Ризоктониоз. Қўзғатувчи организм Tbanatepborus cucumeris базидиомицетлар синфига оид замбуруғ бўлиб, тупроқда вегетатив Rhizoctonia solani шаклида, одатда ўсимлик қолдиқларида сапрофит сифатида яшайди, аммо касалликка мойил ўсимлик турларининг илдизлари зарарланган тупроқ зонасига кирганда, замбуруғ кучли паразитга айланади.
Rhizoctonia solani битта ўзи, ёки бошқа патоген замбуруғлар билан бирга ниҳол касалликларини барча хилларини қўзғата олади. Замбуруғ экилган чигитни чиритиши ва ниҳолларни тупроқ юзасига чиқишидан олдин ёки кейин касаллантириши мумкин. Салқин об ҳаво туфайли ниҳоллар ўсиши секинлашган ёки тўхтаб турган пайтда зарарланиши кучаяди. Аммо Pythium ultimum туридан фарқли ўлароқ Rhizoctonia solani ҳаво исигандан сўнг ҳам айниқса, тупроқ паразит билан кучли зарарланган ҳолда ниҳолларни шикастлашни давом эттираверади. Замбуруғ билан зарарланган ўсимлик қолдиқлари далага ишловлар бериш пайтида кенгроқ жойларга тарқалади ва оқибатда паразит билан ниҳолларнинг учрашиш эҳтимоли ошиши мумкин. Паразит гифалар ёрдамида, одатда чин барглар чиққунига қадар, ниҳол уруғпалла, гипокотиль ва илдизнинг юмшоқ тўқималарига эпидермисни тешиб киради ва кейинги икки органда ботиқ қўнғир қизғиш-қўнғир, кейинчалик тўқ-қўнғир, узунлиги 1-2 мм дан бир неча см гача бўлган доғлар ҳосил қилади. Бу доғлар ва яраларда ривожланган сарғиш-қўнғир гифалар ёрдамида замбуруғ ниҳолни ички тўқималарига ўтиб, уларни чиритади. Ниҳол поясининг тупроқ юзасига яқин қисми нозиклашиб ҳалқасимон яра билан қопланиши, Rhizoctonia solani замбуруғи учун хос характерли белги бўлиб ҳисобланади, аммо бундай зарарланишнинг сабабчиси Thielaviopsis basicola, Pythium ultimum, ва Fusarium spp., замбуруғлари ҳам бўлиши мумкин. (Garber ва бошқ. 1996).
Замбуруғ ўзидан чиқарадиган оксалат ва бошқа органик кислоталар билан тўқима ҳужайраларини ўлдиради, целлюлоза ва пектиназа ферментлари ёрдамида ҳужайра деворчаларини емиради, тўқимадаги озиқа моддаларини ўзлаштиради, тез ўсади ва унинг гифаларида узоқ вақт сақланишга мўлжалланган, йўғон, тўқ қўнғир склероцийлар ривожланади. Вақт ўтиши билан склероцийлар қора тусга киради ва ўлчами 1 мм ёки каттароқ диаметрга етади. Бу йўғон ҳужайра ва склероцийлар тупроқда, ўсимлик қолдиқларида, касалликка мойил хўжайин экинни тўқималари яна пайдо бўлгунча сақланаверади. Агар ниҳолнинг касалланган тўқимаси лабораторияда қулай ҳароратда қолдирилса, унинг усти сарғиш-қўнғир гифалар билан қопланади ва замбуруғ Rhizoctonia solani тури эканлиги микроскопда осон аниқланади. Бу замбуруғнинг асосий зарари – далада ниҳолларни чиритиб, уларнинг сонини камайтириб юборишидадир. АҚШда ўтказилган тажрибаларнинг кўрсатишича, баъзи далаларда ниҳоллар сони Rhizoctonia solani таъсиридан 50 % гача камаяр экан (Presley, 1972).
Замбуруғ ғўзадан бошқа ҳар хил сабзавот, техник ва бошоқли экинларни ҳам касаллантиради, аммо бир экиндаги популяция иккинчи экин учун безарар; мисол учун далада картошкада ривожланган склероцийлар бошқа экинларни касаллантирмайди. Бир экин тури далада узоқ йиллар мобайнида ўстирилганда, тупроқда ўша экинни жуда кучли зарарлайдиган популяция тўпланиб, йилдан-йилга кўпайиб бориши аниқланган (Davis ва б.қ. 1981).
Ризоктониоз бутун дунёда, ғўзада айниқса Хитой, Миср, Ҳиндистон, АҚШ ва бошқа мамлакатларда кенг тарқалган, Марказий Осиёда ҳам барча ерларда, кўпроқ марказий ва шимолий минтақаларда учрайди (Расулев, 1981).
1969 йили Фарғона вилоятида янги униб чиққан ниҳолларда ва Андижон вилоятида ўсимликлар 3-4 чин барг чиқариш фазасида касаллик кучли ривожлангани тўғрисида хабар қилинган (Степанова, 1972).
1998-1999 йилларда Сурхондарё вилоятидаги 4 та туман далаларидан олинган касалланган ғўза ниҳоллари лаборатория шароитида текширилганда Rhizoctonia solani замбуруғи тарқалиши бўйича 2-ўринда бўлиб, таҳлилдаги 14 намунадан 7 тасида топилган; ҳар бир намунадаги ниҳол органларининг 20,7 – 46,7 фоизидан замбуруғ ажратиб олинган.
Қора илдиз чириш. Thielaviopsis basicola номли дейтеромицетлар синфига оид замбуруғ қўзғатадиган касаллик бўлиб, асосий аломати – ўрта ва ингичка толали ғўза ниҳолларининг илдизларида пўстлоқ (қобиқ) чириши, касалликнинг кам учрайдиган шакли эса – ингичка толали ғўза кўсаклари очила бошлаган даврдан эътиборан (август-сентябр) илдиз бўйинчаси (айниқса, унинг ички қисми) чириши ва ўсимлик сўлиши билан таърифланади.
Замбуруғ ниҳол илдиз тармоғининг ва поянинг тупроқ сатҳидан пастки қисмидан пўстлоқ ва пўстлоқнинг устки пардаси (эпидермиси) тўқималарига кириб зарарлайди; зарарланган тўқималар қорайиб кетади. Замбуруғ кам ҳолларда илдизнинг ички қисмлари (эндодермис, ўтказувчи томирлар тармоғи ва уни ҳимояловчи тўқималар) га ўтиб зарарлаши, бунда касалланган ниҳол илдизи пўстлоғини қўл билан осон сидириб олиш мумкинлиги ва илдизнинг ички қисмлари зарарланмаганлигини кўриш мумкин. Одатда касалланган ниҳолнинг ўқ илдизи соғлом ўсимликникига нисбатан анча нозиклашади. Касаллик кучли ривожланганда, ниҳолларнинг ўсиши жуда секинлашади, бўйи паст бўлиб қолади ва уларни тупроқдан осон суғуриб олиш мумкин бўлади. Қора илдиз чириши ва бошқа ниҳол касалликлари қўзғатувчилари учун ҳароратнинг паст (4-15 0С) ва намликнинг юқори бўлиши (ёмғир) жуда қулайдир. Бундай шароитда кучли ёки жуда кучли зарарланиш кузатилади (Davis ва б.қ. 1996).
Касаллик ниҳолларда 2-4 ҳафта давом этгандан сўнг, ҳарорат 20-25 0С га кўтарилиши билан чириган пўстлоқ ва эпидермис тўқималарининг ўрнига пўстлоқнинг ички қисмларидан янги тўқима (перидерма) ўсиб чиқади. Чириган тўқималар 1-2 ҳафта ичида арчилиб, тушиб кетади ва ниҳол касал бўлганини аломатлари деярли қолмаслиги ҳам мумкин. Шунинг учун қора илдиз чириш касаллиги кўпинча униб чиққан ниҳоллар сонини камайтиради.
Қора илдиз чиришининг ёз ёкит кеч кузда ингичка толали ғўзада учрайдиган хили ниҳол касалланишининг давоми бўлиб у, баргларнинг поядан тушиб кетмасдан, поя ёш тўқималарининг бирдан сўлиши билан таърифланади. Бундай ўсимлик, худди яшин ургандек тўсатдан қуриб қолади. Касалликнинг яққол кўринадиган аломати – илдиз бўйинчаси ва унинг юқори томони (10-12 см баландликкача) жуда сезиларли даражада йўғонлашиб қўнғир ёки тўқ-қизғиш ранг олиши ҳисобланади. Thielaviopsis basicola ниҳолнинг тўқималарига киргандан сўнг 2-4 кун ичида илдизнинг устки қисмларида икки хил спора ҳосил қилади: фиалоконидия (эндоконидия) ва артроспора (хламидоспора). Фиалоконидиялар таги шиш ва устки қисми цилиндрсимон конидиофоралар ичида ривожланади. Улар цилиндр шаклида икки томони ҳам силлиқ, рангсиз бир ҳужайрали, ўлчамлари 8-20х4-6 мкм.
Артроспоралари қалин деворчали, тўқ-қўнғир, диск шаклида, занжирсимон. Ҳар бир занжир 4-8 та артроспорадан иборат, занжирнинг энг пастдаги спораси рангсиз. Занжирлар ўлчами24-55х8-16 мкм, алоҳида спораларники 10-17х5-8 мкм. Лабораторияда агарли озиқа муҳитларида замбуруғ колонияларининг ранги кул ранг.
Таҳлиллар шуни кўрсатадики, қора илдиз чириш касаллиги кенг тарқалиши учун шарт – тупроқда замбуруғ пропагулалари миқдори энг камида 50 ёки ундан кўпроқ бўлиши керак экан: АҚШ жанубий-ғарбий штатларининг ғўзада қора илдиз чириш кўп тарқалган далаларида замбуруғ пропагулаларининг миқдори 1 г тупроқда 50-750 тани ташкил этиши аниқланган (Davis ва б.қ. 1996).
Далаларда ўсаётган касалликка мойил хўжайин ўсимликларнинг йўқлигида замбуруғ артроспоралари «фунгистазис» ҳодисаси мавжудлиги туфайли, тупроқда ўсмасдан бир (Каримов, 1980) ёки кўп (Расулев, 1981) йиллар давомида сақланади. Касалликка чалинишга мойил экин тури (масалан ғўза) экилгач, ниҳоллар илдизларидан чиқарадиган органик моддалар фунгистазисни «бузади» ва замбуруғ споралари «уйғониб», ўсишни бошлайди ва ниҳолларни зарарлайди.
Do'stlaringiz bilan baham: |