Атмосферанинг газ баланси. Атмосферанинг асосий таркибий қисмлари ҳисобланган азот билан кислород ўртасидаги нисбат, асосан, ўзгармасдир. Лекин карбонат ангидриди, озон ва сув буғлари миқдори минтақавий ва даврий равишда ўзгариб туради.
Азот атмосферада эркин ҳолда бўлиб, унинг умумий массаси 400 триллион тоннага тенг, яъни у ҳаво таркибининг 3/4 қисмини ташкил қилади. Бундан ташқари азот тупроқда микроорганизмларнинг фаолияти натижасида ўсимлик ва ҳайвон қолдиқларининг парчаланиши жараёнида ҳам ҳосил бўлади. Азот, гарчи лотинча «ҳаётсиз» деган таржимани берсада, у аслида тирикликнинг пойдевори ҳисобланади, чунки у оқсил ва нуклеин кислоталарининг асосини ташкил қилади. Атмосферадаги эркин азот кислороднинг оксидлаш жараёнини тезлаштиради ва бу билан у биологик жараёнларнинг амалга ошишида фаол қатнашади. Моддаларнинг биологик айланиб юриши жараёнида бу газнинг табиий мувозанати тикланиб туради. Лекин кейинги йилларда кимёвий ўғитлар ишлаб чиқариш мақсадида атмосферадаги эркин азотдан тобора кўп фойдаланилмокда. 1960–61 йилларда бу мақсад учун атмосферадан 13,6 млн.тонна азот ажратиб олинган бўлса, 1970–71 йилларда бу миқдор 39 млн. тоннага етди. Ҳаводаги азот гази ўзлаштирилишининг бундай суръатлар билан давом этиши натижасида келажакда унинг саноатдаги сарфи миқдори бактериялар фаолиятидан ажралиб чиқадиган миқдордан ошиб кетишига олиб келиши мумкин. Бу эса ўз навбатида биологик жараёнлар учун зарур бўлган оксидланишни секинлаштириши мумкин.
Кислороднинг атмосферадаги миқдори 120 триллион тоннага тенг. Одам организмининг 65% ни кислород ташкил қилади. Кислороднинг пайдо бўлиши ерда яшил ўсимликларнинг пайдо бўлиши билан боғлиқ. Каттаю-кичик яшил ўсимликлар, шу жумладан микроскопик яшил сув ўтлари ҳам фотосинтез жараёнида кислород ажратиб чиқаради. Ҳавода кислороднинг бўлиши нафас олиш, чириш ва ёниш жараёнларининг зарурий шартидир. Моддаларнинг кислород билан бирлашуви оксидланиш реакцияси дейилади. Ҳужайрадаги озиқ моддаларининг кислород билан оксидланиши натижасида организмнинг ҳаёт кечириши учун зарур бўлган энергия ажралади. Бинобарин бу энергиясиз тирик организм яшайолмайди. Инсон ва ҳайвонлар нафас билан кислородни олиб, карбонат ангидридини чиқарадилар; ўсимликлар эса озиқланиш жараёнида карбонат ангидридини парчалаб, кислород ажратиб чиқарадилар. Бундан ташқари ўсимликлар ҳам нафас оладилар. Бу жараёнда улар ҳам, барча тирик организмлар сингари, кислородни олиб, карбонат ангидридиини чиқарадилар.
Эркин кислороднинг ягона манбаи фотосинтез жараёнидир. Чириш, нафас олиш, карбонатлар ҳосил бўлиб туриши сабабли атмосферада кислород баланси, асосан, ўзгармайди. Лекин жамиятнинг ривожланиши, техника воситаларининг кўпайиши ва такомиллашиши унинг балансига маълум миқдорда таъсир ўтказмоқда. Маълумотларга кўра кейинги юз йил давомида Ер юзидаги ўрмонларнинг учдан икки қисми кесилиб кетди, океан сувларининг ифлосланиши оқибатда ундаги яшил сув ўтларининг нобуд бўлиши ҳодисалари кўпайди. Ҳолбуки атмосферага чиқариладиган кислороднинг тенг ярмини ана шу сув ўтлари, қолган ярмини ўрмонлар ва ўт-ўланлар ишлаб чиқаради. Масаланинг иккинчи томони – кислород сарфининг ошганлигида. ЮНЕСКО маълумотларига кўра атмосферадаги кислород заҳираси 48 млрд. одамнинг ҳаёти учун етарли. Лекин саноат ва транспортнинг ўсиши кислород сарфини тобора кўпайтирмокда. Енгил автомобиль минг км. юрганида бир кишининг бир йилда оладиган кислородини куйдиради. Самолёт бир соат учганида 180 минг кишининг бир соатда оладиган кислородини куйдиради. Ҳозирги кунда дунёдаги мавжуд автомобиллар сони қарийб ярим миллиардга етган бўлиб, улар йилида 1,5 млрд. одамнинг ҳаётига етадиган миқдордаги кислородни куйдиради. Ф.Ф. Давитая (1972) маълумотига кўра кишилик жамияти тарихида ёниш жараёнига жами 273 млрд. тонна кислород сарфланган бўлса, шундан 246 млрд. тоннаси 1920 – 1969 йиллар давомидаги ярим асрга тўғри келади. Ҳисоб-китобларга кўра ҳозирги вақтда ҳаводаги жами кислороднинг 23% нафас олиш жараёнига, ундан 15 баравар кўпи эса техносфера эхтиёжларига сарфланаяпти.
Юқоридаги келтирилганлардан кўриниб турибдики, кейинги пайтларда кислород ҳосил бўлиши ва сарфланиши ўртасидаги мувозанат бўзилган бўлиб, унинг сарфи ҳосил бўлишидан кўра тезлашган. Кишилик жамиятининг фаолияти давомида Ер юзида кислород заҳираси 273 млрд. тонна (0,02%) га камайди. Бу кўрсаткич гарчи катта бўлмасада, лекин инсонни ўзининг келажаги учун эхтиёткорликка чорлайди.
Do'stlaringiz bilan baham: |