Кунгабоқар навлари. Кунгабоқар куяси ва шумғия (текинхўр ўсимлик кунгабоқар илдизида ривожланади ва унинг ҳосилдорлигини кескин пасайтиради) зарарлашига чидамли кунгабоқар навларини яратиш борасида олиб борилган илмий тадқиқотлар натижасида янги кугабоқар навлари яратилди. Бу кунгабоқар навлари сермойлиги, зарарланишга чидамлилиги билан алоҳида ажралиб туради.
Кунгабоқар навлари тўғрисидаги маълумот билан 29-жадвалда танишишингиз мумкин.
Кунгабоқар уруғига қўйилган стандарт талаблари. Кунгабоқар уруғига бир хил стандарт шартлари қўйилган. Мазкур стандарт бўйича кунгабоқар уруғи шакли, ҳажми, тўлиқлиги, мева қобиғининг қалинлигига кўра уч турга бўлинади: мойли, оралиқ, чақиладиган.
Юқоридаги турлар уруғ рангига қараб кичик турчаларга бўлинади. Биринчи тур: кулранг ва қора, учинчи тур эса: кулранг қора ва оқ. Ҳар бир тур уруғи синфли ва синфсизга ажратилади.
Синфларга ажратишда қуйидаги кўрсаткичлар асос қилиб олинади: ҳажмий оғирлик, намлик, мойли ва ифлослантирувчи аралашмалар.
Кунгабоқар уруғи сифат кўрсаткичларини аниқлашнинг ўзига хос хусусиятлари мавжуд. Масалан, ифлосланганлик одатдаги усул билан аниқлангандан кейин, асосий дондан 10 г миқдорда қўшимча ўлчанма олинади. Бу ўлчанма янчилади, қобиқсизлантирилади ва пуч мағзи, зарарланган уруғлар ажратилади. Ҳар бир ажратилган фракция ўлчанади ва 100 г ли ўлчанмадаги шу турдаги аралашмаларга қўшилади ва унинг миқдори фоизда ифодаланади.
Махсар (сафлор). Махсар (Carthamus tinctorius) мураккабгулдошлар оиласига мансуб бир йиллик, серўт ўсимлик. Пояси 50 смдан 100 смгача баландликда, тупгулли-кўпуруғли саватча. Меваси-узунчоқ шаклдаги донача бўлиб, оқ рангли кунгабоқар уруғига ўхшайди, аммо ундан кичик (36- расм). Кўпинча ўтмас учида тукчалари бўлади. Уруғнинг мева қобиғи (ташқи пўст) жуда яхши ривожланган ва уруғ умумий вазнининг 40-60 %ни ташкил этади. Уруғ таркибида 25-33 % мой, 10-11% оқсил, 23-27 % углеводлар (клетчаткасиз), 32-36 % клетчатка, 2,7-3,5% минерал моддалар учрайди.
Махсар-қимматбаҳо мойли ўсимлик. Унинг уруғи таркибидан (арчилган уруғдан) олинган мой овқатга ва (арчилмаган уруғдан) техник мақсадлар учун ишлатилади. Гулларидаги бўёвчи модда-картамин моддаси озиқ-овқат маҳсулотларини бўяшда қўлланилган.
Қурғокчиликка чидамли, экин майдонлари унча кўп эмас.
Do'stlaringiz bilan baham: |