Ислом тараққиёт банкининг тадбиркорлик субъектларини кредитлаш фаолияти. Ўзбекистон Республикасида банк тизимининг ривожланишида исломий молиялаштириш банклари хизматларидан фойдаланиш муҳим ахамият касб этади. Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон иқтисодиётини ривожлантиришнинг замонавий, инновацион ривожланишини таъминлаш босқичида банк-молия хизматлари бозорини таҳлили, фуқаролар ва тадбиркорларда банк фоизларисиз банк-молиявий хизматларга бўлган эҳтиёж жуда юқорилигини кўрсатмоқда. Айниқса, 2008 йилдаги иқтисодий инқироз тадбиркорлик субъектлари ўртасида исломий банк хизматларига бўлган қизиқишни кескин оширган бўлса, бугунги кунда давом этаётган коронавирус пандемияси сабабли юзага келган иқтисодий секинлашув, аксарият хизмат кўрсатиш соҳалари фаолиятининг тўхтаб қолиши хатарларни тақсимлашга асосланган кредитлаш хизматларининг қанчалик самарали эканлигини кўрсатиб берди.
Исломий молиялаштириш тизимининг ривожланишида асосий ролни Ислом тараққиёт банки ўйнамоқда. Маълумки халқаро молия ташкилотлари одатда тадбиркорлик субъектларига эмас, давлатларга кредитлар ажратади. ИТБ олдига қўйилган бизнес субъектларини молиялаштириш ва бошқа мақсадларига эришиш учун ИТБ гуруҳидан иборат бўлган махсус ташкилот ва жамғармаларни таъсис этди. Ҳозирги вақтда ушбу гуруҳ таркибига қуйидаги ташкилотлар киради:
1. Ислом тараққиёт банки;
2. Хусусий секторни ривожлантириш бўйича исломий корпорацияси;
3. Инвестициялар ва экспорт кредитларини суғурталаш ислом корпорацияси;
4. Халқаро ислом савдо-молия корпорацияси;
5. Тадқиқотлар ва тренинглар ислом институти.
ИТБ бу ўринда ИТБ гуруҳи фаолиятини бошқарувчи асосий ижро органи ролини ҳам ўйнамоқда. Бундан келиб чиқилса, Ислом тараққиёт банки тушунчаси икки маънода – тор ва кенг маънода тушунилиши мумкин. Тор маънода ИТБ гуруҳининг асосий мувофиқлаштирувчи органи тушунилса, кенг маънода ИТБ гуруҳи тушунилади.
Масалан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил
7 февралда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси тўғрисида”ги ПФ-4947-сонли Фармонида ҳам белгилаб ўтилди1. Унда халқаро иқтисодий ҳамкорликни янада ривожлантириш, шунингдек, етакчи халқаро ва чет эл молиявий институтлари билан алоқаларни кенгайтириш орқали Ислом тараққиёт банкининг 1,0 млрд. АҚШ долларидан кам бўлмаган миқдорда кредитларини жалб қилишни кўзда тутадиган инвестициявий лойиҳаларни амалга ошириш масаласини ишлаб чиқиш орқали 2017-2019 йиллар давомида Ўзбекистон Республикаси ва Ислом тараққиёт банки ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтириш масаласи қўйилган . Ушбу ҳужжатда Ислом тараққиёт банкидан инвестиция жалб қилиш назарда тутилган бўлса-да, унинг ижроси юзасидан 2018 йил 18-19 сентябрь кунлари Тошкентда ИТБ гуруҳи куни ўтказилиб, уларнинг якунлари бўйича Ўзбекистонда истиқболли дастурлар ва лойиҳаларни амалга ошириш тўғрисида келишиб олинди ва ИТБ гуруҳи томонидан Ўзбекистон Республикасида 1,3 млрд. доллар миқдоридаги инвестиция лойиҳаларини молиялаштиришни назарда тутувчи Ўзбекистон Республикаси билан ИТБ гуруҳи ўртасида 2018-2021 йилларга мўлжалланган Шериклик стратегияси имзоланди. Бундан кўриниб турибдики, Ҳаракатлар стратегиясида Ислом тараққиёт банки деганда Ислом тараққиёт банки гуруҳи назарда тутилган. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 5 мартда “Ислом тараққиёт банки гуруҳи ва Араб мувофиқлаштириш гуруҳи жамғармалари билан шерикликни янада кенгайтириш ва чуқурлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-4224-сонли қарорида ҳам Ислом тараққиёт банки ҳамда Ислом тараққиёт банки гуруҳлари тушунчалари бир хил маънода ишлатилгандир2.
ИТБнинг тадбиркорлик субъектларини кредитлаш фаолияти деганда ˗ ИТБ гуруҳига кирувчи ташкилотлар томонидан тадбиркорлик субъектларини молиялаштириш тушунилади.
ИТБ гуруҳининг бош органи бўлган ИТБ томонидан тадбиркорлик субъектларини кредитлаш икки хил усулда амалга оширилади:
1) тадбиркорлик субъектлари ривожланишига кўмаклашувчи миллий тараққиёт молия муассасалари ва исломий банклар учун молиялаштириш линиялари тақдим этиш. ИТБ аъзо давлатларда бизнес субъектларини кредитлаш мақсадида 1986 йилда Миллий тараққиёт молия институтлари асотсиациясини ташкил этган бўлиб, асотсиация таркибига кирувчи ташкилотларга ва исломий банкларга бизнес субъектларини кредитлаш учун молиялаш маблағлари ажратади. Бу маблағлар исломий молиялаштириш шартномалари асосида тадбиркорларга йўналтирилади.
2) давлат-хусусий сектор ҳамкорлиги йўналиши бўйича молиялаштириш маблағлари ажратиш. Биринчи ҳолатда маблағлар молия институтлари орқали ажратилса, бу ҳолатда эса, давлатнинг хусусий секторни кредитлаш дастурлари доирасида маблаъглар берилади. ИТБ томонидан 2018 йилнинг ўзида ушбу йўналиш доирасида 268 миллион АҚШ доллари миқдорида маблағ ажратилган3.
Шунингдек, тадбиркорликни қўллаб қувватлаш мақсадида ИТБ томонидан 1999 йилда Хусусий секторни ривожлантириш ислом корпорацияси (ХСРИК) ташкил этилган. Шариатга мувофиқ хусусий сектор лойиҳаларини молиялаштириш орқали аъзо мамлакатлар иқтисодий ривожланишига ёрдам бериш ушбу ташкилотнинг асосий вазифаси ҳисобланади.
Корпорация хусусий сектор ташкилотларини қуйидаги шаклларда молиялаштиради:
1. Янги корхоналар ва лойиҳаларда улушли иштирок этиш орқали кенгайтириш бўйича. Бу йўналиш доирасида корпораация тадбиркорлик субъектларини исломий молиялаштириш усуллари орқали кредитлашни мақсад қилган ташкилотлар ёки дастурлар доирасида қатнашади ҳамда уларга кўзланган мақсадига эришиш учун маблағлар ажратади.
2. 24 ойгача муддатга қисқа муддатли кредитлар бериш;
3. Аъзо-мамлакатлардаги миллий молиявий муассасалар ва тижорат банклари учун молиялаштириш линиялари ажратиш. Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 23 майдаги 428-сон қарори билан тасдиқланган “Ислом тараққиёт банки гуруҳи ва Араб мувофиқлаштириш гуруҳи жамғармалари билан ҳамкорликни янада кенгайтириш бўйича Ҳаракатлар режаси (Йўл харитаси)”нинг 12-бандида ХСРИКдан кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик лойиҳаларини молиялаштириш учун АТБ «Алоқабанк» орқали 10 млн долларлик суммага ИХСРК молиялаштириши линиясини жалб этиш белгиланган4. Бугунги кунгача бу кўринишдаги кредит линиялари ХСРИК томонидан Ўзбекистонда Трастбанк, Агробанк, Асиа аллиансе банк, Капиталбанк ва бошқа банкларга ҳам берилган.
4. Ўзининг мақсадига мувофиқ, лойиҳаларни молиялаштириш ёки инвестициялаш учун мўлжалланган бевосита инвестиция жамғармалари ва бошқа махсус мақсадли компаниялар ташкил қилишда иштирок этиш (таъсисчи сифатида) ва бошқариш. Бунга мисол қилиб ХСРИК томонидан Ўзбекистонда тадбиркорлик субъектларини кредитлаш мақсадида 2010 йилда 5 миллион доллар устав жамғармаси билан ташкил этилган «Тоиба лизинг» компаниясини олиш мумкин. Ушбу компания хусусий сектор вакилларига ўзининг шариатга мувофиқ келадиган лизинг (ижара) хизматларини тақдим этиб келмоқда. 2010–2017 йиллар мобайнида компания томонидан 26,3 млн. долларлик 200 дан ортиқ лойиҳа молиялаштирилган.
Қуйида ИТБГ таркибига кирувчи ИТБ ва ХСРИК томонидан Ўзбекистонга ажратилган кредит маблағлари қийматини кўриш мумкин: