I. Фан олимпиадаларининг биринчи босқичиини ўтказиш тартиби
Фан олимпиадасининг биринчи босқичини ўтказиш масъулияти академик лицей, касб-ҳунар коллежлари ва умумтаълим мактаблари директорлари зиммасига юкланади.
Мазкур босқичда тарих, ҳуқуқшунослик, иқтисодий билим асослари фанидан олимпиада бир турда (тест синови), математика, информатика, география ва чизмачилик фанидан олимпиада икки турда (тест синови, амалий иш), она тили ва адабиёт, ўзбек тили (таълим рус ва бошқа тилларда олиб бориладиган гуруҳларда), рус тили ва адабиёти (ўзбек ва бошқа тилларда ўқитиладиган гуруҳларда), рус тили ва адабиёти (рус гуруҳларида), инглиз, немис, француз, қозоқ ва тожик тили ҳамда қорақалпоқ тили ва адабиёти фанлари уч турда (тест синови, оғзаки ва ёзма), физика, биология, кимё фанларидан уч турда (ёзма иш, лаборатория иши, тест синовлари) ўтказилади.
Фан олимпиадасининг биринчи босқичида ёшидан қатъий назар қатнашиш истагини билдирган академик лицей, касб-ҳунар коллежларининг I-III курс ўқувчилари ва барча турдаги умумтаълим мактабларининг 9-11 синф ўқувчилари иштирок этишлари мумкин.
Олимпиаданинг биринчи босқичида ўқувчиларга бир ёки икки фандан ўз имкониятларини синаб кўришлари учун шароит яратилади. Олимпиаданинг қолган босқичларида ҳар бир ўқувчи ўзи истаган ва энг яхши натижаларга эришган фақат битта фан бўйича иштирок этиши мумкин.
Умумтаълим мактабларида олимпиадани ўтказиш бўйича ташкилий кўмита тузилади. Ташкилий қўмитага академик лицей, касб-ҳунар коллежи, умумтаълим мактаби директорлари раислик қилади. Қўмита аъзолари 5-7 кишидан иборат бўлади.
Ҳакамлар ҳайъати таркибини шакллантиришда қўшни академик лицей, касб-ҳунар коллежи умумтаълим мактаби билан ўзаро мутахассис алмашиш тажрибасини қўллаш мақсадга мувофиқдир. Бунда ҳакамлар ҳайъати аъзолари сони 3-5 нафарни ташкил этиши керак. Академик лицей, касб-ҳунар коллежи, умумтаълим мактабида ўтказиладиган олимпиада жадвали тасдиқланиб, кўринарли жойга олимпиада ўтказилишидан камида 10 кун олдин осиб қўйилади. Жадвал нусхаси назорат учун ўрта махсус, касб ҳунар таълими бошқармаси ва туман халқ таълими бўлимига топширилади.
Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларининг I-III курс ва умумтаълим мактабларининг 9-11 синф ўқувчилари учун тест синови, ёзма иш ва амалий топшириқлар мос равишда ўрта махсус, касб-ҳунар таълими ҳудудий бошқармалари ҳамда туман (шаҳар) халқ таълими бўлими методика кабинетлари, вилоят педагогларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институтлари билан ҳамкорликда ишлаб чиқилади. Ушбу материаллар ташкилий қўмита томонидан тасдиқланиб, махфийлиги таъминланади ва жойларга фан олимпиадаларини ўтказиш куни етказилади.
Фан олимпиадаларининг биринчи босқич натижалари таълим муассасасининг педагогика кенгашларида муҳокама этилади, ғолибларнинг олимпиаданинг II туман (шаҳар) босқичида қатнашиши тўғрисида қарор қабул қилинади ва 1-,2-,3- ўринни эгаллаган ғолибларнинг II-босқичда иштирок этиши ҳақидаги буюртмалари олимпиаданинг иккинчи босқичини ташкил этиш ва ўтказиш бўйича ташкилий қўмитага тақдим этилади. Биринчи босқич ғолиб ўқувчилари академик лицей ёки касб-ҳунар коллежлари, умумтаълим мактаблари маъмурияти томонидан рағбатлантирилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |