ОИЛА-НИКОҲ МУНОСАБАТЛАРИ ТАРИХИ – Ҳозирги замон одамларининг дастлабки ибтидоий аждодлари – фикрловчи одам (Homo sapiens) бундан 3 млн. йиллар олдин шаклланган. Узоқ муддат давом этган ибтидоий тараққиётдан сўнг аста-секинлик билан ибтидоий жамоалар, кишилик жамиятлари юзага кела бошлаган ва одамлар ўртасида дастлабки ўзаро муносабатлар, мулоқот шакллана борган. Лекин уларни ҳали том маънода инсоний муносабатлар деб бўлмас эди.
Умуман эркак ва аёллар ўртасидаги никоҳ муносабатлари юзага келишининг илк босқичларида жинслараро алоқалар асосан биологик омиллар асосида бошқарилган. Худди маймунларда бўлгани каби ибтидоий одамларнинг аёллари ҳам вақти-вақти билан, қисқа муддатли (ой давомида 4-5 кунгача, фақат айрим турлардагина 19 кунгача) эструс даврини ҳис қилганлар (эструс — қўшилишга мойилликнинг шиддатли, кучли намоён бўлиши). Бундай кунларда аёллар кимни хоҳласа, ўшалар билан қўшилаверган, бошқа пайтларда бу ҳол кузатилмаган. Одамларнинг тик юришга ўтиши билан улар организмида рўй берган ўзгаришлар аёлларнинг туғруқ жараёнида кўп нобуд бўлишига ва оқибатда одамлар орасида улар сони кескин камайиб кетишига олиб келган. Шу боисдан эркаклар ўртасида аёл билан боғлиқ кўплаб низолар юзага келган, уларнинг кўпчилиги қонли тўқнашув иштирокчиларидан бирининг нобуд бўлиши билан тугаган. Бундай табиий танланиш эструс ҳодисаси узоқроқ муддат давом этган уруғларнинг кўпроқ яшаб қолишига олиб келган.
Бироқ бу биологик омил янги муаммони юзага келтиради: ҳеч бир организм бундай узоқ вақт давом этган шаҳвоний, асабий зўриқишларга дош бера олмас эди. Шунинг yчун эструс муддатининг узайиши билан аёллар ўзининг жинсий майлини назорат қиладиган ва энди ким тўғри келса ўша билан эмас, балки фақат ўзларига ёқадиган эркаклар билангина қўшиладиган бўлиб борганлар. Эркакларга нисбатан «танлаб» муносабатда бўлиш ўзига хос инсоний муҳаббатнинг биологик пойдевори юзага кела бошлаганлигидан далолат беради. Шундан сўнг, аста-секинлик билан, гарчи ҳеч қандай ижтимоий меъёрлар билан бошқарилмаса-да, бир-бирларини маъқул кўрадиган жуфтлардан иборат унчалик катта бўлмаган гуруҳлар ташкил топа бошлайди. Шундай қилиб, эструснинг узайиши ҳамма учун ҳам қулай, маъқул бўлмаган. Бу эса уруғ таркибига кирувчи эркаклар ўртасида яна жанжаллар, қон тўкилишларга сабаб бўладиган ҳолатларни келтириб чиқарган. Шу тарзда юзага келаётган жамиятда, уруғ ичидаги жинсий мулоқотни бошқариш, биологик инстинкт, индивидуализмни жиловлаш учун махсус ижтимоий меъёрлар шакллана бошлади. Ана шундай ижтимоий меъёрлардан бири мазкур уруғ ичида эркак ва аёлларнинг жинсий мулоқотларини маълум бир муддатга (овга тайёрланиш, ов вақтларида) тақиқловчи жинсий табулар (тақиқ)нинг юзага кела бошлаганлигидир.
Табу ахлоқий меъёрлар ичида анча жиддий ва қаттиқ тақиқдир. Ахлоқий меъёрларни бузувчиларни жамоа жазолаши, йўқ қилиб юбориши ҳам ёки кечириб тирик қолдириши ҳам мумкин бўлган. Кўпинча эса табуларни бузган кишилар, улар буни билиб қилганми, ёки билмайми, бундан қатъи назар сўзсиз жазоланган.
Ишлаб чиқаришдаги жинсий табуларнинг юзага келиши ypyғ ўртасида эркак ва аёл маиший жиҳатдан ажратилишида кузатилади. Табу вақтида эркакларга нафақат аёлларга тегиш, балки уларга қараш, улар билан гаплашиш, тайёрлаган овқатни истеъмол қилиш, ҳатто улар билан бир том остида, яъни «бир уйда» бўлиш тақиқланган.
Деҳқончиликнинг юзага келиши, мавсумий дала ишларининг ортиб бориши билан жинсий табулардан холи вақтлар борган сари камайган. Эркакларда ҳам, аёлларда ҳам жинсий зўриқишнинг жадаллиги ортиб борган. Шунинг учун табулардан холи вақт оралиғи ўзига хос шаҳвоний айшу ишратларга айлана борган. Атоқли психолог З. Фрейд бу даврни муайян байрамларга қиёслаган. Чунки аксарият байрамларда бошқа кунлари тақиқланган деярли барча нарсага рухсат берилади. Бу байрамларда чекланмаган, жўшқин жинсий мулоқотлар амалга оширилган.
Шундай қилиб, қисқа муддатли эструс юзага келган, бироқ энди бу эструс биологик сабаблар билан эмас, ижтимоий сабаблар билан боғлиқ бўлган. Бу вақтларда ҳали на никоҳ, на оила мавжуд бўлган. Ўз навбатида табулар кейинчалик никоҳнинг илк турларидан бўлмиш экзогам никоҳларни юзага келтиради (экзогам никоҳ, — уруғлараро, қабилалараро никоҳ). Чунки табулар фақат ўз ypyғи учунгина тааллуқли бўлиб, унда қон-қариндошлар ўртасида жинсий мулоқот тақиқланган, бошқа қабила ёки ypyғ аъзоларига эса тааллуқли бўлмаган. Шунинг учун эркаклар қаердадир, овлоқ жойда бошқа уруққа мансуб бўлган аёлни учратиб қолиб, ундан шаҳвоний объект сифатида фойдаланиши мумкин бўлган. Эркаклар узоқ муддат қишлоқ хўжалик ишлари билан банд бўлган вақтларида бирон бир бегоналар билан аёллар ҳам бу ишни амалга оширишган. Табу давом этаётган даврда бир уруғ эркаги ўз аёлларидан узоқда, ўз кулбасида бошқа уруққа мансуб аёлни сақлаши мумкин бўлган. Кейинчалик бу тасодифий алоқалар қабила қоидаларида одатий, зарурий, кўзда тутилган одатларга айланиб борди. Одамлар «бошқа уруғдагилар» билан бўлган алоқалардан туғилган насллар нисбатан бўйдор, бақувват, абжир эканлигини сеза бошлашган. Бу айнан ҳозирги замон одами –гомосапиенс шакллана бошлаган, тахминан бундан 42-45 минг йиллар муқаддам даврга тўғри келади.
Шундай қилиб, эндогамия (фақат бир уруғ вакиллари ўртасидаги жинсий алоқа)дан (қ. Эндогамия), агомия, яъни жинсий муносабатларнинг вақтинчалик тақиқланиши орқали экзогамия (турли қабила вакиллари ўртасидаги мунтазам жинсий алоқа) (қ. Экзогамия) юзага келди. Бундан никоҳнинг гуруҳли никоҳ тури юзага келган. Гуруҳли никоҳда (қ. Гуруҳли никоҳ) бир ypyғ эркаклари бошқа уруғнинг барча аёллари учун эр ва аксинча, иккинчи уруғнинг эркаклари биринчи ypyғ аёлларининг эрлари ҳисобланган.
Гуруҳли никоҳнинг юзага келиши никоҳ жуфтлари доирасини маълум бир гуруҳ аъзолари билангина чегаралаб, бирмунча қисқартиради. Бундай ҳолларда бошқа уруғдаги эркак маълум бир қабилага фақат битта мақсадда, «никоҳ» мақсадидагина келар эди, ўзлари эса она оилаларида яшарди ва ишлашарди, улар «хотин»лари яшайдиган оилада ҳеч қандай ҳуқуққа эга эмас эдилар.
Кейинчалик гуруҳли никоҳ доирасида ўзаро майллар заминида етарлича доимий жуфтлар шакллана бошлади. Бундан пайдо бўлган жуфтли никоҳ даставвал бир эркак доимо фақат битта аёл билан яшашини билдирмаган. Эркак киши бир неча аёл билан, худди шунингдек, аёл ҳам бир неча эркак билан муносабатда бўлиш имкони бўлган. Аниқроғи, бундай никоҳни жуфтли никоҳ эмас, балки ибтидоий-эгалитар, яъни тенг ҳуқуқли никоҳ дейиш тўғрироқ бўлади. Табиийки, уруғнинг бир мунча обрўлироқ аъзолари бир неча аёлга эгалик қилишган. Бу даврга келиб, кўп эрлилик камроқ учраган. Бундай жуфт никоҳлар тахминан 25 – 24 минг йиллар муқаддам уруғ ичида хўжалик ва иқтисодий муносабатларнинг янги шаклларига ўтиш билан хусусий мулкчиликнинг юзага келиши жараёнида пайдо бўлган. Бу йўлда қўйилган биринчи қадам «coвғa айирбошлаш» деб аталган одат бўлган.
Деҳқончилик ва чорвачиликнинг ривожланиши билан уруғ, қабила бир аъзоси меҳнатининг маҳсулдорлиги сезиларли даражада ортган ва бу ортиқча истеъмол маҳсулотларининг юзага келишига олиб келган. Ҳар бир киши ўзи яратган маҳсулотни қабиланинг «умумий қозонига» ташлайдиган эскича тақсимот шакли ишлаб чиқаришнинг янада ривожланишига тўсқинлик қила бошлади (чунки бу ҳол қабиланинг нопок, дангаса аъзолари ишлаб чиқариш фаолиятидан жазосиз қутулиб қолишига олиб келган). Шунинг учун қабила ортиқча маҳсулотнинг маълум бир қисмини қабила мулкига ўзининг абжирлиги, чаққонлиги, ишлаб чиқариш фаолиятида кўпроқ муваффақиятларга эришганлиги билан фарқланиб турган аъзоларига мукофот, совға тариқасида тақсимлашга мажбур бўлган. Ҳаммага тенг тақсимлаш билан бирга аста-секин одамнинг имкониятига, унинг қабила мулкига қўшаётган улуши микдорига қараб «меҳнат ҳақи» ажратила бошланган.
Агар тенг тақсимланишда жамоа маҳсулотидан улуш олиш «ҳуқуқи» мазкур уруққа тааллуқлилигига қараб берилган бўлса, (жамоа мулкига қанча ҳисса қўшганидан қатъи назар) энди бу «ҳуқуқ» одамларнинг маҳсулот яратишдаги иштирокига асосланадиган бўлди. Уруғнинг айрим аъзоларида ортиқча маҳсулот, шахсий мулкнинг пайдо бўлиши, оиланинг шаклланиши томон қўйилган янги қадам бўлган «совға айирбошлаш»ни юзага келтирди. Эркак киши бошқа ypyғдаги аёлига ўзининг мукофотини совға қилган, шунингдек, аёл ҳам айни йўлни тутган. Улар ўртасидаги совға айирбошлаш қаторида эркак билан аёл ўртасидаги жинсий муносабат ҳам давом этаверган. Coвғa айирбошлашнинг тўхтатилиши эса улар ўртасидаги алоқанинг ҳам тугашини билдирган. Шундай қилиб, никоҳнинг яна бир тури – индивидуал жуфт никоҳ юзага келган. Бунда аёлни қариндошлари, яъни ўз уруғи эркаклари билан тенг тақсимлаш муносабатлари, бошқа уруғдаги эркаклар билан эса совға айирбошлаш муносабатлари боғлаб турган.
Шуни айтиб ўтиш жоизки, жуфтли оиланинг юзага келиши бошиданоқ оналик уруғи асосларининг бузилишига олиб келишини билдирган. Яъни, эркак киши ўз мукофотини бошқа уруғдаги аёли ва болаларига қанчалик кўп берса, унинг ўз оналик уруғига шунчалик кам улуш қолган. Бироқ эр ҳали хотин ва болаларининг ягона боқувчиси бўлмаган. Жуфтли оилаларнинг янада мустаҳкамроқ бўлиши учун coвғa айирбошлашда эр хотинига, хотин эрига берганга қараганда кўпроқ совға бериши лозим эди, шундай қилиб сoвғa айирбошлаш муносабатлари боқувчилик муносабатларига айланиши лозим эди. Шу билан бирга эркакнинг хотин ва унинг болалари билан алоқаси мунтазам ва узоқ муддатли бўлиб борди. Ниҳоят, қабилалараро никоҳ замирида хўжалик бирлиги — жамоа ташкил топди, унга эрлар ўз хотинлари ва уларнинг болалари билан кирди. Эркаклар ўз сингилларидан, аёллар эса мос равишда ўз ака-укаларидан ажралишди. Янги иқтисодий хўжалик бирлиги ёки оиланинг яна бир тури – жуфт оила юзага келди, унга асосан эр, хотин ва унинг болалари кирди.
Демак, никоҳ оиладан илгари вужудга келган бўлиб, даставвал, патриархал оила вужудга келишига қадар, уруғчилик даврида фақат жинсий табиий ҳаётни бошқариб борган. Оила вужудга келгандан сўнг эса никоҳ кишилар ҳаётининг бошқа соҳаларига, чунончи, ҳуқуқий, ахлоқий ва маиший соҳага ҳам кириб борган. Никоҳнинг оиладан фарқи шундаки, у ўзи вужудга келган дастлабки даврда муайян иқтисодий, хўжалик ҳуқуқи ва мажбуриятлари ўзининг биринчи кунлариданоқ муайян ҳуқуқлар ва мажбуриятлар билан боғланган кишиларнинг кичик уюшмаси, иттифоқи, бирлигидир. Оила синфий жамиятга қадар жинслар ўртасидаги жинсий муносабатларни бошқарадиган бирдан-бир восита бўлган.
Do'stlaringiz bilan baham: |