минерал ўғитларининг нархи беш марта ошди. Қишлоқ хўжалик маҳсулотларининг нархи эса фақатгина икки маротаба ўсган. Оқибатда хўжаликларнинг молиявий аҳволи оғирлашиб, сарфланган маблағлар ўз-ўзини оқлай олмади. Бундай ҳолатлар «қарздор» бўлган хўжаликлар сонини ҳам ошириб юборар, кейинчалик бу қарзлардан гўёки, деҳқонларга «ғамхўрлик» сифатида кечиб юборилар, ёки ўзини оқлай олмаган 3-4 колхозлар бирлаштирилиб тараққиётнинг "янги йўли" сифатида совхозларга айлантирилиб юбориларди. Бир қатор муҳим сарф – ҳаражатлардан «озод қилинган» бу хўжаликлар ҳаражатлари давлат бюджети ҳисобидан қоплансада, бу ҳол пахта маҳсулоти таннархида акс этмаган эди.
1959 йилга келиб КПСС МК, Бош секретари Н.Хрушев партиянинг XXI съездида "СССР Халқ хўжалигини ривожлантиришнинг 1959 -1965 йилларга мўлжалланган назорат рақамлари ҳақида" номли маърузасини қилди. Унда мамлакатда "коммунизмнинг моддий техника базасини вужудга келтириш ва шу асосда СССР аҳолисининг турмушини дунёда энг юксак даражага кўтаришни таъминлаш" дастури ишлаб чиқилди ва бу дастурнинг бажарилиши 7 йилга мўжалланди. Маърузада таъкидланишича СССР 1965 йилдан тахминан 5 йил кейин АҚШдаги ишлаб чиқариш даражасига етиб олиши ва бу даражадан ўзиб кетиши лозим эди. Маълумотларга кўра, ушбу 7 йиллик режада СССРнинг асосий вазифалари мамлакатда енгил саноат соҳасида: кимё маҳсулотлари ишлаб чиқаришни қарийиб 3 бараварга ошириш, сунъий тола ишлаб чиқаришни 3,8-4 баравар ошириш, пластмасса ва бошқа синтетик маҳсулотлар ишлаб чиқаришни 6,7 баравар ошириш белгиланди. Бу режаларда Ўзбекистоннинг ҳам иштироки бўлиб, кимё соҳасида республикада ялпи маҳсулот 1965 йилда 1958 йилдагидан тўрт баравар кўпайтириши режалаштирилган эди. Ҳудди шундай вазифалар енгил саноатда ҳам белгиланиб, 1958 йилдагига нисбатан 1965 йилда 65 фоиз кўп бўлиши лозим эди.
Айни пайтда бу режалаштирилган йўл-йўриқлар одатдагидек жадаллаштириш ва "қисташ" сиёсатига асосланган бўлиб, Ўзбекистон учун саноатни ҳаддан ташқари оширилган ривожлантириш ҳажмлари ва суръатларида белгиланарди. Одатда, режа йўналишларини ҳаракатга келтирувчи механизм давлат томонидан ажратилган ёпирилма капитал (70 фоизгача) бўлиб, улар асосан оғир индустрия тармоқларига мўлжалланарди. Бу нарса оғир саноатда янги техникани, ишчи кучларини, малакали мутахассисларни жамлаш имконини берарди.
Бироқ, саноат қувватларини ошириш эса экстенсив усуллар билан, яъни, асосан янги саноат объектларини қуриш, шунингдек, ишлаб турган саноат объектларини қайта қуриш ва кенгайтириш ҳисобига амалга ошириларди. Айни пайтда, партия хўжжатларидаги "социализмни ҳар томонлама режали ривожлантиринг ғояси, "бунёдкорлик дастури" бўлиб ҳизмат қилувчи партия дастурлари социализм қурилишининг назарий томондан асосланиши ҳам ягона ҳусусиятга-марказлашган давлат раҳбарлигини мустаҳкамлашга қаратилган эди.
Шу ўринда таъкидлаб ўтиш лозимки, партия съездларида белгиланган баландпарвоз режаларда, "режа бажарилди" деган ҳисоботларда сунъий рақамлар берилсада, аслида бу мамлакатдаги реал ҳаёт билан тўғри келмас эди. Масалан, 1959 йилнинг биринчи ярмида Андижонда ишлаб чиқариш режаси 105,5 фоиз бажарилган, шаҳар саноат корхоналари эса режани 106,6 фоиз бажарган, бироқ вилоятда тўла автоматлаштирилган бирорта корхона бўлмаган, оғир меҳнат қиладиган жараёнларни механизациялаш масаласи жуда секин ҳал қилинган. Биргина Андижон строймаш заводида 16 нафар кишидан иборат ихтирочилар бюроси бўлган бўлса, унда бирорта ҳам янги машина яратилмаган, айни пайтда биргина шу вилоятнинг ўзида оҳирги икки йил мобайнида ишлаб чиқариш бўйича киритилган таклифларнинг ўзи давлатнинг 42 млн. сўм маблағини тежаб қолишга имкон берган эди.
1950-1960 йилларда хўжаликни бошқаришнинг яна янги услуби ишга солина бошланди. Ишлаб чиқаришни марказий бошқарувдан четлатиш мақсадида халқ хўжалиги советлари тузила бошланди ва улар иттифоқдош республикалар Министрлар Советларига бўйсундирила бошланди. Мана шундай советлар РСФСРда 70 та, Украинада 11 та, Козоғистонда 9 та, Ўзбекистонда 4 та, қолган республикаларда биттадан халқ хўжалиги советлари очилди. Бир вақтда 141 та иттифоққа, республикага қарайдиган баъзи вазирликлар қискартирилди. Бу советлар минтақаларда қишлоқ хўжалигини изга солиб олишга имкон берсада, лекин кейинроқ маҳсулотларни тақсимлашда, давлат белгилаб берган режани бажаришда, тажриба алмашишда муаммолар сезилиб қола бошлади.
Умуман олганда, 1960-йилларга келиб инқирозий ҳолатлар кучайиб, совет иқтисодиётини ислоҳ қилишга эҳтиёж сезила борди. Ислоҳотлар ўтказишга асосий сабаб биринчидан, саноатнинг илмий-техник ривожланиши жиҳатидан орқада қолиши, иккинчидан, корхоналар, колаверса бутун тармоқларда иқтисодий оқсашнинг юқорилиги сабаб бўлган ва бу муаммолар мана шу иқтисодий ислоҳотларда ҳал этилиши керак эди. Иқтисодий ислоҳот ўтказиш билан машғул бўлган совет иқтисодчилари эса бу ислоҳотлар товар - пул муомаласига эркин бозор иқтисодига хизмат қилиш ўрнига социализм йўлида хизмат қилиши керак эди, бу ўз навбатида “социалистик хўжалик тузумидан янада унумлироқ фойдаланиш" деб таърифланди.
1970-йилларда СССРда турғунлик даврининг бошланиши, яъни ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан ривожланиш суръатининг пасайиши ҳақида била туриб сукут сақланди ва бу даврдаги кўрсаткичлар иложи борича кўзбўямачилик ва қўшиб ёзиш орқали бўрттирилди. Ўз-ўзини мақташ билан эшилган натижалар ҳақида ёлғон рапортлар бериш, қабул қилинган қарорлар устидан тегишли назоратнинг йўқлиги халқ хўжалигида хўжасизлик ҳамда сарф-ҳаражати кўп иқтисодиётни шакллантирди.
Шунингдек, ижтимоий ҳаётнинг барча жабҳаларида порахўрлик, тамагирлик, чайқовчилик, ўғрилик каби иллатлар ҳукм сурди. Бажарилиши лозим бўлган масалалар аввал партия ташкилотларида кўрилиб, сўнгра ижрочи ташкилотларга топширилган, натижада мамлакат хўжалиги функцияси бутунлай коммунистик партиянинг қўлида қолган эди. Ижтимоий-иқтисодий соҳадаги "социалистик мусобақа" деб аталган йўл ҳам ташқи томондан муваффақиятли кўринсада, бироқ режалаштирилган йўналишлар аслида "жадаллаштириш ва мажбурлаш" сиёсатига асосланган эди.
Юқоридан пастга қараб режали раҳбарлик қилиш, ривожланишда сарф-ҳаражатдан иборат бўлган ёндошув, республикаларда ишлаб чиқаришнинг бир соҳага ихтисослашиб, иқтисодий мажбурият даражасига кўтарилиши халқ хўжалигининг барча тармоқларига, моддий ва номоддий ишлаб чиқаришга, ижтимоий-маданий жабҳаларга таъсир этиб, иқтисодий ўсишнинг умумий динамикасини издан чиқариб юборганди.
1981 йилда Ўзбекистон енгил саноат вазирлигига қарашли корхоналарда ишлаб чиқарилган маҳсулотларнинг нархи 22 млн. рублга ортсада, бу маҳсулотлар савдо ташкилотларига келиб тушгач, сифати жиҳатидан паст бўлганлиги сабабли кўп ҳолларда нархи арзонлаштирилган ҳолда сотиларди. Ўша йили савдо вазирлигига қарашли ташкилотларнинг 2,9 фоизида давлат белгилаган нархлар пасайтирилди. Шу боис республикада халқ истеъмол молларини ишлаб чиқарадиган минтақаларнинг имтиёзи устун келар, энг зарур кундалик эҳтиёж молларини ҳам четдан олиб келтириш мазкур даврнинг ҳусусиятларидан бирига айланган эди.
Четдан келтирилаётган истеъмол маҳсулотлари республика эҳтиёжларининг 50 фоизига тенг эди. 1983 йилда ана шундай маҳсулотлар ичида олий навли маҳсулотлар фақат 9,5 фоизни ташкил этди. Бу кўрсаткич мамлакатда 15,7 фоизни ташкил этар эди. 1988 йилга келиб эса Ўзбекистонга Удмуртия ва Татаристондан 300 мингта болта, Горькийдан 10 мингта паншаха, Свердловскдан ўроқ, чалғи, қўй юнгини қирқадиган қайчи олиб келинди. Почта қутилари Бошқирдистондан, сабзавот солинадиган саватлар узоқ Хабаровскдан, пластмасса воронкалар шимолдан - Архангельскдан келтирилди.
Бундай ҳолатларда аҳоли моддий, маънавий эҳтиёжлари тўлиқ қондирилмас эди. Агар республикада 1988 йилда аҳоли жон бошига тўғри келадиган истеъмол моллари обороти 768 рублни ташкил этган бўлса, бу кўрсаткич мамлакат бўйича 1282 рублни, Туркманистонда 860 рублни. Қирғизистонда 879 рублни, Арманистонда 1035 рублни, Козоғистонда 1071 рублни, Грузияда 1163 рублни, Молдовада 1172 рублни, Украинада 1213 рублни, Белоруссияда 1414 рублни, Литвада 1609 рублни, Латвияда 1851 рублни, Эстония да эса энг юқори 1965 рублни ташкил этарди.
Белгиланган ишларни дарҳол бажариш, белгиланган вақтда топшириш амалда тўлиқ бажарилмас эди, қўшимча қоғозбозлик кучайиб, берилган топшириқлар ўз вақгида корхоналарга етиб келмас эди. Масалан, 1959 йилда Фарғона водийси енгил саноат корхоналарига келган ҳужжатлар 8.585 тани ташкил этса, бошқармадан чиқаётган хўжжатлар сони ҳам шунчани ташкил этар эди. Бу ҳужжатлар ҳам ўз вақтида белгиланган ерга етиб бормас ёки рўйхатхонада ойлаб қолиб кетар эди. Шу муносабат билан Ўзбекистон ССР Халқ хўжалиги кенгаши қоғозбозликни йўқотиш, қабул қилинган ҳужжатларга нисбатан ходимларнинг масъулиятини ошириш, буйруқларни бажарилишини текширувчи доимий комиссиялар тузиш ҳақида фармон чиқарди. Унга кўра М.М.Мўминов, Е.С.Трофимук, П.Цойлардан иборат комиссия ташкил этилиб, халқ хўжалиги советларида, хусусан, Фарғона вилояти халқ хўжалигига қарашли енгил саноат бошқармаси ва озиқ-овқат саноати бошқармаси ҳам текшириладиган бўлди. Текширув давомида юқорида таъкидланган кўплаб хатолар учраган, ҳатто телефонда ёки учрашув асосида тезда ҳал этилиши лозим бўлган вазифалар ҳам ўз вақтида бажарилмасдан қолиб кетаверганлиги аниқланган.
Do'stlaringiz bilan baham: |