VIII. САФАРБАРЛИК БЎЙИЧА ЧАҚИРИЛИШ ТЎҒРИСИДА ВА ҲАРБИЙ ХИЗМАТДАН БЎШАТИШ 46-модда. Сафарбарлик бўйича ва уруш даврида ҳарбий хизматга чақирилиш Фуқароларнинг сафарбарлик бўйича ва уруш даврида ҳарбий хизматга чақирилиши Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари асосида ўтказилади.
Олдинги таҳрирга қаранг. Сафарбарлик эълон қилинган тақдирда бу вақтда ҳарбий хизматда ва ҳарбий йиғинларда бўлган барча фуқаролар алоҳида фармойиш берилгунига қадар хизматни давом эттириб туради, ҳарбий хизматга мажбурлар эса ҳарбий хизматга чақирилади. Ҳарбий хизматчиларнинг таътиллари бекор қилинади. Ҳарбий хизматга мажбурлар ўзлари қайд этилган жойдаги туман (шаҳар) мудофаа ишлари органида, ҳарбий хизматчилар эса хизматни ўтаётган жойда ҳозир бўлиши шарт. Сафарбарлик эълон қилиниши билан ҳудудий комиссияларнинг чақирилиш ёшидаги фуқароларнинг чақирилиш муддатини кечиктириш ва уларни чақирилишдан озод этиш тўғрисидаги қарорлари бекор қилинади. Чақирилиш муддатини кечиктириш ҳамда чақирилишдан озод этиш бундан кейин фақат саломатлиги ҳолатига кўра ва махсус ҳисобда турганлигига қараб қўлланилиши мумкин.
(46-модданинг иккинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 30 сентябрдаги ЎРҚ-718-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 30.09.2021 й., 03/21/718/0920-сон) Сафарбарлик эълон қилинганида ва уруш даврида ҳарбий хизматга ўн саккиз ёшдан бошлаб ушбу Қонунда белгиланган резерв ва захирада бўлиш ёши чегарасига қадар ёшдаги ҳарбий хизматга мажбурлар ва чақирилувчилар ҳамда ҳарбий рўйхатда турмаган ўн саккиз ёшдан қирқ беш ёшгача бўлган аёллар (ўн олти ёшгача бўлган болалари бор аёллар бундан мустасно) чақирилишлари мумкин.
Сафарбарлик бўйича ва уруш даврида ҳарбий хизматга чақирилиш фақат мудофаа ишлари органлари томонидан амалга оширилади.
47-модда. Сафарбарлик бўйича ва уруш даврида ҳарбий хизматга чақирилиш муносабати билан фуқароларни моддий жиҳатдан таъминлаш Сафарбарлик бўйича ва уруш даврида ҳарбий хизматга чақирилган фуқаролар билан иш (хизмат) жойида тўла ҳисоб-китоб қилинади. Уларга амалда ишлаган вақтлари учун иш ҳақи, ишдан бўшатиш нафақаси ва фойдаланилмаган таътил учун компенсация тўланади.
Сафарбарлик бўйича ва уруш даврида ҳарбий хизматга чақирилганларнинг эгаллаб турган турар жой майдони сақланиб қолади.
Олдинги таҳрирга қаранг. Сафарбарлик бўйича ва уруш даврида ҳарбий хизматга чақирилган фуқароларнинг оилаларини давлат томонидан таъминлаш қонунчиликка мувофиқ амалга оширилади.
(47-модданинг учинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелдаги ЎРҚ-683-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/0375-сон)