10.2. Аудиторнинг иш сифатини назорат қилиш шакллари Аудиторлик фирмаси томонидан аудитор ишини назорат қилиш қуйидагича амалга оширилади, биринчидан, мазкур мижозда аудит Ўтказишга оид аудиторлик режаси ва дастури асосланганлигини муҳокама қилиш ва текшириш билан; иккинчидан, ташкилий-аҳлоқий аудиторлик тамойилларига қатъий риоя қилиш йўли билан (хусусан, мижозга маслаҳат бераётган ёки унинг бухгалтерия ҳисобини тиклаётган аудитор мижозга текширув билан юборилмайди ва ҳоказолар); учинчидан, амалиётда айрим аудиторлик фирмалар, асосий аудитор томонидан аудиторлик хулосаси тақдим этиб бўлгандан кейин, мижоздан ҳақ олмаган ҳолда, фирманинг бошқа аудитори томонидан ҳисобот ишончлилигини қайтадан текширишни қўллайдилар.
Аудитор ишининг сифатини назорат қилиш тартиби 5-сон АФМСда берилган. Унга кўра, «Аудитор иши сифатини назорат қилиш аудитнинг ўтказилиши ва аудитга турдош хизматларнинг кўрсатилиши чоқида аудит стандартларининг ва Ўзбекистон Республикасида аудиторлик фаолиятини тартибга солиб турувчи бошқа хил меъёрий ҳужжатлар талабларига риоя этилишини текшириш учун фойдаланиладиган ташкилий чоралар, услублар ва жараёнлар тизимини ўз ичига олади.
Ҳар бир аудиторлик ташкилоти иш сифати устидан назорат қилиш тамойиллари ва қоидаларини, шунингдек, улардан фойдаланиш жараёнларини ишлаб чиқиши ва қабўл қилиши лозим. Бу эса аудитнинг ўтказилиши жараёнида текширишнинг умум белгиланган стандартлари билан зиддиятларнинг юзага келмаслиги учун зарурдир.
Аудитор иши сифатини назорат қилиш бир неча шаклларда амалга оширилади:
1. Асосий аудитор томонидан ўз ассистентлари ишини назорат қилиш;
2. Аудиторлик ташкилоти томонидан аудитор ишини назорат қилиш;
3. Ташқи назорат.
Асосий аудитор аудитнинг ўтказилиши жараёнида ассистентлар томонидан бажарилаётган ишларни доимий равишда назорат қилиши ва йўналтириб бориши керак.
Ассистент деганда асосий аудитордан касбий даражаси жиҳатидан фарқ қилувчи ходимлар тушунилади.
Ассистентдан фарқли ўлароқ, асосий аудитор аудитнинг бажарилиши учун тўлиқ жавобгар ҳисобланади.
Ишлар топшириладиган ассистентлар маълум бир маънода уларнинг жавобгарлиги ва бажаришлари лозим бўлган жараёнларнинг мақсадлари ҳақида, хўжалик юритувчи субъектнинг фаолияти ва бўлиши мумкин бўлган аудиторлик жараёнларининг моҳияти, ўтказилиш вақти ва миқёсларига таъсир қилиши мумкин бўлган ҳисобга оид аудиторлик муаммолари тўғрисида тегишли равишда хабардор қилинган бўлишлари лозим.
Аудитор ишининг аудиторлик ташкилоти томонидан назорат қилиниши қуйидагилар воситасида амалга оширилади:
1. Мижоз олдида аудиторлик режасининг ва аудит ўтказиш дастурининг асосланганлигини муҳокама қилиш ва текшириш;
2. Ташкилий-этик аудиторлик тамойилларига қатъиян риоя этиш (хусусан, мижозга маслаҳатлар берувчи ёки унинг бухгалтерия ҳисобини тиклаб берадиган аудитор унинг ўзини текшириш учун ва шу кабиларга бормайди);
3. Асосий аудитор томонидан аудиторлик хулосаси бериб бўлинганидан кейин аудиторлик ташкилотининг бошқа аудитори томонидан ҳисоботларнинг ишончлилигини мижоз учун бепул бўлган такрорий қайта текширишларни ўтказиш;
Ташқи назорат амалдаги қонунчиликда ва меъёрий ҳужжатларда кўзда тутилганидек, давлат органлари томонидан амалга оширилади.
Аудитор иши сифатини назорат қилишнинг қоида ва жараёнлари туси ва миқёслари қуйидаги шартларга боғлиқ:
1. Аудиторлик ташкилотининг ҳажмига;
2. Аудиторлик ташкилотлари ва функционал бўлинмалари хизматчиларининг мустақиллиги даражасига;
3. Очиқ акциядорлик жамиятлари аудити; ёпиқ акциядорлик жамиятлари аудити каби унинг компонентларини эътиборга олган ҳолдаги амалий фаолият моҳиятига;
- бухгалтерия ҳисоби ва хўжалик фаолиятини таҳлил қилиш соҳасидаги хизматлар; фойда солиги ҳажмларини аниқлаш бўйича хизматлар; ўзаро аудитнинг ўтказилиши бўйича мажбуриятларга;
4. Олинган фойдага оид аудитор иши сифатини назорат қилиш қоида ва жараёнларини ишлаб чиқиш ва қўлланиши билан боғлиқ чиқимлар даражасига.
Аудиторлик ташкилоти томонидан аудитор иши сифатини назорат қилиш қоида ва жараёнларининг белгиланиши чоғида у қуйидаги чораларни кўриши лозим:
1. Аудитор иши сифатини назорат қилиш қоида ва жараёнларининг амалга оширилиши бўйича малакали хизматчилар ўртасида вазифаларни тақсимлаши;
2. Аудитор иши сифатини назорат қилиш қоида ва жараёнларини хизматчиларга етказиш;
3. Аудитор иши сифатини назорат қилиш тизими самарадорлигини қоида ва жараёнларнинг аввалгидагидек уларнинг қўлланиш усуллари ва хизматчиларга етказилиши амалиётига жавоб бериш-бермаслигини аниқлаш мақсадида текшириб кўриш.
Аудитор иши сифатини назорат қилиш қоида ва жараёнлари ёзма шаклда баён қилиниши шарт эмас. Улар хизматчиларнинг ишга қабўл қилиниши чоғида огзаки равишда маълум қилиниши ва аудиторлик ташкилоти умумий йигилишида, бир йилда бир маротаба такрорланиши мумкин.
Шу билан биргаликда, аудиторлик ташкилотлари ўз қоида ва жараёнларини ҳужжатлар асосида мустаҳкамлаб боришлари тавсия этилади. Ҳужжатларнинг тури ва ҳажми энг аввало аудиторлик ташкилоти ҳажмига ва унинг фаолият тусига бевосита боғлиқ ҳисобланади»4.