Key words: speech communication, virtual speech communication, communicative process, communication area.
Тилшуносликда тилнинг ижтимоий яшаши ва ижтимоий тараққиёт шароитини ўрганувчи соҳа сифатида юзага келган социологлар ва тилшуносларнинг тобора бир-бирига яқинлаштираётган замонавий социлолингвистика шу фан соҳасидаги ўта назарийлик, нотиқлик ва айнан шунинг оқибатида юзага келаётган айрим нуқсонларни кўрсатиб бермоқда. Бунга мулоқот жараёнининг ўта мураккаб ва серқирра эканлигини ва худди шунинг учун ҳам алоҳида бир фаннинг ўзи бу муаммони яхлит тадқиқ этишга ожизлик қилганлигини сабаб қилиб кўрсатиш мумкин.
Натижада, социолингвистика, этнолингвистика, психолингвистика каби янги соҳа ва йўналишлар юзага келди, инсон нутқини айнан мана шундай туташ нуқтасида тадқиқ этиш ўта мураккаб жараён бўлган мулоқотнинг асл моҳиятини, унинг ўзига хос қонуниятларини атрофлича ўрганиш имконини беради. Умуман, бугунги кунга келиб, мулоқотлар жараёнини комплекс, яъни ижтимоий-лисоний аспектда тадқиқ этишга эҳтиёж пайдо бўлди. Мулоқот деганда алоқа, фикр алмашиниш, сўзлашиш жараёнида бевосита ва билвосита қатнашадиган таркибий қисмлар назарда тутилади.
Маълумки, ҳар қандай мулоқотда сўзловчи ва тингловчи компонентлар сифатида, албатта, иштирок этади. Бу муаммога бағишланган кўпгина адабиётларда сўзловчи, яъни хабар берувчи, гапирувчи адресант коммуникатор деб, адресантнинг нутқи қаратилган шахс тингловчи, адресат коммуникант деб мулоқотда бевосита иштирок этувчи омиллар эса таъсир бирликлари деб юритилади. Таъсир бирликларини шартли равишда қуйидаги икки гуруҳга бўлиб таҳлил этилади:
Ички таъсир бирликлари. Бунга адресант ва адресат шахси билан бевосита боғлиқ қуйидаги белги-хусусиятлар киради,: миллати, жинси, ёши, ижтимоий белгилари таъсир бирликларига яқинлик даражаси.
Ташқи таъсир бирликлари. Бунга мулоқотга таъсир этувчи қуйидаги ташқи омиллар киради:
Мулоқот вақти, вазият, ҳолат: ижтимоий муҳит. Европалик қатор тилшунос олимлар, хусусан Амстердам (Голландия) университетининг профессори, нуфузли лингвист Тайн Аван Дейн мулоқот хулқи масаласига доир кенг қамровли тадқиқотлари билан муҳим ишлар қилган. Унинг фикрича, мулоқот хулқи замонавий лингвистик грамматика, матн тушунчаси ва унинг пайдо бўлишида, оммавий ахборот тизимида тилнинг тутган ўрни каби масалаларни ижтимоий-лисоний нуқтаи-назардан тадқиқ этишда катта аҳамият касб этади.
Мулоқот хулқи муаммосини миллий характер-миллат аҳолисининг ўзига хос урф-одатлари, қадрият ва анъаналари (ташқи таъсир бирликлари)ни ҳисобга олмасдан туриб ўрганиш мутлақо мумкин эмас. Чунки, мулоқот хулқи миллат характерининг узвий бир қисми бўлиб, улар бир-бири билан чамбарчас боғлиқдир. Миллий характер деганда, маълум ижтимоий гуруҳ ўртасида асрлар мобайнида авлоддан-авлодга ўтиб келган ўзига хосликлар мажмуи тушунилади. Миллий характерга мазкур миллат аҳолиси сиғинадиган дин, атроф-муҳит ва ижтимоий турмуш тарзи жиддий таъсир кўрсатади ва бу таъсир ўз-ўзидан мулоқот хулқида намоён бўлади.
Нолисоний воситаларни қўллашда ҳам миллий ўзига хосликлар кузатилади. Жумладан, шундай имо-ишоралар борки, улар шартли характерга эга бўлиб, миллий хусусиятлар касб этиши мумкин. Чунки, у жамоа томонидан маълум маънони ифодалашдир. Бошқа бир этник гуруҳда эса бу ишора ё ҳеч қандай коммуникатив вазифа бажармайди ёки бошқа маънони англатиши мумкин. Масалан, Америка, Англия, Австралия ва Янги Зелландияда бош бармоқни тепага қилиш, асосан, ўткинчи машинани тўхтатиш, тўсиш учун қўлланилса, Грецияда бу ишора-овозингни ўчир, бас қил маъноларини англатади.
Дунё тилларининг аксариятида сўзловчи суҳбатдоши учун энг зарур деб билган маълумотни, муҳим нарса-ҳодисаларни олдин, унча зарур бўлмаган маълумотларни, қўшимча изоҳларни, дафъатан эсга келиб қолган нарса-ҳодисаларни кейин айтади.
Масалан, -Меҳмонлар келар эмиш эртага-. -Аям бериб юборди қурут... - каби.
Мулоқот жараёнида сўзга белги сифатида муносабатда бўлиш фақат салбий маъно англатадиган сўзларга нисбатан бўлмай, балки ҳар қандай тил бирлигига нисбатан ҳам бўлиши мумкин. Масалан, радио ва телевидениеда милиция ходимлари баъзан ўз нутқларида айрим мулоҳазаларга кўра, -Ҳозирча жиноятчиларнинг исми-шарифини айтмаймиз- деган жумлани қўллаб юборишади. Бундан маълум бўладики, уларнинг исми шарифи изофали бирикмасининг маъносини билмайдилар.
Мулоқотда ҳатто сукут (жим туриш, гапирмаслик) ҳам новербал информация воситаси, услубий фигура сифатида иштирок этади ва ситуатив, социал ҳамда психологик факторларга боғлиқ ҳолда ўзига хос коммуникатив мазмун ифодалайди. Жумладан, сукут-аломати ризо ибораси русларнинг Молчание - знак согласия деган гапи билан айнан мос келса, немислар нутқида қўлланиладиган Keine antwort ist auch eine antwort, яъни жавоб бермасликнинг ўзи ҳам жавобдир. Бу эса, ахмоққа жавоб-сукут деган ўзбек халқ мақоли мазмунига анча мос келади.
Мулоқот инсон психологияси ва физиологияси билан анча чамбарчас боғлиқ ҳодисадир. Чунки ҳар қандай нутқ тафаккур билан, тафаккур эса руҳият билан боғлиқдир. Танани руҳ бошқариб туради. Демак, руҳга таъсир этган ҳар қандай нарса танага ҳам таъсир этади. Буларнинг ҳаммаси мулоқотнинг психофизиологик аспектини ташкил этади. Масалан, меҳмонни сийласанг, итига суяк ташла, меҳмоннинг итини тур дема, меҳмоннинг олдида мушугини пишт дема каби турмуш тажрибалари асосида юзага келган қатор ўзбек халқ мақолларидан ҳам маълумки, кишининг ўзига бўлган муносабатини унинг нарсага бўлган муносабати орқали ҳам ифодалаш мумкин. Ўзбек мулоқот хулқида бундай ҳолат, айниқса, жуда кўп кузатилган. Хулоса қилиб айтганда, мулоқот хулқи инсон руҳий кайфиятининг муҳим жиҳатларидан бири бўлиб, у орқали ҳар бир халқ ва миллатнинг ўй-фикри, яшаш тарзи, турмуши, урф-одатлари, анъаналари ва бошқа ижтимоий жиҳатлари акс этади.
Мулоқотнинг самарали кечиши маълум қоидалар, муомала тамойилларига амал қилиши билан боғлиқ. Дунё халқлари мулоқот одоби, муомала масъулиятига оид минглаб мақол-маталлар яратганлар, бу борада беҳисоб асарлар битилган. Жумладан, шарқ миллий маданияти дурдоналари бўлмиш «Қутадғу билиг», «Қобуснома», «Ҳибатул-ҳақойиқ» каби маданий ёдгорликлар, буюк мутафаккирлар Кайковус, Юсуф Хос Ҳожиб, Аҳмад Яссавий, Аҳмад Югнакий, Алишер Навоий кабиларнинг асарлари бунга мисолдир. Кайковуснинг «Қобуснома»да келтирган қуйидаги пандларини эслайлик: «Гар сўзни ва ҳунарни яхши билсанг ҳам ҳеч бир сўзни синдирмағил, тўғри таъриф қилгил ва уни бир рангда айтгил: хосга хос сўз, омийга омий сўз дегил, токи у ҳикматга мувофиқ бўлсин ва эшитгон кишига оғир келмасин, йўқса сўзингни далил ва ҳужжат била ҳам эшитмағайлар. Ундин сўнг уларнинг ризосига қараб сўзлағил, то саломат бўлғайсан.»1 Энг асосийси, бу анъаналар ҳозиргача давом этмокда ва мулоқот одоби, сўзлашиш маданияти ўзбек олимларининг диққат марказида бўлиб келмокда. Э. Бегматов («Нотиқнинг нодир бойлиги», 1980); Б. Ўринбоев, А.Солиев («Нотиқнинг маҳорати», 1984); С.Мўминов («Сўзлашув одоби», 1997); Ш.М.Искандарова («Ўзбек нутқ одатининг мулоқот шакллари», 1993) ва бошқаларнинг ишлари шулар жумласидандир. Бугун замон талабига мос равишда тилнинг коммуникатив-функционал тамойилига асосан, нутқий фаолиятга эътибор тобора ортиб бормоқда. Биламизки, ҳар қандай мулоқотда сўзловчи ва тингловчи зарурий компонентлар сифатида албатта иштирок этади. Бу ҳақида яратилган кўпгина адабиётларда сўзловчи, яъни хабар берувчи, гапирувчи адресант, коммуникатор деб, адресантнинг нутқи қаратилган шахс – тингловчи адресат, коммуникант деб, мулоқотда бавосита иштирок этувчи омиллар эса таъсир бирликлари деб юритилади. Таъсир бирликлари шартли равишда қуйидаги 2 гуруҳга бўлиб таҳлил этилади:
1. Ички таъсир бирликлари. Бунга адресант ёки адресат шахси билан бевосита боғлиқ қуйидаги белги хусусиятлар киради:
1. Миллати.
2. Жинси.
3. Ёши.
4. Ижтимоий белгилари.
5. Таъсир бирликларига яқинлик даражаси.
2. Ташқи таъсир бирликлари. Бунга мулоқотга бавосита таъсир этувчи қуйидаги ташқи омиллар киради:
1. Мулоқот вақти.
2. Вазият, ҳолат.
3. Ижтимоий муҳит.2
Демак, нутқ фаолияти ҳар икки томоннинг фаол ҳаракатидан келиб чиқар экан, мулоқотнинг мукаммал бўлиши учун барча масъулиятни адресантнинг, яъни сўзловчининг зиммасида дейиш нотўғри. Тинглашни билиш ҳам мулоқот актларининг энг қийин аспектларидан биридир. Ҳар икки томон имкон қадар ҳаракат қилмас экан, улар ўртасидаги шахслараро мулоқот амалда беҳуда уриниш бўлиб қолаверади. Айниқса, умумтаълим мактабларида фанга лаёқатсиз ўқувчиларнинг эътиборсиз тинглаши натижасида ана шу фаннинг меъёрида ўзлаштирилмаслигига, топшириқларнинг вақтида бажарилмаслигига ва бунинг оқибатида пассив ўқувчи сифатида бўлишига олиб келади.
Алишер Навоийнинг мухлиси ва дўсти Хусайн Воиз Кошифийнинг шогирд тушишнинг шарт-шароитлари ҳақидаги фикрини олайлик: «Агар шогирдликнинг биноси ниманинг устига қурилади, деб сўрасалар, иродат устига қурилади, деб жавоб бергин. Агар иродат нимадир деб сўрасалар, самоъ ва тоатдир деб айтгин. Агар самоъ (эшитиш) ва тоат нимадир деб сўрасалар, нимаики устоз айтса, уни жон қулоғи билан эшитиш, чин кўнгил билан қабул қилиш ва вужуд аъзолари орқали амалда адо этишдир, деб айт. Агар шогирд учун нима яхши, деб сўрасалар, пок эътиқод деб айт, чунки фақат эътиқод кишини муродига етказади. »3
Шундай экан, ўқувчи берилган вазифаларни мустақил равишда тушуниб бехато бажариши учун у мана шу мавзуга диққати, хаёли, бор эътибори билан қизиқиши зарур. Агар бола қизиқса, у ўқишга интилади. Ва бундай топшириқлар унга қийинчилик туғдирмайди. Бунинг учун дарсда турли ўйинлар ўтказиши мумкин. Масалан, «мусиқали дақиқа». Куй-қўшиқларни севмайдиган, унга махлиё бўлмайдиган инсон топилмаса керак. Айтайлик, морфология ўқитишда ўқитувчи «Сўз туркумлари» мавзусини ўтиб бўлгач, ўқувчиларнинг билимини мустаҳкамлаш, мавзунинг бола онгида маҳкам ўрнашиб қолиши учун «мусиқали дақиқа»дан фойдаланиши мақсадга мувофиқ бўлади. Олдиндан бир ўқувчига мумтоз оҳангга эга бўлган, ватанпарварлик руҳига йўғрилган бирор қўшиқ тайёрлаб келиши юклатилади. Сўнг ўқувчилар 3 гуруҳга бўлиниб, мавзудан келиб чиққан ҳолда ўзларига Отлар, Феъллар, Ёрдамчилар деб ном қўйишади. Ҳар бир гуруҳга тинглаш жараёнида қўшиқ матнидан ўзларига тегишли жумлаларни топиш ва қайд этиш буюрилади. Энг кўп ва тўғри белгилаган ўқувчи ўқитувчи томонидан рағбатлантирилади. Шу тариқа уларда кайфият ҳосил бўлади, тинглаб тез синтез қилиш шаклланади ва уларнинг дарсга бўлган қизиқиши, тинглаш лаёқати жонлантирилади.
Шу тўғрида п.ф.д. Шоҳидахон Юсупова шундай дейди: «…ўқитишнинг асосий вазифаси ёшларда иқтидор ва қобилиятни янада ўстириш, уларда илмий изланиш кўникмаларини шакллантириш, қадимий, маданий меросимизни ўрганиш, умуминсоний қадриятларни эгаллаш ва чуқур билим олиш иштиёқини ривожлантиришдан иборатдир… Мусиқа улуғ неъмат бўлиб, у инсон қалбига маънавият улашиши, уларни эзгуликка чорлаш воситаси деб эътироф этилган. Ўқувчи ёшларни ўзбек халк қўшиқларининг мусиқий поэтик хусусиятлари билан таништиришда куй, шеърий матнни ўқишда ҳосил бўладиган ҳиссий кайфият ва руҳий кечинмаларини ифода этиш айни пайтда поэтик матнда тасвирланган образларни англашга эътибор қаратиши лозим.»4
Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, янгиланган педагогик тафаккур тамойилларининг таълимга тадбиқ этилиши натижасида таълим мақсадлари ҳам тубдан ўзгарди: билим бериш, зарур кўникма ва малакаларни шакллантириш ҳамда такомиллаштириб бориш билан бирга, ўқувчиларда бадиий сўздан завқланиш хусусиятини тарбиялаш, уларнинг эстетик дидини ўстириш, мустақил фикрлаш салоҳиятини ривожлантириш, коммуникатив саводхонлигига эришиш, китобхонлик даражасини мунтазам юксалтириб бориш, куй-қўшиқларнинг матнига беэътибор бўлмасликни ўргатиш, сўз сеҳрини ҳис қилишга эришиш шулар жумласидандир. Зеро, бу бугунги давр учун заруриятдир.
Фойдаланилган адабиётлар:
Кайковус. Қобуснома. – Т. Истиқлол, 1994, 173-б.
Мўминов Сиддиқжон Мирсобирович. Ўзбек мулоқот хулқининг ижтимоий - лисоний хусусиятлари. Автореферат. –Т., 2000, 9-б.
Хусайн Воиз Кошифий. Футувватномаи султоний. Тўплам: Комил инсон ҳақида тўрт рисола (Н.Комилов таржимаси). – Т.: Маънавият, 1997, 198-б.
Юсупова Шоҳидахон. Она тил ўқитиш мазмуни. Услубий қўлланма.–Т., 2007, 47-б.
Ахманова О. Словарь лингвистических терминов. - М.: «Наука», 1966.
Бодуэн де Куртэне. Избранные труды по общему языкознания. М.: «Наука», 1957.
Головин Б. Общее языкознание. - М.:1979.
Швейцар А. Современная социолингвистика. - М.: «Наука», 1976.
Юсупов Э. «Миллий манфаатлар ва миллий муаммолар». // «Шарқ юлдузи». №12, 6-б 20. Ҳожиев А.П. Лингвистик терминларнинг қисқача луғати. -Т.: 2001.
Do'stlaringiz bilan baham: |