Жалолиддин Мангуберди қандай ҳалок бўлган эди?
Тарихни ҳаққоний англаш осон иш эмас. Мозийдан дарак берадиган манбаларнинг қай бири саҳиҳ, қай бири ёлғонлигини ажратиш ҳам қудуқ тубидан игнани топишдек гап. Шу боис ҳам тарихнавислар ўз кўзи билан кўрмаган воқеалар тасвиридан сўнг “Билим Аллоҳга хосдир” дейишади. Шундай бўлса-да, тарих лабиринти аро ҳақиқатни танлай билан зукко китобхоннинг ихтиёрида қолади.
Бугун ёш авлод учун қаҳрамонлик тимсоли бўлган жасоратли аждодимиз Жалолиддин Мангубердининг ўлими ҳақида ҳам турлича қарашлар бор. Бу ҳақда маърифатпарвар подшоҳ, фалакиётшунос олим Мирзо Улуғбек ўзининг “Тўрт улус тарихи” китобида шундай ёзади: “Тарих арбоблари султон Жалолуддин ибн султон Муҳаммад Хоразмшоҳнинг молу ҳоли ҳақида қарама-қарши фикр билдирдилар. Чунончи, баъзиларнинг сўзича, мўғуллар қўлида қатл этилган. Баъзиларнинг фикрича, султон Жалолуддин мўғуллардан қочиб, тоғлар орасига келган ва отда кўп юргани учун қаттиқ чарчаган, отдан тушиб тоғ орасида уйқуга кетган. Бир гуруҳ одамлар от ва султон хилъати таъмасида уйқудаги Жалолуддинни ҳалок қилганлар. Бошқаларнинг ривоят қилишларича, султон тасаввуф аҳлининг либосини кийиб, саёҳатни ихтиёр қилган. Худо билгувчироқ!”.
Жалолиддин Мангуберди гарчи жангда мағлуб бўлган бўлсада, маънан ғолиб бўлганини ҳатто Чингизхон ҳам тан олгани эса тарихий ҳақиқатдир. Бу ҳақда Мирзо Улуғбек шундай ёзади: “Султоннинг барча феълу ҳаракати Чингизхонга манзур бўлиб, таҳсин оғзини очиб, ўғилларига юзланди ва деди:
— Отага шундай ўғил зарурки, у икки гирдоб — олов ва сув гирдобидан озодлик майдонига чиқа олди!
Бу султондан кўп ишлар ва ҳисобсиз қиссалар вужудга келди ва унинг ишларидан ҳар қандай оқил ўғил ғофил қолмаслиги керак!”
Урганчда Жалолиддин Мангуберди хиёбони ташкил этилади
Вазирлар Маҳкамаси Хоразм вилоятининг Урганч шаҳрида Жалолиддин Мангуберди хиёбонини ташкил этиш ва унинг янги ҳайкалини ўрнатиш, ёдгорлик билан бутунжаҳон сайёҳларини кенг таништириш ва улар учун қулай шарт-шароитлар яратиш, шунингдек, хиёбон ҳудудини анъанавий қурилиш услуби билан уйғунлаштирилган ҳолда барпо этиш ҳамда аҳоли турмуш даражасини янада яхшилаш мақсадида фармойиш қабул қилди.
Ҳужжат билан Хоразм вилояти ҳокимлиги, Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Бадиий академиясининг Хоразм вилояти Урганч шаҳрининг Ал-Хоразмий, Паҳлавон Маҳмуд, Шерозий ва Ўзбекистон кўчалари оралиғида Жалолиддин Мангуберди хиёбонини ташкил этиш ва унинг янги ҳайкалини ўрнатиш тўғрисидаги таклифи маъқулланди.
Белгилаб қўйилишича, лойиҳа доирасида:
Жалолиддин Мангуберди ҳайкалини яратиш, унга тегишли лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш ва уларни экспертизадан ўтказиш билан боғлиқ харажатлар 2019 йил учун Ўзбекистон Бадиий академиясига ажратилган маблағлар ҳисобидан;
Жалолиддин Мангуберди хиёбонини ташкил қилиш, ҳайкал постаментини яратиш, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш, ташқи ёритиш тизимлари, ичимлик ва оқова сув тармоқларини модернизация қилиш, шунингдек, ҳудуднинг суғориш тизимларини яхшилаш ва ер ости сувлари сатҳини пасайтириш ишлари билан боғлиқ харажатлар Хоразм вилояти маҳаллий бюджетининг қўшимча манбалари ҳисобидан;
электр энергияси, табиий газ ва алоқа тармоқларини қуриш, реконструкция қилиш, таъмирлаш ва кўчириш ишлари тегишлигига кўра “Ўзбекэнерго” АЖ, “Ўзтрансгаз” АЖ ва “Ўзбектелеком” АКнинг ўз маблағлари ҳисобидан;
хиёбон ҳудудида Жалолиддин Мангубердининг янги ҳайкалини яратиш ва ўрнатиш ишлари натижасида бузиладиган турар жойлар учун компенсация тўловлари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 29 майдаги 97-сон қарори билан тасдиқланган Давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун ер участкаларининг олиб қўйилиши муносабати билан фуқароларга ва юридик шахсларга етказилган зарарларни қоплаш тартиби кўрсатилган тартибда амалга оширилади.
Шунингдек, мазкур бандда назарда тутилган ишлар ҳомийлик хайриялари ва қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади.
Хоразм вилояти Урганч шаҳрининг марказий қисмидаги Ал-Хоразмий, Паҳлавон Маҳмуд, Шерозий ва Ўзбекистон кўчалари оралиғида барпо этилаётган Жалолиддин Мангуберди хиёбонининг йўл-транспорт ва муҳандислик-коммуникация тармоқларини модернизация қилиш бўйича тадбирлар режаси тасдиқланди.
Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги Хоразм вилояти ҳокимлиги билан биргаликда 2019 йилнинг 1 апрелига кадар лойиҳани Жалолиддин Мангуберди яшаб ўтган давр тарихига уйғунлаштирган ҳолда таклифларни танлов асосида ва хорижий давлатлардан малакали мутахассисларнинг иштирокини таъминлаган ҳолда ишлаб чиқади ҳамда лойиҳа ишларининг амалга оширилиши мониторингини олиб боради. Бунда Жалолиддин Мангуберди ҳайкалини яратиш, унга тегишли лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш ва уларни экспертизадан ўтказиш билан боғлиқ ишлар Ўзбекистон Бадиий академияси томонидан амалга оширилади.
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ ҚОНУНИ
Do'stlaringiz bilan baham: |