Юридик ва жисмоний шахслардан олинадиган солиқ ва йиғимлар. Солиқ муносабатлари мавжуд бўлишининг асосий шартларидан бири - бу давлатнинг мавжудлиги бўлса, иккинчи шарти бўлиб солиқларни тўлашга қобил бўлган солиқ тўловчиларнинг мавжудлигидир. Ўзбекистон солиқлар тизими манбаига қараб солиқлар юридик ва жисмоний шахслардан олинадиган солиқларга ажратилади.
Солиқ солиш мақсадида юридик шахслар деганда мулкида, хўжалик юритиши ёки тезкор бошқарувида мол-мулки бўлган ва ўз мажбуриятлари бўйича ушбу мол-мулк билан жавоб берадиган, шунингдек мустақил балансга ва ҳисоб-китоб варағига эга бўлган алоҳида бўлинмалар ҳам тушунилади.
Юридик шахслардан олинадиган солиқларга ҳамма эгри солиқлар, корхона даромадига солиқ, ер ости бойликларидан фойдаланганлик учун, сув ресурсларидан фойдаланганлик учун, савдо ташкилотларини ялпи даромад солиғи, ер солиғи, мол-мулк солиғи, кичик бизнес учун ягона солиқ ва бошқалар киради. Баъзи солиқларни (ҚҚС, акциз) юридик шахслар ҳам жисмоний шахслар ҳам тўлайдилар. Жисмоний шахслар тўлайдиган солиқларга даромадга солиқ, ер, мол-мулк солиқлари киради. Ҳуқуқий шахслардан олинадиган солиқлар давлат бюджети даромадларининг ҳал қилувчи қисмини ташкил этади. Бу солиқларнинг муҳим хусусияти нақд пулсиз шаклда корхоналар ҳисоб (жорий) счётларидан бюджет счётларига кўчириб қўйилади. Уни ундириш осон ва арзонга тушади. Жисмоний шахслардан олинадиган баъзи солиқлар нақд пулга ундирилганлиги учун уни тўлаш қийин кечади. Бундай солиқларга ер, мол-мулк солиқлари, ва қатор йиғимлар киради. Солиқ йиғиш харажати кўпайиб кетади. Чунки бу иш билан махсус тажрибага эга бўлган инспекторлар шуғулланади, ҳужжатлар (декларация, хабарномалар, чақириқлар ва бошқалар) кўп ёзилади.
Жисмоний шахслар солиқлари ичида энг йириги фуқаролар жами даромадига солиқдир. Бу солиқ орқали фуқароларнинг гуруҳлари даромадларини бошқариб бориш имконияти яратилади.
Илгари айтганимиздек юридик шахсларнинг бюджетларга тўлайдиган солиқлари тўғри ва эгри солиқларга бўлинади.
Тўғри солиқлар даромад (фойда) солиқлари ва ресурслар солиқларидан ташкил топади. Эгри солиқлар эса қўшилган қиймат солиғи, акциз солиғи, божхона божидан иборатдир.
Юридик шахслар солиқлари пул муомаласини мустаҳкамлашда ҳам катта аҳамиятга эга. Тўғри солиқлар юридик шахсларнинг харажатларга мўжалланган маблағларини қисқартириб муомалага оз пулларни чиқаришга олиб келади. Эгри солиқлар эса товарлар (ишлар, хизматлар) таркибида бўлиб, баҳо ҳисобига муомаладаги ортиқча пулларни муомаладан олади. Шундай қилиб солиқлар пул муомаласини мустаҳкамлашда катта аҳамиятга эга бўлади.
Солиқларнинг ошиши товар (хизмат, иш) таклифини оширади, талабни камайтиради. Бу эса пул эмиссиясини камайтиради. Аммо таклифда реал қиймати паст бўлганлигидан инфляцияни пайдо қилиши мумкин.
Юридик шахслар ўзларига юклатилган солиқларни ҳисоблаш ва бюджетга ўз вақтида, тўлиқ тўлаш жавобгарлигини олганлар. Уларнинг тўлайдиган солиқлари асосан нақд пулсиз, яъни корхона, ташкилот, бирлашманинг банкдаги ҳисоб счётларидан маблағни кўчириб, республика ёки маҳаллий бюджет счётларига ўтказиш йўли билан амалга оширади. қоида бўйича ҳар қандай юридик шахс ўз солиқ ва бошқа мажбурий тўловларни белгиланган вақтда бюджетга тўлиқ ўтказишга мажбурдирлар. Бунинг учун улар солиқ ва бошқа тўловларнинг муддати келган кунгача пулларни ўтказиш ҳужжатлари бўлмиш тўлов топшириғи, чекларни ёзиб банкларга топширган бўлишлари керак.
Агар тўлов топшириқлари ўз муддатида ёзилиб банкларга топширилмаган бўлса солиқ идоралари ўзларининг инкассо-тўлов талабномалари орқали ундириб оладилар. Ҳар бир ўз вақтида бюджетга ўтказилмаган кун учун ўтказилиши керак бўлган солиқ суммаси ҳисобидан 0,07 фоиз пеня ҳисобланиб солиққа қўшимча равишда бюджетга мажбурий ундирилади. Албатта пеня суммасининг кўпайиши корхонананинг молиявий ҳолатига салбий таъсир кўрсатади. Пеня корхона учун қўшимча солиқдир.
Шунинг учун ҳар қандай хўжалик субъектлари ҳисобчилари солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни уларда белгиланган тўлов муддатигача ўз вақтида тўлаб боришлари шарт. Бунда айниқса бўнак (аванс) тўловларга кўпроқ эътибор қаратилиши лозим, чунки ҚҚС, даромадга (фойдага) солиқ ва бошқаларда бўнак тўловлар сони кўп бўлганлигидан боқиманданинг кўпайишига олиб келади. ҳозирги кунда бу боқиманда билан кураш иқтисодиётни барқарорлаштиришда муҳим давлат тадбирларига айланмоқда.
Юридик шахсларнинг ҳамма солиқлари нақд пулсиз тўланади. Бироқ, айрим йиғимлар (давлат ва божхона божлари) нақд пулли бўлиши мумкин. Юридик шахслар солиқларини нақд пулсиз тўланиши жуда катта иқтисодий аҳамиятга эга. Пул ўтказишлар тезлашади, ижтимоий харажатлар тежалади.
Do'stlaringiz bilan baham: |