3. ШАРТНОМАНИНГ МАЗМУНИ
Шартноманинг мазмунини унинг бандлари (шартлари, реквизитлари) ташкил этади. Амалдаги қонунчиликка кўра, агар тарафлар ўртасида шартноманинг барча муҳим шартлари юзасидан шундай ҳолларда талаб қилинадиган шаклда келишувга эришилган бўл-са, шартнома тузилган ҳисобланади.
Шартнома шартлари (бандлари) муҳим, одатдаги ва тасодифий шартларга бўлинади. Шартноманинг нарсаси тўғрисидаги шартлар қонун ҳужжатларида бундай турдаги шартномалар учун муҳим ёки зарур деб ҳисобланган шартлар, шунингдек, тарафлардан бирининг аризасига кўра келишиб олиниши зарур бўлган ҳамма шартлар муҳим шартлар ҳисобланади. Баъзи шартномалар учун хос муҳим бандлар қонун билан белгиланади. Чунончи, “Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятининг шартномавий-ҳуқуқий базаси тўғрисида”ги қонуннинг 10-моддасида, “Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчилар билан тайёрлов, хизмат кўрсатиш ташкилотлари ўртасида шартномалар тузиш, уларни рўйхатдан ўтказиш, бажариш, шунингдек уларнинг бажарилишини мониторингини олиб бориш тартиби тўғрисида”ги Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 4 сентябр-даги 383-сонли қарори билан тасдиқланган Низомнинг II бандига мувофиқ, шартномаларда қуйидагилар кўрсатилади:
-шартноманинг мавзуси, маҳсулотнинг номи, ассортименти, миқдори (ҳажми), сифати, нархи (турлари бўйича);
-шартноманинг умумий суммаси;
-томонларнинг ҳуқуқлари ва ўзаро мажбуриятлари;
-маҳсулотларни етказиб бериш тартиби ва шартлари, топши-риш-қабул қилиб олиш (ишларни бажариш, хизматлар кўрсатиш) пунктлари ва даврлари (муддатлари);
-идишга, маркировка қилишга, ўраш-жойлашга қўйиладиган талаблар;
-ҳисоб-китоблар тартиби, шакли ва муддатлари, томонларнинг тўлов, почта ва юклаб жўнатиш реквизитлари;
-шартнома мажбуриятлари бажарилмаганлиги ёки зарур даражада бажармаганлиги учун томонларнинг мулкий жавобгарлиги;
-низоларни, форс-мажор ҳолатларни ҳал этиш тартиби, томонларнинг реквизитлари, шартнома тузилган сана ва жой.
Давлат эҳтиёжлари учун қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари харид қилиш юзасидан тузиладиган контрактация шартномаларида давлат эҳтиёжлари учун харид қилинадиган ҳамда хўжаликлар ихтиёрида қоладиган маҳсулотларнинг сорти ва миқдори ҳам кўрсатилади.
Одатдаги шартлар муайян мажбуриятга оид муносабатни тартибга соладиган диспозитив нормалар билан белгиланадиган шартлар ҳисобланади. Бундай шартлар одатдагидек назарда тутилади. Масалан, мулк ижараси шартномасида мулкни майда (жорий) таъмирлаш шарт қилиб кўрсатилса ҳам, кўрсатилмаса ҳам бўлади, чунки бу шарт тўғрисида қонунчиликда (дипозитив характердаги) кўрсатма берилган.
Тасодифий шартлар умумий ҳуқуқ меъёрлари билан тартибга солинмаган масалалар бўйича ўзаро келишув бўлиб кўрилади. Чунончи, ижарага олинган мулкни таъмирлаш муддати тўғрисидаги масала тасодифий шартлардан бири ҳисобланади.
Шартномада унинг айрим шартлари тегишли турдаги шартно-малар учун ишлаб чиқилган намунавий шартлар билан белгиланиши назарда тутилиши мумкин. Шартномада намунавий шартларга ҳавола қилинмаган ҳолларда бундай намунавий шартлар тарафларнинг муносабатларига иш муомаласи одатлари сифатида қўлланилади (ФКнинг 359-моддаси).
Do'stlaringiz bilan baham: |