Bog'liq умумхарбий мажбурият ва харбий хизмат тугрисидаги конун
16-модда. Олий таълим муассасаларида резервдаги ва захирадаги офицерларни тайёрлаш Олдинги таҳрирга қаранг. Олий таълим муассасаларининг талабалари орасидан резервдаги ва захирадаги офицерларни тайёрлаш мазкур муассасаларда ташкил этиладиган ҳарбий тайёргарлик ўқув бўлинмаларида (ҳарбий таълим факультетлари, ҳарбий тайёргарлик бўйича ўқув марказлари, ҳарбий кафедралар, цикллар ва курсларда) амалга оширилади.
(16-модданинг биринчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2020 йил 25 августдаги ЎРҚ-634-сонли Қонуни таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 26.08.2020 й., 03/20/634/1218-сон) Олий таълим муассасаларининг кундузги бўлимида ўқиётган эркак талабалари, шунингдек тиббий олий таълим муассасаларининг талабалари жинсидан қатъий назар ҳарбий тайёргарликдан ўтадилар.
Ҳарбий тайёргарликка йигирма етти ёшгача бўлган саломатлигига кўра ҳарбий хизматга яроқли талабалар жалб қилинадилар.
Талабаларни ҳарбий тайёргарликдан ўтишга қабул қилиш уларнинг шахсий аризаларига биноан ихтиёрий асосда амалга оширилади. Ҳарбий хизматни ўтаб келган талабалар ҳам резервдаги ва захирадаги офицерлар таълими дастури бўйича ҳарбий тайёргарликдан ўтишлари мумкин.
Олий таълим муассасаларининг ўқув бўлинмаларида ҳарбий тайёргарликдан ўтган, таълим дастурини ўзлаштирган ва белгиланган давлат имтиҳонларини топширган талабалар уларга лейтенант унвони берилганидан кейин ҳақиқий ҳарбий хизматга чақириладилар ёки резерв ёхуд захирага ўтказиладилар.
Олдинги таҳрирга қаранг. Олий таълим муассасаларининг ўқув бўлинмаларида ҳарбий тайёргарлик таълимидан ўтмаган талабалар таълим муассасасини тамомлаганларидан кейин ушбу Қонунга мувофиқ муддатли ҳарбий хизматни ўташ учун чақириладилар.
Офицерларни тайёрлаш дастурларини олий таълим муассасалари бўлган вазирликлар, давлат қўмиталари ва идоралар билан биргаликда ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш вазифаси Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги зиммасига юклатилади.
Олий таълим муассасаларининг ҳарбий тайёргарлик бўйича ўқув бўлинмалари йўналиши, резервдаги ва захирадаги офицерлар тайёрлашда асосланиладиган ихтисосликлар рўйхати Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги томонидан белгиланади ва Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тасдиқланади.
Олий таълим муассасалари бўлган вазирликлар, давлат қўмиталари ва идоралар, агар бу таълим муассасалари базасида ҳарбий тайёргарлик бўйича ўқув бўлинмалари ташкил этилган бўлса, мазкур таълим муассасаларининг аниқ мақсадли молиялаштирилишини амалга оширади ҳамда Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигининг кўмагида зарур ўқув-моддий базасини яратади.
Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги талабаларнинг ҳарбий тайёргарлиги устидан назоратни, ҳарбий тайёргарлик бўйича ўқув бўлинмаларининг бошлиқлари ва уларнинг ўринбосарлари лавозимларига офицерларни олий таълим муассасалари бўлган вазирликлар, давлат қўмиталари ва идоралар билан келишилган ҳолда танлаш ва тайинлашни амалга оширади. Ҳарбий тайёргарлик бўйича ўқув бўлинмаларининг ўқитувчилигига ва бошқа лавозимларга ҳарбий хизматчиларни тайинлаш олий таълим муассасаларининг ректорлари билан келишилган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги томонидан амалга оширилади.
Ҳарбий тайёргарлик бўйича ўқув бўлинмаларининг ҳарбий лавозимларига тайинланган ҳарбий хизматчилар ҳарбий хизматдаги ҳарбий хизматчилар учун белгиланган кафолатлар ва имтиёзлардан фойдаланадилар.
(16-модданинг олтинчи – ўн биринчи қисмлари Ўзбекистон Республикасининг 2006 йил 26 июндаги ЎРҚ-38-сонли Қонуни таҳририда — Олий Мажлис палаталарининг Ахборотномаси, 2006 й., 6-сон, 262-модда)