Иқтисодий рента - чекланган ресурсдан фойдалангани учун тўланадиган нарх.
Капиталга даромад - бу фоиз дейилади. Амалда капиталга даромад икки хил бўлади. Агар капитал пул шаклида бўлса, пул берувчилар ссуда фоизи бўйича даромад олади. Агар капитал буюмлашган шаклда бўлса, у капиталга кўра умумий даромаддан улуш олади.
Реал фоиз ставкаси номинал ставкадан (пулда ифодаланган ставкадан) инфляция даражасини айрилганига тенг.
Тадбиркорлик даромади - бу ишлаб чиқариш ресурсларидан самарали фойдаланганлиги учун тадбиркор оладиган даромад.
Бозор иқтисодиётига асосланган давлатларда иқтисодиётнинг ноформал сектори, яъни яширин иқтисодий секторда (рус тилида теневая экономика) яширин даромад мавжуд бўлади.
Яширин даромад ҳам икки хил бўлади. Биринчиси - пора олиш (коррупция), гиёҳванд моддалар сотиш, контрабанда ва бошқа соҳалардан олинадиган яширин даромад. Иккинчиси - патентсиз ва лицензиясиз сотиш фаолияти билан шуғулланишдан тушадиган даромад ва солиқ хизматидан яширилган даромад.
Давлат ўзининг даромад сиёсатини амалга оширишда аҳолини турмуш даражасини ифодаловчи агрегат кўрсаткичлардан фойдаланади. Ана шундай кўрсаткичлардан бири - ялпи ички маҳсулотдир (ЯИМ).
ЯИМни аҳоли жон бошига ҳисоблагандаги кўрсаткич аҳолини турмуш даражасини ифодаловчи кўрсаткич бўлиб, у ҳар бир аҳоли жон бошига жами ишлаб чиқарилган (бир йил давомида) маҳсулотнинг қанча қисми тўғри келишини кўрсатади. Лекин, бундай тақсимланиш аҳоли даромадининг дифференциаллашганлигини (ҳар хил бўлишини) ифодаламайди.
Аҳолининг таркиби ҳар хил ижтимоий қатламлардан (ишчилар, қишлоқ хўжалигидаги ишловчилар, хизматчилар, тадбиркорлар, ўқитувчилар, медицина хизмати ходимлари ва ҳоказолар) иборат бўлгани учун ушбу гуруҳлардаги инсонларнинг даромадлари ҳам ҳар хил бўлади. Аҳоли даромадининг тақсимланиш динамикаси истеъмол бюджети орқали ўрганилади. Истеъмол бюджети ҳам турли хил бўлиши мумкин: ўртача оила бюджети, юқори даражада етарли бюджет (бунга энг юқори умумий даромад оладиган оилаларни киритиш мумкин), минимал бюджет. Минимал бюджетли оилага, оила аъзоларининг (бир йиллик ёки бир ойлик) умумий даромадлари минимал бўлган оилалар киритилади.
Аҳолини турмуш даражасини ифодалайдиган кўрсаткичлардан бири бу яшаш минимуми (прожиточный минимум). Яшаш минимумини сарфланган ишчи кучини оддий такрор тиклаш учун зарур бўлган даромад деб қараш мумкин. Яшаш минимумини минимал истеъмол корзинаси ҳам деб қаралиши мумкин. Яшаш минимуми аҳолини қашшоқлик чизиғи сифатида ҳам қараш мумкин. Яшаш минимумидан паст даромад оладиган аҳолининг қисми қанча кўп бўлса, аҳолининг қашшоқлик даражаси шунча юқори бўлади.
Турмуш даражасини ифодаловчи кўрсаткичлар истеъмол корзинасига кўра ҳисобланади. Ривожланган давлатларда ўртача даромад истеъмол корзинасига қуйидаги товарлар киритилади: уй-жой, автомобил, уйнинг замонавий жиҳозлари, аудио ва видео техника, саёҳат қилиш имконияти, болаларини кийинтириш, ўқитиш, илмий асосланган озиқ-овқат, кийим-кечак, маълум даражадаги жамғарма.
Одатда минимал истеъмол корзинага бошланғич эҳтиёжни қондирадиган товарлар киритилади (кийим-кечак, озиқ-овқат, минимал яшаш шароити).
Жамиятдаги барқарорлик ва аҳолининг умумий фаровонлиги кўпинча ушбу аҳоли таркибидаги ўртача синфдаги аҳолининг улуши билан ифодаланади деб қаралади. Ўртача синфдаги аҳолининг мамлакатни ҳозирги ҳам сиёсий, ҳам иқтисодий ҳаётидаги аҳамияти ниҳоятда каттадир. Бозор талабини шакллантиришда, ишлаб чиқаришдаги фаолликни таъминлаш ўрта синфга қарашли аҳолига кўпроқ боғлиқ.
Ривожланган давлатларда ўрта синфга қарашли аҳоли умумий аҳолининг 50 фоизидан 70 фоизигачасини ташкил қилади.
Юқорида ҳам таъкидлаб ўтдикки, бозор иқтисодиёти ўз-ўзидан жамиятдаги даромадларни текис тақсимлашни таъминламайди, шунинг учун ҳам бозор иқтисодиётига асосланган жамиятда ҳар доим ўта қашшоқ, бой ва ўта бой аҳоли гуруҳлари сақланиб қолади. Цивилизациялашган давлатлардаги иқтисодий сиёсат аҳоли даромадларидаги кескин равишда катта бўлган фарқларни қисқартиришга, даромадларни кўпроқ адолатли қайта тақсимлашга қаратилган. Ҳар бир цивилизациялашган давлат ногиронларни, нафақахўрларни, кўп болали оилаларни ижтимоий ҳимоя қилишни ўз бўйнига олиши зарур.
Do'stlaringiz bilan baham: |